Линклар

logo-print

Қозоғистонда ҳалок бўлган чегарачиларга аза тутилмоқда


Қозоғистон-Хитой чегараси (иллюстратив фотосурат).

Қозоғистон-Хитой чегараси (иллюстратив фотосурат).

Бугун Қозоғистонда Олмаота вилоятида 14 чегарачи ва ўрмон қўриқчининг ўлими муносабати билан мотам куни эълон қилинган.

Мотам муносабати билан мамлакатда барча маъмурий идоралар устидаги байроқлар тушириб қўйилган.

Ўтган ҳафта қозоқ-хитой чегараси олдида ўрнатилган “Арқанкерген” чегара заставасида 14 чегарачининг жасади топилганди.

Мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев мазкур заставада содир бўлган воқеани террорчилик ҳуружи, деб атаган.

Бу орада, Қозоғистон ахборот агентликлари хабарига кўра, “Арқанкерген” заставасида хизмат қилган 15-чегарачи тирик ҳолда топилган.

Tengrinews.kz манбасига кўра, у ёниб кетган ва айни пайтда тергов гуруҳи ишлаётган чегара маскани олдига ўзи келган. Муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган бу аскарнинг руҳий ҳолати ўта ёмон экани айтилмоқда.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Қалмуханбет Қасимов эса 15-чегарачи ўз оёғи билан келмаганини таъкидлаяпти.

- Кеча кечқурун қишловхоналардан бирида 15-чегарачи қўлга олинди, у фуқаролик кийимида эди. У сўроқ қилинди, - дер экан вазир Қасимов тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда аскарнинг қўлга олиниши билан боғлиқ барча тафсилотларни очиқлолмаслигини билдирди.

Ички ишлар вазирига кўра, ушланган чегарачи ёнидан чегара заставаси командирининг тўппончаси чиққан.

- У ўша куни навбатчи бўлган экан, ҳозир у барчасига бир бошдан изоҳ бераяпти, - деди Қозоғистон Ички ишлар вазири Қалмуханбет Қасимов.

Мазкур ҳодиса юзасидан бошқа тафсилотларни Қозоғистон расмийлари яқин кунларда очиқлашга ваъда қилмоқдалар.

Президент Нурсултон Назарбоев “Арқанкерген” чегара заставасида ҳалок бўлган чегарачиларнинг оила аъзоларига молиявий кўрсатиш ҳақида топшириқ берган.

Маълумотларга кўра, улардан айримларининг оилаларига 500 минг тангадан (3 минг доллардан кўпроқ) ёрдам пули тарқатилган. Бу пуллар фақат бошланғич ёрдам экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG