Линклар

Булунғурдаги қотиллик буюртма бўлган


Ўлдирилган келинчак ва боласининг жасадлари, улар яшаган ҳовли ҳожатхонасидан топилди.

Ўлдирилган келинчак ва боласининг жасадлари, улар яшаган ҳовли ҳожатхонасидан топилди.

Самарқанднинг Булунғур туман маркази Дўстлик маҳалласида яшаган 22 ёшли келинчак ва унинг бир ёшли ўғлининг жасади ҳожатхонадан топилди. Ушбу қотиллик келинчакнинг кундоши томонидан буюртма қилингани айтилмоқда.

Ҳожатхонадан топилган икки мурда

Ушбу қотиллик ҳақида Озодликка 22 ёшли келинчак ва унинг бир ёшли ўғлининг жанозасида қатнашган булунғурликлардан бири маълум қилди.

Исми шарифини ошкор қилмаётганимиз ушбу манбанинг айтишича, Булунғур туман марказидаги Дўстлик маҳалласи Фурқат кўчасида яшаган 22 ёшли келинчак ва унинг 1 ёшли гўдагининг жасади 29 май куни келинчак яшаган ҳовлининг ҳожатхонасидан топилган.

- Болани ҳам, келинни ҳам ўлдирган. Бўғиб ўлдирибди. Иккаласини бўғиб ўлдириб туалетга ташлаб юборибди. Қўшни болалар бориб кўриб қолган. Ўликлар туалетда чиқиб қолганда. Ҳовлидаги туалетга ташлаб юборганда. Биласизку болалар синчков бўлади. Қараса чиқиб турибди. Одам ўлгандан кейин сувнинг бетига чиқадию. Бетига чиқиб қолган. Шундан болалар кўриб қолган,- деди суҳбатдошимиз.

Булунғур туман Ички ишлар бўлими ва туман прокуратураси маъсуллари Фурқат кўчасида яшаган 22 ёшли келинчак ва унинг гўдаги ўлиги ҳожатхонадан топилганини тасдиқлади.

Булунғур ИИБдан олинган маълумотга кўра, қотиллик жасадлар топилишидан бир неча кун аввал содир этилгани аниқланган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг уч кунлик тергов-суриштируви натижасида қотилликда гумон қилинаётганлар аниқланган.

Бироқ Булунғур туман ИИБ ва туман прокуратураси маъсуллари тергов-суриштирув ишлари давом этаётгани боис келинчакнинг шахси ва қотиллик мотивларини очиқлаш имкони йўқлигини айтишди.

Кундош томонидан буюртма қилинган қотиллик

Булунғурлик суҳбатдошимизнинг айтишича, қотиллик келинчакнинг кундоши томонидан содир этилгани тўғрисидаги тахминлар бор.

- Булар иккита кундош хотин. Биринчи хотини иккита боласи билан ажралиб кетган Жиззахда яшайди. Булунғурда яшаëтган иккинчи хотинининг бир яшар боласи бор. Эри яқинда бир ой бўлади Россияга кетган ишга. Жиззахдаги хотини буюртма беради нукуслик иккита йигитга. 2000 доллар бериб, кундошини ўлдириб берасан, дейди. Бу иккита йигит бир яшар боласи билан хотинни ўлдириб, туалетга ташлаб юборади. Жиззахдаги хотини ва нукуслик икки йигит ҳам ҳибсга олинган,- дейди булунғурлик манба.

Унинг айтишича, Булунғурда 22 ёшли келинчак яшаётган ҳовли икки кундош ўртасида можарога сабаб бўлиб келган ва айни уй тортишуви боис жиззахлик кундош қотилликка буюртма берган.

Озодлик мухбири 5 июн куни кечки соат 6 дан кейин Булунғурдаги Дўстлик маҳалла фаоллари билан боғланганида, улар Булунғур туман прокуратурасида айни қотиллик бўйича кўрсатма бераётганликларини айтишди.

Суҳбатлашганимиз ва исмини ошкор қилмаётганимиз маҳалла фаолига кўра, қотилликни содир этган шахсларнинг барчаси ҳибсга олинган.

Маҳалла фаолининг айтишича, марҳум келинчакнинг Россияда мардикорлик қилаётган эри Булунғурга етиб келган ва у ҳам прокуратурага кўрсатма бериш учун чақиртирилган.

Озодлик Булунғурдаги мазкур қотиллик тафсилотларини ўрганишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG