Линклар

logo-print

"Ёзсиз йил" филми прокатга чиқарилмади


"Ёзсиз йил" филмида она образини Малика Иброҳимова ижро қилган.

"Ёзсиз йил" филмида она образини Малика Иброҳимова ижро қилган.

Ўтган йилнинг 11 ноябр куни премераси ўтказилган "Ёзсиз йил" филми ҳануз кинотетарларда намойиш қилинмади.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан режиссёр Ҳотам Файзиев томонидан “Ўзбекфилм” киностудиясида суратга олинган “Ёзсиз йил” филми тақдимотидан қарийб етти ой ўтганига қарамай филм кинотеатрлар экранини кўрмади.

Филм режиссёри Ҳотам Файзиев Озодлик билан суҳбатда “Ёзсиз йил” филмининг кинотеатрларга чиқарилмаётгани сабаблари ҳатто ўзига ҳам номаълум эканлини айтади.

- Буни ким кўрсатмаëтган бўлса, ўшандан сўраш керак. Мен ким кўрсатмаëтганини ҳам билмайман. Ким кўрсатмаяпти, кўрсатгиси келаяптию ҳеч ким кўрмаяптими – бу масалаларни мен тушуна олмаяпман. Кимнинг айби билан бўлаяпти. Буниси менга қоронғу,- дейди Ҳотам Файзиев.

“Ўзбеккино” агентлигининг филмларни прокатга чиқариш бўлимининг ўзини таништирмаган ходими “Ёзсиз йил” филмига нисбатан ҳеч қандай тақиқ йўқлигини таъкидлади.

- Ҳеч қанақа тақиқ йўқ бу филмнинг орқасида. Кинотеатрга боринг, сўранг ишонмасангиз. Дом кинода қўйилган, Панорамада қўйилган. Масалан, кинотеатрлар ҳам филмга одам тушмаса, тўхтатиб қўйишга ҳаққи бор. Филмга балки ҳеч ким тушмагандир. Шунинг учун ҳам тўхтатишгандир. Бу филмнинг тематикаси бор. У нарсагачи талаб йўқда. Нимага денг? Тематика бўйича ишланган филмларга ёшлар тушмайди. Севдим куйдим, ўлдим қолдимларга тушади ëшлар,- дейди “Ўзбеккино” ходими.

“Киночилар уйи”дан эса “Ёзсиз йил” филми бу ерда намойиш қилинмади деган жавобни олдик.

Мазкур филмнинг тақдимоти 2011 йилнинг 11 ноябрида ўтказилган ва маҳаллий матбуотда филм ҳақида илиқ фикрлар билдирилган эди.

Филмни томоша қилган, бироқ ўзини ошкор қилишни истамаган тошкентлик журналистга кўра, филм интеллектуал кино талабларига жавоб берадиган даражада яратилган.

Суҳбатдошимиз филмда, айниқса, операторлик иши таҳсинга лойиқлиги, бетакрор кадрлар орқали филм колорити бойиганини гапирди.

“Ёзсиз йил”да автоҳалокат туфайли бир умрга ногирон бўлиб қолиб, севгилисининг васлига етишиш бахтидан маҳрум бўлган йигитнинг ва унинг дардида ғам ютаётган онанинг изтироблари тасвирланади.

Ҳотам Файзиевга кўра, Зулфия Қуролбой қизи сценарийси асосидаги мазкур филм психологик драма жанрида суратга олинган.

- Филмнинг асосий ғояси она билан бола муносабати, онанинг фарзандига бўлган меҳри, инсонларнинг ички дунëси чуқур ўрганилиб экранга чиқарилган. Бизнинг филмда шу нарсалар кўрсатилади. Бу албатта одамнинг психологиясидан, одамнинг ички дунëсидан, одамнинг бир-бирига бўлган муносабатларидан келиб чиққан,- дейди Ҳотам Файзиев.

Жорий йилнинг апрел ойида "Ўзбеккино" миллий агентлигида ўтган киношуносларнинг конференциясида "Ёзсиз йил" филми ҳақида мақтовли фикрлар билдирилиш билан бирга танқид остига ҳам олинди.

Жумладан мазкур филмда “воқеалар тизими, примитив, оддий сюжетлардан иборат бўлиб қолганлиги, фильм сценарийсининг бир ёқлама тузилганлиги, фильмда бош қаҳрамон қиз Марвариднинг ҳаёти, ҳис-туйғулари, изтироблари умуман ёритилмаганлиги” айтилди.

Ҳотам Файзиев бу танқидларни асоссиз деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, филмда Марвариднинг образига катта эътибор қаратиш режаси бўлмаган.

- Марварид бир рамзий образдай ўзи. Бунинг севги марварид. Рамзий шеър бу. Биз Марварид билан бу йигит орасидаги муҳаббатни бошидан охиригача кўрсатиш вазифамиз йўқ эди,- дейди Ҳотам Файзиев.

Филм воқеалари Тошкент вилоятининг Сижжак қишлоғида тасвирга олинган. Президент Ислом Каримовнинг қароргоҳидан бири жойлашган Сижжак қишлоғи филмда ўта ғарибона тарзда тасвирланган.

Бугунги ўзбек киноларида тасвирланадиган ҳашаматли уйлар ўрнига, "Ёзсиз йил" филмида оддий қишлоқ уйлари суратга олинган.

Филмни томоша қилган таниқли рассом Вячислав Охуновнинг Uznews.net сайтига айтишича, филмда реаллик акс эттирилган.

"Кимдир, бу фильм депрессивдир, ва уни бизнинг жамиятимизга кўрсатиш мақсадга мувофиқ эмас деган экан. Унинг қаҳрамонлари, ҳозир биз ҳаммамиз яшаётган, бассейнлари ва автомобиллари бор икки қаватли иморатда яшашмайди, анъанавий қишлоқ уйлари, ҳеч қандай "чернуха" йўқ",- дейди рассом Охунов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG