Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:21

Паркентлик ўқитувчилар ишига қайта тикланди


Тошкент вилоятининг Паркент шаҳрида ишдан қувилган ўқитувчилар аввал ишлаган мактаб ва лицейларида ўз фаолиятини давом эттиришлари мумкин.

Бу ҳақда Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумот тарқатди.

Аввалроқ қатор хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан, Озодлик радиоси мазкур гуруҳ раҳбари Суръат Икромов маълумотларига таянган ҳолда Паркентда яқинлари диний сабабга кўра қамалгани учун 14 нафар ўқитувчи ишдан ҳайдалгани ҳақида хабар қилганди.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, кеча, 6 июн куни Тошкент вилоятининг Паркент шаҳрига “ўз ихтиёрига кўра” мажбурий равишда ўқитувчиларнинг оммавий равишда ишдан бўшатилиши, мактаб директорлари, фермерлар ва тадбиркорларнинг ноқонуний равишда ҳибсга олинишини ўрганиш ва текшириш учун Ўзбекистон Олий мажлиси қошидаги инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита ҳамда мамлакат Омбудсмени вакиллари келган.

Улар билан учрашган туман халқ таълими бўлими мудири Муҳиддин Ҳасанов Паркент туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳратулло Ҳусанов талаби билан бир неча ўқитувчи ноқонуний равишда ишдан бўшатилганини тан олган. Ҳасановга кўра, Паркент милицияси бошлиғи унга ишдан бўшатилиши лозим бўлган ўқитувчилар рўйхатини берган экан.

Ўша куннинг ўзида Паркент туман халқ таълими бўлими мудири ўқитувчилари ишдан бўшатилган 8 мактаб ва лицей директорларини ҳузурига чақирган, ҳозир уларнинг ишга қайта тиклаш масаласи ҳал қилинаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бошқармасининг комиссияси Паркент туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан амалга оширилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар ва хизмат ваколатларини суиисътемол қилиш ҳолатларини текшириш бўйича бу ерга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бошқармасидан комиссия келиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG