Линклар

2 июн куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туман хокими 63 ёшли Ўктам Хидиров коррупцион жиноятларда айбланиб ҳибсга олинди.

Шаҳрисабз туманига саккиз йилдан буён ҳокимлик қилиб келган Ўктам Хидиров жорий йилнинг 2 июн куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида лавозимидан четлатилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Шаҳрисабз расмий идораларидан биридаги ишончли манбага кўра, сессия тугагач Ўктам Хидиров Қашқадарё вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Хидировнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазиятни ўрганаётган “Эзгулик” жамияти фаоли Ҳасан Чориевнинг Озодликка айтишича, Қашқадарё вилоят ҳокими Туробжон Жўраев Шаҳрисабз тумани сессиясида қатнашиб, Ўктам Хидировга чопон ва дўппи кийдириб, пенсияга кузатган, лекин сессия тугаши билан Хидиров ҳибсга олинган.

- Ўктам Хидиров 62 ëшга киргани муносабати билан вилоят ҳокими уни ўз аризасига биноан деб, қалпоқ ва чопон кийдириб яхшилаб, чиройли қилиб, мажлис ўтказган. Мажлисдан чиққандан кейин Хидиров бу эшикдан чиқишида қўлига кишан солиб қамоққа олибди,- дейди Ҳасан Чориев.

Шаҳрисабз Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Ўктам Хидировнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади. Унга кўра, Хидировга очилган жиноий иш билан Қашқадарё вилоят прокуратураси шуғулланмоқда.

Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг маъсул ходими Ўктам Хидировнинг ишдан бўшатилганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, Хидиров шаънига мақтовлар айтилиб, пенсияга кузатилган.

Бироқ ҳокимлик вакили Хидировнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритишни истамади.

Ҳасан Чориевга кўра, Ўктам Хидиров ҳозирда Қашқадарё вилоят прокуратурасининг тергов изоляторида ҳибсда ушлаб турилибди.

Прокуратура Хидировни коррупцион жиноятларда айблаб, жиноий иш қўзғатгани айтилмоқда.

- Шаҳрисабзда катта бозор бор. Бозор орқасидаги маҳаллага бозорни кўчиришга тўғри келади. Тартибга солиш учун янги бозор қилишмоқчи бўлишган. Шу билан бозорчилар шаҳар ҳокими Ўктам Хидировга 30 минг доллар йиғиб беради. Шу билан кейин вилоят ҳокими келиб кўчинглар деса, бозорчилар “Кўчмаймиз. Мана туман ҳокиминг 30 минг доллар олиб кетдику. Ë сен ҳам олмоқчимисан”, деб ҳокимга гапиришган. Шундан кейин Хидировга жиноий иш очилган,- дейди Ҳасан Чориев.

Шаҳрисабз туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Хидировнинг ўрнига вилоят ҳокимлигида бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келган Фаҳриддин Норов тайинланган.

Бироқ ҳозирда Норов Шаҳрисабз тумани ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритаяпти.

Шаҳрисабз туманига 2005 йилдан буён ҳокимлик қилиб келган 63 ёшли Ўктам Хидиров 2003 йилга қадар Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлигида бир қанча лавозимларда ишлаган.

Хидиров 2003-2005 йилларда Китоб туманини бошқарган, 2005 йилда эса шахсан президент Ислом Каримовнинг тавсияси билан Шаҳрисабз тумани ҳокими этиб тайинланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG