Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:11

Путин Тошкентда йўл-йўлакай тўхтаб ўтди


Ислом Каримов таклифи билан Тошкентга келган Владимир Путиннинг ташрифи ярим кунга ҳам чўзилмади.
Ислом Каримов таклифи билан Тошкентга келган Владимир Путиннинг ташрифи ярим кунга ҳам чўзилмади.

Душанба куни Россия Президенти Владимир Путин Тошкентга келди. Президент Ислом Каримов билан учрашув натижасида икки томон ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштиришга оид ҳужжат ва Ўзбекистоннинг келгусида МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилиши туғрисидаги меморандум имзоланди. Ўтган йили, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркманистондан ташқари, МДҲнинг аксар мамлакатлари иштирокида тузилган Эркин савдо ҳудудига қўшилиш ниятини Каримов ўтган ойда Москвага қилган ташрифи чоғида билдирган эди. Лекин таҳлилчилар фикрича, бу ташаббус Тошкент раҳбарининг Россия ва Ғарб ўртасида мувозанатни сақлаш сиёсати доирасида қилаётган навбатдаги қадамидан бошқа нарса эмас.

Владимир Путин ва Ислом Каримов душанба кунги учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, МДҲ доирасидаги эркин савдо ҳудудига Ўзбекистоннинг қўшилишига оид масалаларни муҳокама қилади, дея баён қилди Путин ташрифи арафасида Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков.

Икки президент ўртасидаги музокаралар асосий қисмининг ёпиқ эшиклар ортида ўтказилишини айтган Ушаков Ўзбекистоннинг эркин савдо ҳудудига қўшилиши масаласини илк бор президент Ислом Каримов 15 май куни Владимир Путин билан учрашув чоғида кўтарганини эслатди.

“Президент Каримов ўз мамлакати мазкур шартномага қўшилишга тайёрлигини баён қилган эди. Бу жараён оддий эмас, чунки шартнома имзоланган, Ўзбекистон эса қўшилишдан олдин ўзи учун қандайдир шартларни келишиб олиши керак. Лекин энг асосийси, сиёсий сигнал юборилди. Бу сигнал амалга ошишига ёрдам беришни истаймиз”, деди Путин ёрдамчиси.

МДҲнинг Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома 2011 йил 18 октабр куни Ўзбекистон, Озарбайжондан ва Туркманистондан ташқари, ҳамдўстликнинг барча аъзолари томонидан имзоланган эди. Ўша пайтда бош вазир лавозимида бўлган Владимир Путин мезбонлигида ўтган МДҲ ҳукуматлари раислари йиғинида мазкур уч давлат шартномага қўшилиш масаласини 2011 йил охиригача ўрганиб кўриши айтилган эди.

Каримовнинг ўтган ойдаги МДҲ норасмий саммитида баён қилган таклифи, таҳлилчилар фикрича, Владимир Путиннинг Кремлга қайтиши ортидан Тошкент раҳбари ташқи сиёсатига хос бўлган қадамдир.

Профессор Юрий Фёдоров Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича қироллик институтининг Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчиси.

- Бу меморандум шунчаки савдо ҳудудига қўшилиш ниятлари борлигига оиддир, яъни у Ўзбекистон зиммасига ҳеч қандай юридик ёки бошқа масъулиятни юкламайди. Менимча бундай ҳужжатнинг имзоланиши, Ислом Каримов кўп йиллардан бери амалга ошириб келаётган сиёсат, яъни Ғарб, биринчи навбатда АҚШ ва Россия ўртасида мувозанатни сақлаш сиёсатини давом эттираётганига яна бир мисолдир. Ҳозирда Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари жонлашишида бироз тўхташ кузатилгани, яъни Тошкентнинг Вашингтон билан муносабатлар мустаҳкамланишига оид умидлари унчалик амалга ошмаётгани боис жаноб Каримов яна ўзига хос тарзда Москва томон бироз мулозамат кўрсатиб, америкаликларга “сен бўлмасанг, бошқаса” қабилидаги сигнални юбормоқчи, дейди Юрий Фёдоров.

Бу каби ҳужжатларнинг имзоланиши Тошкентдан кўра Москвага кўпроқ керак.
Юрий Фёдоров.
Бошқа томондан, дея давом этади таҳлилчи, Кремл МДҲ давлатлари билан турли шартномалар имзолаб, ўзини уларга мурувват қилаётгандек қилиб кўрсатиши, хусусан “Ўзбекистон Эркин савдо ҳудудига ўзи қўшилмоқчи, биз шунчаки уларга ёрдам бермоқчимиз” маъносидаги баёнотлари асл вазиятни акс эттирмайди.

- Ушаковнинг Ўзбекистон ўзи учун баъзи шартларни келишиб олиши керак, яъни бу Россиядан кўра Ўзбекистонга керак, қабилидаги баёноти Кремлнинг истакни ҳақиқат қилиб кўрсатишга уринишидир. Чунки мавжуд вазиятда Ўзбекистоннинг сиёсий манёвр қилишга имконияти бор. Россия, Путин иқтидорга қайтиб келганидан кейин, халқаро майдонда сиёсий бўҳронга юз тутмоқда. Ғарб билан муносабатлари жиддий тарзда ёмонлашди ва бу вазиятда Путин ташқи сиёсатда иттифоқчилари борлиги кўрсатишга уринмоқда. Ана шу маънода, менимча, бу каби ҳужжатларнинг имзоланиши Тошкентдан кўра Москвага кўпроқ керак, дейди Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институти профессори Юрий Фёдоров.

Владимир Путин Тошкентга Хитойга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига кетаётиб, йўл-йўлакай тўхтаб ўтди. Унинг Тошкент сафари ярим кунга ҳам чўзилмади.

5-6 июн кунлари президент Путиннинг Хитойга давлат ташрифи амалга ошади. 6-7 июн кунлари эса Пекинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади. Саммитда Ислом Каримов ҳам қатнашади.

Тошкентнинг Россия етакчилик қиладиган КХШТ ва ШҲТ каби тузилмалардаги иштироки номинал маъно касб этиб бораётгани 7-14 июн кунлари Тожикистонда ўтадиган ШҲТ ҳарбий машқларида Ўзбекистоннинг қатнашмаслиги ҳам кўрсатади, дейди таҳлилчилар.

Коллектив хавфсизлик шартномаси килоти ташдоирасида тузилган тезкор кучлар масаласида ҳам Ўзбекистон ўзининг “ўзгача фикри” борлигини айтиб бунга оид ҳужжатларни қабул қилмай келаётир.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG