Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:15

“Новости Узбекистана” маҳкамага тортилди


“Новости Узбекистана” газетаси Ўзбекистон экологик ҳаракатини танқид қилгани учун судга тортилди. Бу ҳақда газета 4 июн куни хабар тарқатган.

Тошкент шаҳар хўжалик суди судяси М. Қаландарова таҳририят зиммасига раддия чоп этиш ва маҳкама харажатларини тўлаш мажбуриятини юклаган.

Газетанинг 2011 йил 23 декабр сонида Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятига нисбатан танқидий фикр билдирилган.

Айтилишича, Экологик ҳаракат асосли танқидга тоқатсизлик қилган ва газета устидан судга ариза берган.

Кузатувчиларга кўра, “Новости Узбекистана” газетаси аввал ҳам Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳақиқий оммавий ҳаракатга айланолмаётгани, атроф-муҳит муҳофазаси борасида жонбозлик кўрсатмаётгани ҳақида мақолалар эълон қилган.

Газета бош муҳаррири Баҳодир Йўлдошев суднинг қароридан таҳририят рози эмаслигини очиқлаган.

Мазкур газета 2012 йил февралда ҳам фуқаро Ж. Усмонов билан судлашганди. Ўшанда фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди “таҳририят 200 минг сўм маънавий зарар тўлаши ва ёзма раддия бериши зарур”, деган хулосага келганди.

“Новости Узбекистана” газетаси “Медиа-бизнес” жамияти муассислигида чоп этилади.

Матбуот таҳлилчиларига кўра, мазкур нодавлат газета мамлакат вақтли нашрлари орасида нисбатан эркин позицияга эга.

Таҳририят “иқтисодиёт, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш билан боғлиқ муаммолар юзасидан ўткир танқидий мақолалар эълон қилиш”ни асосий вазифа, деб белгилаган.
XS
SM
MD
LG