Линклар

Ўзбекистонлик икки диссидентга чиқиш визаси берилмаяпти


Вячеслав Охунов чиқиш визаси берилмаётганини ўзининг фуқаровий позицияси билан боғлиқ деб ҳисоблайди.

Вячеслав Охунов чиқиш визаси берилмаётганини ўзининг фуқаровий позицияси билан боғлиқ деб ҳисоблайди.

Ўзбекистонлик танқили рассом Вячеслав Охунов ва социолог Баҳодир Мусаевга икки ойдан буён чет элга чиқиш визаси берилмаяпти.

Баҳодир Мусаевнинг айтишича, у 27 март куни Тошкент шаҳар Ҳамза тумани ИИБ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига чет элга чиқишга рухсат олиш учун лозим ҳужатларни топширган, давлат божини ҳам тўлаган.

– Ҳужжат топширганимизга икки ойдан ошди, ҳалигача жавоб йўқ. Борсак, нимагалигини билмаймиз, деб елка қисишади,- дейди Баҳодир Мусаев.

Рассом Вячеслав Охунов эса ҳужжатларни 25 март куни топширган.

– Виза босиб беришимиз учун тепадан рухсат келмади, дейишади. Ундай бўлса, расмий “отказ” беринг десак, фақат сизлар эмас, бундайлар кўп, кутинг, кутинг, ҳуллас 25 мартдан бери кутинг, деган гапни эшитамиз,- дейди рассом Вячеслав Охунов.

Ўзбекистонда хорижга вақтинча чиқаётган фуқаролар чет элга бориш учун икки йил мобайнида амал қиладиган рухсатномани олишлари ва ОВИР расмийлари буни узоғи билан 20 кунда расмийлаштириб беришлари керак.

Совет давридан қолган бу тартиб туфайли Ўзбекистон фуқароларининг ўзлари истаган шаҳарда ишлаш, яшаш, болаларини мактабга бериш ва тиббий хизматдан фойдаланишлари улкан муаммога айланган.

Вячеслав Ахунов чиқиш виза тартиби туфайли ўзининг шу ҳафта Германияда очиладиган кўргазмасига ҳам бора олмади.

- 6 июн куни Германияда Замонавий тасвирий санъат кўргазмаси очилади ва у ерда менинг асарларим ҳам қўйилади. Рассом учун ҳар беш йилда бир марта бўладиган бунақанги кўргазмада қатнашиш улкан шарафдир. Лекин, менга мамлакатдан чиқиш имкони берилмаяпти,- дейди Охунов.

Ҳар икки йилда янгиланиши шарт бўлган чиқиш визаси эса фуқароларни давлат идораларига боғлаб қўйган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукуматига танқидий кўз билан қарайдиган инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистлар ва фаоллар чет элга бориш учун чиқиш визаси ололмаган ҳолатлар тез-тез учрамоқда.

Лекин, Вячеслав Охунов ҳам, Баҳодир Мусаев ҳам авваллари чиқиш визасини олишда ҳеч қанақа муаммога дуч келмаганликларини айтмоқда.

Улар мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг навбатдаги қурилтойида иштирок этиш учун Европага боришлари арафасида виза олиш мушкулотлари билан юзма юз келмоқдалар.

- Афтидан, улар Стокҳолмдаги анжуманда қатнашишимни билиб қолишган ва шу йўл билан менинг боришимга тўсқинлик қилишяпти. Сабаби, Баҳодир Мусаев ҳам шу анжуманга таклиф этилган, унга ҳам беришмаяпти. Биз у ерда Ўзбекистондаги сиёсий, ижтимоий аҳвол ҳақида маъруза қилмоқчи бўлиб турувдик, лекин бу амалга ошмайдиган кўринади,- дейди Вячеслав Ахунов.

Лекин, Баҳодир Мусаев ҳам, Вячеслав Ахунов ҳам чиқиш виза олишдан умидларини узганлари йўқ.

- Охир-оқибат улар чиқиш визасини беришга мажбур бўлишади. Чунки, мени ҳуқуқларим бузиляпти. Фуқаро сифатидаги ҳуқуқларим бузиляпти. Мени ҳеч қанақа махфий ҳужжатларга алоқадорлигим ҳам йўқ, судланмаганман. Мен доим эркин рассом бўлганман,- дейди Вячеслав Ахунов.

Озодлик мазкур масалага аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига ҳам қўнғироқ қилди. Бошқарманинг ўзини таништирмаган ходими бу борада телефон орқали маълумот берилмаслигини айтиб, гўшакни қўйиб қўйди.

Ўзбекистон Марказий Осиёда фуқароларнинг чет элга чиқиши учун махсус рухсатнома бериладиган ягона давлат бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG