Линклар

logo-print

НАТО Ўзбекистон билан транзит ҳақида келишиб олди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

НАТО Ўзбекистон билан Афғонистондаги ўн минглаб зирхли машина, контейнер ва қурол-яроқни мамлакат ҳудуди орқали олиб чиқишни кўзда тутувчи битим борасида келишган.

НАТО Афғонистондаги ҳарбий техникани Марказий Осиё ҳудуди орқали олиб чиқиш ҳақида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан келишган.

Бу ҳақда НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен душанба куни расман эълон қилди.

Шимолий Атлантика Ҳарбий Алянси Афғонистондаги қўшинлари ва ҳарбий техникасини шу йил охирларидан бошлаб олиб чиқа бошлайди.

Эришилган битимга мувофиқ, НАТО ўн минглаб зирхли машина, контейнер ва қурол-яроқни Афғонистондан Марказий Осиёнинг уч давлати ҳамда Россия орқали Европага етказа олади.

НАТО матбуот вакили Оана Лунжеску Озодликка буларни маълум қилди:

- Ҳозир биз Марказий Осиёдаги уч ҳамкоримиз - Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон билан келишувга эришдик. Ҳозир ушбу келишувнинг сўнгги жиҳатлари устида ишлаяпмиз ва бу ишлар сўнгги босқичда. Бу учта келишув бизга Афғонистондан ҳарбий жиҳозларни олиб чиқишимизга йўл очади. Бу учала давлатга дастак учун ташкилотимиз раҳбари миннатдорчилик билдирган. НАТО Афғонистоннинг қўшнилари билан бу мамлакатлар барқарорлигини таъминлаш йўлида ишларни давом эттиради - деди НАТО матбуот вакили.

Аввалроқ, Шимолий Атлантика Ҳарбий Алянси Россия билан ҳам бу борада келишган эди.

Афғонистонда НАТО етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар 2014 йил охиригача якун топиши айтилган.

Ўз ҳарбий техникасини Покистон орқали олиб чиқиш НАТОга анча арзонроқ ва қулай. Лекин, Исломобод ҳукумати Афғонистондаги АҚШ қўшинларининг Покистон ҳудудини пилотсиз учқичлар ёрдамида ўққа тутгани сабабидан жанубий таъминот йўлини ёпиб қўйган, транзит масаласида НАТОга Покистон ҳудудидан фойдаланишни ҳам тақиқлаб қўйган.

Ўтган ой Чикагода ўтган НАТО саммитида жанубий транзит йўлини очиш борасида Покистон билан келишувга эришилмади.

Ўшанда НАТО раҳбари масала ечими яқин фурсатда топилади, деб умид билдирган эди.

Покистон билан юзага келган чигалликлар оҳири НАТО раҳбариятини Марказий Осиё ва Россия орқали ўтадиган шимолий таъминот йўлига юз буришга мажбур қилган.

НАТО раҳбарияти, айни пайтда минтқадаги давлатларга Шимолий таъминот тармоғидаги иштироки учун қанча тўланишини очиқламади.

- Табиийки эришилган бу битим иштирокчи мамлакатларнинг ҳам манфаатларини қониқтиради,- дея таъкидлаган Андерс Фог Расмуссен.

Ўтган йил жаноб Расмуссен Брюсселда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашар экан транзит масаласи билан бир қаторда, инсон ҳуқуқлари мавзусини ҳам кўтаражагини ваъда қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG