Линклар

Путин Тошкентга келди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў).

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў).

Россия президентлигига қайтганидан сўнг хорижга илк сафар бошлаган Владимир Путин¸ 4 июн куни бу сафар доирасида Ўзбекистон пойтахтига келди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ташриф чоғида икки давлат раҳбари Ўзбекистон-Россия ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, минтақавий ва халқаро вазиятга оид долзарб масалаларни муҳокама этиши кутилмоқда.

Кремл матбуот хизматига кўра эса, Тошкентдаги музокаралар икки мамлакат раҳбариятининг стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик алоқаларини ҳар томонлама кучайтириш йўналишини акс эттирувчи Россия-Ўзбекистон сиёсий мулоқотининг мантиқий давоми бўлади.

Тошкентдаги мулоқотда Каримов ва Путин, 15 май куни Москвадаги учрашув чоғида эришилган битимга мувофиқ, стратегик ҳамкорликни кучайтириш ҳақида декларация имзолаши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия 2004 йилнинг 16 июнида Стратегик ҳамкорлик тўғрисида, 2005 йилнинг 14 ноябрида эса Иттифоқчилик алоқалари тўғрисида шартномалар имзолаганди.

Россия ва Ўзбекистон президентлари бугун бўлиб ўтадиган мулоқоти чоғида, маълумотларга кўра, савдо-иқтисодий, хусусан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболларига алоҳида урғу берилиши кутилмоқда.

Бироқ кузатувчилар бу истаклар турмушга татбиқ этилишига шубҳа билан қарамоқдалар. Маълумки, постсовет ҳудудида биринчи галда иқтисодий интеграцияни яхши йўлга қўйиш ғоясини ташиётган Владимир Путин ўзбекистонлик ҳамкасбини МДҲ доирасида эркин иқтисодий ҳудудга қўшилишига умид қилмоқда.

Гарчи бугунги учрашув чоғида Ўзбекистоннинг эркин савдо ҳудудига қўшилиши тўғрисида икки давлат президентлари томонидан англашув меморандуми имзоланиши кутилаётган бўлса-да, кузатувчилар эркин бозор муносабатларини “унча хушламайдиган” Ислом Каримовнинг буни амалга оширишни пайсалга солиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Аслида Россия Ўзбекистоннинг энг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон МДҲ ҳудудида Россия учун товар айирбошлаш бўйича тўртинчи рақамли, Россия эса Ўзбекистон учун биринчи рақамли (26%), савдо ҳамкоридир. Ўзбекистонда 850 чоғли Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолият юритади, Россияда эса ўзбекистонликлар капитали билан 400 дан зиёд ширкат иш юритади.

2011 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ундан аввалги йилга нисбатан 15,1 фоизга ошиб, қарийб 4 миллиард долларни ташкил қилган.

Ўзбекистондан кейин Владимир Путин 5-6 кунлари Хитойга давлат ташрифи билан боради. Пекинда Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этади.

Россия президентининг Хитойдан қайтаётиб, 7 июн куни Қозоғистонда тўхтаб ўтиши айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG