Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:14

Сурия президенти мамлакат парламентида чиқиш қилди


3 июн куни Сурия парламентида чиқиш қилган президенти Башар Ал-Ассад мамлакат “хориждан дастакланаётган ҳақиқий урушга дуч келаётгани” айтди. Ал-Ассад Сурияда рўй бераётган исёнлар учун террорчиларни айблади.

Сурия Президентти Башар Ал-Ассад мамлакат парламентидаги нутқини шаҳид бўлган “тинч аҳоли ва ҳарбийлар”ни ёд этиш билан бошлади.

Ал-Ассад мамлакат “хориждан дастакланаётган ҳақиқий урушга дуч келаётгани”ни айтиб, “терроризм”га қарши курашда муроса қилмасликка ваъда берди.

Ал-Ассад Ҳаула шаҳрида юздан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилишига ҳукуматнинг даҳли йўқлигини таъкидлаб, фожиани “даҳшатли жиноят” деб атади.

- Хатто ёвуз одам биз Ҳаулада кўрган ишни қилишга қодир эмас. Ўтган даврда сурияликлар нималарни бошдан кечирганини таърифлаш учун бошқа тиллардаги каби араб тилида ҳам сўз йўқ. Буни эслашимиз умр бўйи қўрқинчли бўлади.

Ушбу бўҳрондан сабоқ олишни хоҳлаймиз. Аммо бу воқеалар билан боғлиқ ҳиссиётлар жамоатчилигимиз хотирасида сақланиб қолишини истамаймиз, дея баёнот берди Сурия президенти.

Башар Ал-Ассад истеълочилик давридан бери мамлакат ўта мураккаб вазиятни бошдан кечираётганини айтди.

Сурия президенти аввалги чиқишларидаги каби мамлакатда рўй бераётган исёнлар учун террорчиларни айблади.

У ишсиз сурияликларни пул эвазига ҳукуматга қарши намойишларда иштирок этганликда айблади.

Башар Ал-Ассад Ҳаула шаҳрида тинч аҳолидан 108 одам, жумладан, ўнлаб аёл ва болалар ўлдирилгани воқеасидан бир ҳафта ўтиб мамлакат парламентида нутқ сўзлади.

Суриядаги БМТ кузатувчилари Ҳауладаги қатлиомни ҳукумат тарафдори бўлган “Шабиҳа” жанггари гуруҳи амалга оширганига жиддий тахминлар борлигини билдирган.

Башар Ал-Ассад ҳукумат ҳомийлигида мамлакат ичидаги мухолифат билан сиёсий диалоглар давом этаётгани бироқ Дамашқ расмийлари сургундаги мухолифат аъзолари билан музокара олиб бормаслигини урғулади.

Айни пайтда, Сурия мухолифати якшанба куни президент Башар Ал-Ассад нутқ сўзлаётган пайтда Алеппо, Ҳомс ва Ҳама шаҳарларида беш киши ўлдирилганини иддао қилди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган суриялик инсон ҳуқуқлари фаоллари ташкилоти пойтахт Дамашқ ва Алеппо шаҳарларида портлашлар рўй берганини хабар қилди.

2011 йил март ойида президент Башар Ал-Ассад режимига қарши оммавий норозиликлар бошланганидан кейин Дамашқ ҳукумати аксар хорижий журналистларнинг мамлакатда эркин ҳаракат қилишини чеклаб қўйган.

Шу боис суриялик фаоллар тарқатган маълумотларни мустақил маъбалар тасдиқлаши қийин.
XS
SM
MD
LG