Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:59

Тошкентда "мираброрча" ош удумга кирди


Бир социолог дўстим кишиларнинг қўрқув ва босимдан ҳимояланиш мақсадида ҳам бирлашиши, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларида Сталин қатағони кишиларни “яқинлаштиргани”ни айтиб қолди.

Дўстимнинг айтишича, Иосиф Сталин ўша пайтда Хитойдан айнан Марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбеклар учун 70 тоннага яқин кўк чой олиб келишларини буюрган экан. Яъни, чойхонада жамоа бўлиб уймалашаётган ўзбекларни тўпловчи восита сифатида чойни танлаган.

Ўзим бу маълумотни текшириб кўрганим йўқ, аммо мантиқан ўйланса, дўстимнинг гапларида жон борга ўхшайди. Ўтган куни Тошкент телеминораси тагида жойлашган "Ош маркази"да ош еб, негадир шу нарса хаёлимдан ўтди.

Бир пайтлар пойтахтдаги “Зарафшон” ресторанининг бош ошпази бўлган, сўнгра савдо вазири, кейинчалик бош вазир ўринбосари лавозимигача кўтарилган Мираброр Усмоновга тегишли экани айтиладиган "Ош марказлари" ҳозирда мамлакатнинг барча жойларига ёйилиб улгурди.



Мен юқорида айтган телеминора тагидаги биргина “Ниҳол” кафесининг ўзида 100 килолик 10 та дошқозонда ош дамланади. Икки соат ичида бир тоннадан ортиқ гуруч учиб ерга тушмайди.

Тошкентнинг бошқа ерларидаги "Ош марказлари"да ҳам, вилоятлар ва ҳатто айрим туман ва кичик шаҳар марказларида ҳам айнан "мираброрча" ош удумга кирмоқда. Яъни, бозорда нархи 7000 сўм (2,5 АҚШ доллари) турадиган лазур гуручига дамланадиган сергўшт тўй палови.

Энди бу ерларга хорижликлар ҳам тез-тез келадиган бўлибди. Айримлари ошхўр ўзбекларнинг овқатланиши, йиғилиб мазахўраклик қилаётганини кўриш, суратга олишга келишса, баъзилари бу тотли таомга ўрганиб қолишган.

Гавжум "Ош марказлари"да жамиятнинг асосан ўртамиёна қатламлари, давлат ва жамоат муассасалари хизматчиларини кўриш мумкин. Таниқли одамлар, казо-казолар бу ерга деярли келишмайди, уларнинг овлоқ ерларда ош ейдиган жойлари бор.

Тошкентнинг Бошлиқ даҳасида эса, зиғир ёғига дамланадиган "самарқандча" ош нуқталари сони 4 тага етди. Биргина пойтахтнинг ўзида бундай марказлар сони 20 дан ошиб кетди. Водий паловлари, девзирага дамланадиган ошлар эса мўъжаз, кишилар эътиборини кўпам тортавермайдиган чойхоналарда тайёрланади.

Хуллас, ошхўрлик ривожланяпти, ошхўрлар сони ортиб бормоқда. Бир жиҳатдан ўзбек миллий таомининг нуфузи ва тижорат нуқтаи назаридан бу ҳол ижобийдир. Ўзбеклар учун тайёрланиши-ю, истеъмоли бирмунча қулай бўлган таомнинг инсон сиҳати учун фойда-зарарига ҳам тўхталмайликда, ўзбек жамиятида нега айнан шу кунларда ошхўрлик тенденцияси устивор аҳамият касб эта бошлаганини ўйлаб кўрайлик.

Авваллари ош ўзбекларда тўй-маъракаларнинг асосий таоми, чойхоналарда улфатчилик, ана боринг, уй-рўзғорда ўзига хос ижтимоий муносабатларнинг муҳим омилларидан бири бўлган.

Лекин нега бугунга келиб ош тўй-маъракалар ва шу орқали урф-одатлар сарҳадини бузиб ўтди ва энди у турли тоифадаги кишиларни, ижтимоий қатламларни яқинлаштирувчи омилга айланмоқда?

Чуқур ўйлаб кўрганим, мавзуни тадқиқ қилганим йўқ. Аммо сезмоқдаманки, ошхўрликнинг миқёси, у домига оладиган ўзбеклар сони кун сайин кўпаяверади.

Мен касбим ва феълимга кўра ошни юқоридаги Сталиннинг “кўк чой”ига ўхшатмоқдаман. Тўғрироғи, шундай иштибоҳли фикр бор. Яъни, одамларнинг аксарияти руҳиятида қандайдир руҳий нотурғунлик мавжуд. Шунинг учун ҳам улар “бирлашиш”га, ош ва кўк чой устида жамоа бўлиб, нимадандир ҳимояланиш, ўзаро ахборот алмашинишга эҳтиёж сезади.

Тағин билмадим...

Тилла Бола
XS
SM
MD
LG