Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:27

ШҲТ “Aраб баҳорининг” Марказий Осиёга келишидан хавотирда


Бу раҳбарларнинг бари "Араб баҳори" деган синдромнинг ўз ҳудудига ëйилишидан хавотирда.
Бу раҳбарларнинг бари "Араб баҳори" деган синдромнинг ўз ҳудудига ëйилишидан хавотирда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг икки кунлик Пекин саммитида Яқин Шарқ ва шимолий Африкада ҳокимият ағдарилишига сабаб бўлган халқ исëнлари йўлини тўсиш чора-тадбирлари муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам иштирок этаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Пекинда бўлиб ўтаётган икки кунлик саммитида кўплаб ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Ушбу ҳужжатлар ичида “Минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка раҳна солувчи вазиятларга муносабат билдириш бўйича сиёсий-дипломатик чора-тадбирлар ва механизмлар ҳақида Низом” нинг янгиланган матнда имзоланиши белгиланган.

Таҳлилчиларга кўра¸ мазкур ҳужжатнинг узундан-узун қуруқ номи остида ШҲТнинг катта ва чуқур хавотирлари яширинган.

Коммерсант.ру нашрининг ëзишича, ушбу янгиланган низомда, мабодо Марказий Осиё давлатларига “Араб баҳори” кириб келадиган бўлса, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган чора-тадбирлар ва механизмлар белгилаб берилган.

Ҳужжат номига кўра, ШҲТ “Араб баҳори”га қарши “чора-тадбирлар”ни амалга оширмоқчи, қолаверса, барқарор фаолият кўрсатувчи “механизмлар”ни жорий қилмоқчи.

Рангли инқилоблар, оммавий норозилик намойишлари ва ижтимоий бўҳронлар каби Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат ҳукуматларини алоҳида ташвишга солиб келадиган “инқирозли вазиятлар” юзага чиқиши эҳтимолини¸ ташкилот икки хил кўринишдаги тадбирлар орқали¸ йўққа чиқармоқчи.

Биринчиси, бу каби вазиятларга ноҳарбий усуллар билан жавоб бериш. Ноҳарбий усул дер экан¸ ташкилот Бош котиби баёнотлари, ташкилотга аъзо давлатлар Вазирлар кенгаши ва Хавфсизлик кенгашлари котибларининг фавқулодда йиғинлари, инқирозли ҳудудга танишув миссияларини юбориш каби тадбирлар назарда тутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, иккинчи йўналиш – бу куч ишлатар тизимлари ва ҳарбийлар орасида жадал ахборот алмашинуви, махсус хизматлар ўртасида мувофиқлаштириш, ўзаро тажриба алмашинув каби ҳамкорлик соҳаларни қамраб олади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат ҳукуматларида “Араб баҳори” синдромидан қўрқув анча чуқур.

Хитой сиёсий хотирасида бундан роппа-роса 23 йил олдин бўлиб ўтган “Тянанмин” майдони воқеалари ҳали ҳам жуда кучли.

Ўзбекистон ҳукумати эса 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг юзага чиққан сиëсий оқибатлардан ҳали ҳам тўла ўнглана олганича йўқ.

Ўтган 2011 йил декабрида Қозоғистониннг Жанаўзен шаҳрида жиддий намойишлар ортидан расмий Остона Ғарб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари доираларида танқидга учради.

Россия сиёсий ҳокимияти эса кейинги ярим йил давомида катта халқ намойишлари босими остида қолиб келмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг биронтасида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорликнинг табиий асослари мавжуд эмас. Ташкилотга аъзо давлатлар ўз барқарорликларини асосан куч ишлатиш тизимларига қарийб чекланмаган ваколатлар бериш ва ўз халқларини қўрқитиш ҳисобига ушлаб келишмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари томонидан “Минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка раҳна солувчи вазиятларга муносабат билдириш бўйича сиёсий-дипломатик чора-тадбирлар ва механизмлар ҳақида Низом”нинг янги ва тўлдирилган матнда қабул қилиниши, ташкилотга аъзо давлатларнинг “рангли инқилоблар”дан хавотири ўтиб кетмагани, аксинча, улар қўрқувининг янада кучаяётганидан далолатдир.

2001 йилда минтақавий хавфсизлик ташкилоти сифатида таъсис этилган ШҲТ га Хитой¸ Россия¸ Ўзбекистон¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Тожикистон аъзо.
XS
SM
MD
LG