Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:00

Ўш қирғинининг расмий тафсилотлари ёзилаяпти


Қирғизистон президенти кўрсатмаси билан қайта ёзилаётган Ўш қирғини хроникаси жамоатчиликдан сир тутилмоқда.

Расмий маълумотларда айтилишича, президент Алмазбек Атамбаев 2010 йилги Ўш қирғини тафсилотларини қайта ёзиб чиқиш борасида икки ой олдин кўрсатма берган. Аммо июн хроникасининг қайта ёзилиши жамоатчиликдан сир тутилгани туфайли бу ҳақда бугунга келибгина маълум қилинаяпти.

Бишкек расмийларига кўра, Ўш қирғини тафсилотларининг қайта ёзилишидан мақсад қирғин бошланишига қандай омиллар таъсир кўрсатганини, қирғиннинг олдини ола билмаган ҳукумат тузилмалари ва расмийларининг масъулиятини аниқлашдир.

-2010 йил воқеаларидан сўнг ҳар бир сиёсий куч воқеа тафсилотини ўз нуқтаи назари асосида таҳлил қилиб, ўз хроникасини тақдим этган. Шунинг учун ҳам июн воқеасининг икки йиллиги арафасида воқеанинг келиб чиқиш сабабларини ҳолис ва адолатли таҳлил қилиб, воқеа тафсилотини қайта ёзиб чиқишга эҳтиёж пайдо бўлди. Президентнинг кўрсатмаси билан июн воқеаларини ягона расмий хроникаси ишлаб чиқилаяпти, -деди Қирғизистон президенти матбуот котиби Қодир Тўктўгулов.

Расмийга кўра, шу кунгача Қирғизистонда Ўш қирғинининг келиб чиқиши борасида турли таҳминлар айтилган. Ўш қирғинини ўрганган бир қатор комиссиялар эса бир-бирига зид бўлган хулосаларни чиқарган ва қирғин тафсилотларини турлича ёритган. Шунинг учун ҳам Қирғизистонда Ўш қирғини тафсилотларидан ҳеч бирига ишонч йўқ.

Хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Мирослав Ниёзов икки йилдан бери ҳукумат Ўш қирғини тафсилотлари юзасидан расмий нуқтаи назарини эълон қилишдан қўрқиб келганини айтади. Унинг фикрича, айни пайтда ҳам қирғиз ҳукумати Ўш қирғини юзасидан бор ҳақиқатни айта олмайди.

- Ўш қирғини юзасидан бирорта комиссия ҳақиқатни айта олгани йўқ. Комиссиялар воқеа тафсилотларини ўзгартириб, бир тарафни ҳимоя қилиб хулосалар чиқаришган. “Аслида Ўш воқеаларидан мақсад Фарғона водийсидаги барқарорликни издан чиқариш эди”, деган хулосани айтишдан чўчиб келишди. Бу воқеа учинчи кучлар томонидан аввалдан тайёрлангани ҳақида бирорта комиссия индамади. Бундан ташқари Муваққат ҳукумат Ўш қирғини учун масъулиятни ўз зиммасига олиши керак эди. Аммо бугунги кунгача улар масъулиятдан қочишмоқда. Бундай шароитда воқеанинг чинаккам тафсилотлари очилмай қолаверади, -деди Мирослав Ниёзов.

Расмий маълумотларда айтилишича, Ўш қирғини тафсилотларини қайта ёзиш билан Ички ишлар вазирлиги, Миллий Хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура шуғулланмоқда. Улар "Ўшда миллатлараро вазият мураккаблашганига қарамай нега фавқулодда вазият эълон қилинмаган? Хавфсизлик ва ҳуқуқ- тартибот тузилмалари нега ўз вақтида чора кўрмаган?" каби саволларга жавоб изламоқда экан.

Ўш қирғинининг расмий тафсилотлари Қирғизистон Мудофаа кенгашида тасдиқланганидан сўнг жамоатчиликка эълон қилинади. Ҳозирча бу ахборот фуқаролардан сир тутилмоқда.
XS
SM
MD
LG