Линклар

Афғонистонда ўсмир қиз полиция томонидан зўрланди


Ўтган йили Афғонистонда ўз эри яқинлари томонидан зўрланиб, қийноққа солинган Саҳаргул воқеаси кўпчиликни даҳшатга солган эди.

Ўтган йили Афғонистонда ўз эри яқинлари томонидан зўрланиб, қийноққа солинган Саҳаргул воқеаси кўпчиликни даҳшатга солган эди.

Афғонистоннинг Қундуз вилоятида яшовчи ўсмир қиз маҳаллий полиция уни ўғирлаб кетиб, зўрлаганини иддао қилгач, бу ишга шахсан президент Ҳамид Карзайнинг ўзи аралашди. Бироқ президент мазкур полиция бўлими ходимларини ишдан четлатиб, қуролларини олиб қўйишни буюргани билан қизалоқнинг хавфсизлиги таъминланиши масаласи савол остида қолмоқда. Қундуз вилоятида марказий ҳокимият нуфузи ўта чекланган минтақалардан бири ҳисобланади.

17 май куни эрта тонгда, Қундуздаги қишлоқлардан биридаги хонадонга бир гуруҳ қуролли кишилар бостириб кириб, 13 яшар Лал Бибини ўғирлаб кетади.

Биби ўзини ўғирлаб кетганлардан бирига мажбурлаб эрга берилади ва беш кун давомида қоронғу хонада қийноққа солинади, калтакланади ва зўрланади. Орадан бир ҳафта ўтиб эса, тинкаси қуриган Бибини уйининг олдига ташлаб кетишади.

Бибининг онаси, у ўз исмини айтишни истамади, қизини ўғирлаб кетганлар маҳаллий полиция ходимлари эканини айтади. Бу аёл, уйларига бостириб кирган кишилар ўзи ва эрини қурол ўқталиб, ерга ётқизиб қўйиб, Бибини судраб олиб чиқиб кетганини эслайди.

- Маҳаллий полиция уйимга қурол билан бостириб келиб, уйни қуршаб олди. Полиция бошлиғининг буйруғи билан улар қизимни судраб олиб чиқиб, машинага солиб олиб кетишди, дейди Бибининг онаси.

Ҳозирда маҳаллий шифохонада даволанаётган 13 яшар қизалоқ ўз бошига тушган кўргиликлар, амакиваччаси маҳаллий полиция ходими қизини зўрлаб қўйганидан кейин бошланганини айтади. Амакиваччаси қочиб кетгач, Биби қасос нишонига айланади.

Афғонистонда қабилалар орасида бундай ҳолларда жабрланувчи оиласига бадал сифатида қорамол, пул ёки зўралаган кишининг яқинлари орасидан бир қизни келин қилиб бериш таклиф қилинади. Бадал рад қилингач эса, Бибининг айтишича, жинсий тажовузга учраган қизнинг отаси ва яқинлари, жумладан, маҳаллий жанггарилар етакчиси 17 май куни уни ўғирлаб кетишади.

Афғонистонда жинсий зўрланиш ўлимга ҳукм қилиниш билан баробардир, дейди Биби. Оила шаънини тиклаш учун баъзи оилалар жинсий тажовузга учраган қизларини ўлдиришади.

Расмийлар жиноятчиларни жазолай олмаса, оиламизнинг бошқа иложи қолмайди, дейди Биби.

- Улар мени зўрлаб олиб кетишди. Агар менга адолат қилинса, яхши, акс ҳолда ўзимни ўт қўйиб, ўлдираман, дейди қизалоқ.

Бибининг онаси ҳам ҳукумат адолат ўрната олмаса, бунга норозилик ўлароқ Бибини ўлдириш билан таҳдид қилмоқда.

- Адолат қарор топмаса, қизимнинг қони сизнинг виждонингизга ҳавола бўлади. Қизимни ё сиз ёқиб ўлдирасиз, ё мен ўзим адолат қарор топиши учун унинг устидан бензин қуйиб, ёқиб юбораман.

Қундуз вилояти прокурори Муҳаммад Шариф Сафий ўндан ортиқ киши, жумладан Бибининг амакиваччаси Муҳаммад Исоҳ, қизи зўралангани учун Бибига жинсий тажвоуз қилган Худодод, унинг акаси Сахийдод ва маҳаллий полиция бошлиғи Муҳаммад Низомийни қамоққа олиш тўғрисида буйруқ берилганини маълум қилди. Ҳозирда уларнинг икки нафари қўлга олинганини айтган прокурор, уларнинг имсларини очиқламади.

Унинг айтишича, Бибини ўғирлаб, қийноққа солганликда гумонланаётганларнинг барчаси Афғон маҳаллий полицияси вакилларидир. Ҳукумат томонидан молияланадиган бу тузилма минтақаларда хавфсизликни таъминлаши кўзда тутилган.

Биби бошдан кечирган кўргиликлар бутун мамлакат бўйлаб шов-шувга сабаб бўлди ва президент Ҳамид Карзай бу ишга шахсан аралашишига тўғри келди. 3 июн куни Афғонистон хавфсизлик кенгаши йиғинида Карзай мамлакат ички ишлар вазирига жиноят ортида турганларни ҳибсга олиш ва Қундуздаги полиция бўлими ходимларидан қуролларини олиб қўйишни буюрди.

Лекин Карзайнинг буйруғи жинсий тажовуз қурбонининг хавфсизлиги ва адолат қарор топишини кафолатлай оладими, йўқми – бу савол очиқ қолмоқда. Афғонистон митақаларининг кўпчилигида хавфсизлик маҳаллий полиция кучлари томонидан таъминланади ва марказий ҳокимият назорати ўта чеклангандир.

Афғонистонлик сиёсий таҳлилчи Нажиб Муҳаммад минтақалардаги маҳаллий полиция кучлари одатан марказий ҳокимиятдан мустақил бўлган маҳаллий қўмондонлар назоратида бўлиб, Кобул ҳукуматини унчалик писанд қилмайди, дейди.

- Қишлоқларда маҳаллий етакчилар ва муллаларнинг нуфузи жуда баланддир. Жанггари қўрбошилар ва аввалги урушларда жанг қилган гуруҳларга алоқадор кишилар қишлоқларни назорат қилишда давом этмоқда. Қуролланган гуруҳлар уларнинг нуфузи остида қолмоқда. Кўриб турганингиздек, улар истаганини қилиши мумкин, дейди таҳлилчи Нажиб Муҳаммад.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG