Линклар

logo-print

АҚШдаги “RSN –Responsible Sourcing Network” ташкилоти Ўзбекистонда пахта хом ашёси етиштирилишидан тортиб унинг товар шаклида бозорга олиб чиқилишигача бўлган жараёндаги инсон ҳақлари бузилиши ҳоллари ўрганилган ҳисоботини эълон қилди.

“Даладан: Ўзбек пахтасининг нарх занжири бўйлаб саёҳати” деб номланган ҳисоботда Ўзбекистоннинг пахта теримига болаларнинг жалб этилиши давлат тарафидан ташкиллаштириладиган ягона мамлакат экани таъкидланади.

Жаҳонда миллионлаб бола пахта етиштириш ишига жалб этилади. Ўзбекистон ҳам АҚШ Меҳнат вазирлиги тарафидан тузилган болалар меҳнатидан фойдаланадиган давлатлар рўйхатидадир.

Лекин, RSN мутахассисларига кўра, бошқа ўлкалардан фарқли Ўзбекистонда болаларнинг дала меҳнатига жалб этилиши давлат тарафидан ташкиллаштирилади ва ҳукумат пахта сотилишидан йилига бир миллиард доллардан кўпроқ даромад кўради.

2011 йилда Ўзбекистон жаҳонда пахта етиштириш бўйича олтинчи, пахта толасини экспорт қилиш бўйича эса бешинчи ўринни эгаллади.

RSN ҳисоботига кўра, 2010-2011 йилларда пахта сотилишидан кўрилган даромад Ўзбекистон умумий экспортидан тушган даромаднинг 11.3 фоизини ташкил этган.

Ўзбекистонда пахтани фермерлар етиштиради. Лекин бу ҳукуматнинг тўлиқ назорати остида амалга оширилади.

Мамлакатда маҳаллий фермерларга ҳукумат нимани эк деса¸ шуни экади. Пахта етиштириш фермер учун норентабел бўлса ҳам¸ ҳукумат пахта экишни буюрса бош торта олмайди.

“Ҳукумат фермерларга пахта етиштириш бўйича давлат шартнома мажбуриятларини юклайди. Фермер эса айни шартнома доирасида ҳосилни давлатга ҳукумат белгилаган нархда сотишга мажбур. Ҳукумат белгилаган нарх эса Ўзбекистонда бозор нархидан уч баравар кам. Ўзбекистонда етиштирилган ҳосилнинг 75 фоизи экспортга кетади ва ҳукумат фермердан сотиб олинган пахтани уч баравар қимматга сотади”, - дейилади RSN ҳисоботида.

“RSN –Responsible Sourcing Network” ташкилоти ўз ҳисоботида асосий эътиборни Ўзбекистонда пахтанинг асосан болалар қўли билан терилишига қаратган.

“Ўзбекистонда пахта ҳосилининг 90 фоизи қўлда терилади. Ҳар бир теримчи, шу жумладан ўқувчи-талаба учун пахта териш кундалик нормаси белгиланади. Мактаблар сентябр ойидан ноябргача ёпилади. Ҳар йили асосан қишлоқ жойларида бир ярим-икки миллион бола пахта теримига ҳайдалади. Баъзида етти ёшдан, лекин кўпинча 11 ёшдан болалар пахтага олиб чиқилади”, дейилади RSN ҳисоботида.

Ўзбекистон ҳар йили 600 минг тонна пахта толаси экспорт қилади. Бу 90-йиллардагига қараганда 20 фоизга камдир. Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистонда пахта етиштириш камайгани тупроқнинг Орол денгизи қуриши таъсирида шўрланиши билан боғлиқ.

Шунингдек, АҚШ кузатувчилари таъкидича¸ пахта далаларида эскириб кетган суғориш ускуналаридан фойдаланилиши атроф-муҳитга зиён келтирмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон сўнгги йилларда ўз тўқимачилик ва тикувчилик саноатини ривожлантирди. Бу ҳам пахта экспорти камайишига туртки бўлган омиллардан.

Маҳаллий тўқимачилик ширкатлари сўнгги беш йили ичида ишлаб чиқаришни икки баравар оширди. Тайёр кийим-кечак экспортидан тушган даромад 2011 йилда 550 миллион долларни ташкил этган. Бу рақам 2004 йилгига қараганда деярли икки баравар кўпдир.

Ҳозирда ўзбек пахтасининг асосий харидори Бангладеш ва Хитой бўлиб қолмоқда. Асосий экспортнинг 70 фоизи шу икки давлат ҳисобига тўғри келади.

Ўзбекистонда миллионлаб боланинг давлат томонидан мажбуран пахта даласида эксплуатация қилиб келинаëтганига норозилик тариқасида жаҳоннинг 60 га яқин йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

RSN жаҳондаги бошқа кийим-кечак ширкатларига ҳам ўзбек пахтасини сотиб олмасликларини тавсия этади. Ташкилот мутахассислари фикрича, шу йўл билан Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши олдини олиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG