Линклар

Самарқандлик талаба гаров пули учун ўлдирилди


Самарқандда ўлдирилгани тахмин этилаëтган талаба йигит жасади Иштихондан топилган.

Самарқандда ўлдирилгани тахмин этилаëтган талаба йигит жасади Иштихондан топилган.

Самарқанд Юридик коллежи талабаси 18 ёшли Ардашер Раҳматовнинг ўз домласи томонидан гаров пули ундириш мақсадида ўғирланиб, кейин ўлдирилгани айтилмоқда.

Қидирув


Ардашер Раҳматов жорий йилнинг 8 май куни йўқолгани ва унга нисбатан қидирув эълон қилингани ҳақидаги хабар дастлаб Самарқанд маҳаллий матбуотида пайдо бўлди.

Ардашернинг яқинлари, дўстлари ҳам Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали эълон бериб, уни қидиришди.

Самарқанд Юридик коллежи битирувчиси бўлган Ардашер Раҳматовни қидириш ишларига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қарийб бир ой сарфлади.

Йўқолган талаба яқинларидан бирининг, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми-шарифини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, Ардашер йўқолганидан 25 кун ўтиб, 1 июн куни топилган.

"Ардашер топилди. Бироқ унинг ўлиги топилди. Ўтган куни жанозаси бўлди. Бугун худойиси бўлаяпти"¸ деди Озодлик мухбири суҳбатлашган Ардашернинг яқинларидан бири.

Гаров учун талабани ўғирлаш


Ардашернинг яқин қариндоши бўлган мазкур манбанинг айтишича, дастлабки тахминларга кўра¸ Ардашерни коллеждаги домласи – 28 ëшлик Мансур исмли ўқитувчи йигит пул учун ўғирлаган.

"Мансур деган домла. Ардашернинг коллеждаги куратори бўлган. Икки талаба йигит билан Мансур домла Ардашерни 8 май куни ўғирлаган. Талабалар Ардашернинг курсдошлари бўлган. Ўша куни Ардашерни ўлдиришган. Уни роса уришган. Оғзини скоч билан боғлаб қўйишган. Пул учун қилган. деяпти. Лекин биз билмадик¸ ҳали тергов давом этаяпти"¸ дейди Ардашернинг қариндоши.

Ардашернинг ўлиги Самарқанднинг Иштихон туманидан топилган.

Буни Иштихон туман Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими ҳам тасдиқлади.

"Лекин воқеа Самарқанд шаҳрида бўлган. Терговни Самарқанд шаҳар прокуратураси олиб бораяпти" деди Иштихон ИИБ ходими.

Самарқанд шаҳар прокуратурасидан воқеа бўйича бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Қотилликни яширишга уриниш


Ардашернинг қариндоши бўлган манбага кўра, Ардашернинг ўлиги уни ўлдирган домланинг Иштихондаги уйи ҳовлисидан топилган.

"Мансур домла асли иштихонлик бўлиб, Самарқанд шаҳрида ижарага уй олиб яшаяпти экан. У Ардашерни ўғирлагач, уни шаҳардаги уйига олиб борган. Ўша ерда уни ўлдиргач, ўликни Иштихонда ота-онаси яшаётган уйга олиб борган ва уйнинг ҳовлисига кўмишган" дейди Ардашернинг яқин қариндоши Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Самарқанд ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин бўлган, бироқ ўзини таништиришни истамаган манбага кўра, Ардашер Раҳматов самарқандлик таниқли бизнесменлардан бирининг ўғли бўлган.

Манбага кўра, коллеж ўқитувчиси Ардашер Раҳматовни унинг отасидан гаров пули талаб қилиш мақсадида ўғирлаган, бироқ эҳтиётсизлик туфайли уни ўлдириб қўйган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG