Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:24

Каримов Хитойга йўл олди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 5-6 июн кунлари Хитой Халқ Республикаси раиси Ху Цзинтао таклифига биноан Пекинга расмий ташриф билан боради.

“РИА Новости”нинг Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакили сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Хитой раҳбарияти билан учрашув чоғида Каримов ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, минтақавий ва халқаро миқёсдаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш кутилмоқда.

Ташриф якунида Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари икки мамлакат ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолаши кутилмоқда.

Шунингдек, томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармояга оид ва бошқа соҳаларда Тошкент ва Пекин ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашни кўзда тутган икки томонлама ҳужжатлар имзолаши айтилмоқда.

Ислом Каримовнинг Пекинга сафари олдидан апрел ва май ойларида Ўзбекистон ва Хитой ҳарбийлари учрашган, ўзаро ҳамкорлик йўлларини муҳокама қилган ва бу учрашув натижаларидан мамнун эканларини билдиргандилар.

Май ойи охирида эса Хитой инсон ҳуқуқлари ўрганиш жамияти раиси Ло Хаоцай Тошкентга келиб, Ўзбекистон парламенти, Омбудсмен идораси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази вакиллари билан учрашди. Бу учрашувларда икки давлатнинг ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон ва Хитойда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар ҳақида ўзаро илтифот алмашганлар ҳамда бу соҳада ўзаро тажриба алмашиш зарурлигини таъкидлаганлар.

Эскперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов фикрича, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича оғиз очмасликни маъқул кўрган Пекин расмий Тошкент учун анча қулай ҳамкор бўлиб ҳисобланади. Ўз навбатида, Тошкент позициясини акс эттирувчи нашрларда “инсон ҳуқуқлари соҳасида икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётган”и, “Ўзбекистон Тайван, Шинжон ва Тибет масалаларида Хитой позициясини қўллаши” урғуланади.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Хитой билан иқтисодий алоқалари йилдан йилга ривожланиб бораётгани кузатилади. Расмий маълумотларга кўра, 2011 йилда Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари ҳажми 4 миллиард доллардан ошиб кетган ва Тошкент учун биринчи рақамли сармоя киритувчи мамлакатга айланган. Савдо соҳасида ҳам Хитой Ўзбекистоннинг йирик ҳамкорлари учлигига киради. Хитой Ўзбекистоннинг асосий хом ашёларидан бири бўлган пахтани сотиб олади, кейинги йилдан бошлаб эса у ўзбек газини сотиб ола бошлаши айтилмоқда. Ўзбекистонда ишлаётган Хитой корхоналари асосан энергетика, транспорт ва коммуникация, машинасозлик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, молия жабҳаси, уран қазиб олиш ва уни қайта ишлаш соҳаларида фаолият юритмоқдалар.

Ислом Каримов Пекинга бўлган расмий ташрифидан сўнг 6-7 июн кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ишида ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG