Линклар

Қозоғистон-Хитой чегарасидаги қозоқ чегара постида рўй берган оммавий қотилликдан омон қолган ягона чегарачи¸ мамлакат Миллий хавфсизлик комитетига кўра¸ 6 июн куни ўз ҳамкасбларини ўлдирганига иқрор бўлган. Бу ҳақдаги хабарни ëлғон деб¸ унинг эфирда ўқилишини шармандалик деган тележурналист эса¸ ишдан кетишга мажбур бўлди.

Чоршанба куни Қозоғистон оммавий ахборот воситалари Олмаота ҳокимлиги ва мамлакат Ички ишлар вазирлигидаги аноним манбага асосланиб¸ Хитойга туташ ўрмонда жойлашган чегара постидаги оммавий қотилликни тирик қолган ягона чегарачи – Владислав Челах амалга оширганини маълум қилди.

Айни шу куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик комитети матбуот хизмати ҳам Челахнинг ўз айбига иқрор бўлганини билдирди.

30 май куни Олмаота вилоятига қарашли Қозоғистон-Хитой чегарасидаги олис ўрмон чегара постида куйиб кетган 14 чегарачи ва ўрмон қоровули жасади топилди.

Орадан тўққиз кун ўтиб эса¸ мазкур постда хизмат қилган 15-чегарачи фуқаролик кийимида чўпонлар олдида тирик топилгани хабари чиқди.

Орадан бир кун ўтиб¸ тирик қолган ягона чегарачининг¸ оммавий қотилликни ўзи амалга оширганига иқрор бўлгани ҳақида хабар тарқатилди.

Аммо бу иқрор қозоғистонликларнинг ҳаммасини ҳам ўзига ишонтира олмади.

“Наҳотки журналист ва дикторлардан бирортаси бу хабарни эфирга ўқий олади. Бу шармандалик! Мен эфирда ëлғон гапиришдан бош тортаман ва чегарачи ўз хизматдошларини ўлдирганига иқрор бўлгани ҳақидаги алаҳсираш ҳақида гапира олмайман”¸ деб ëзди 6 июндан 7 июнга ўтар кечаси ўз Twitter саҳифасида Қозоғистондаги “31 канал” журналисти Владислав Длиннов.

Орадан бир неча соат ўтиб Длиннов ëлғон тарқатишни истамагани ортидан ишдан кетишга мажбур бўлганини маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатда 19 яшар Владислав Челах яқинлари ҳам бу хабарни бориб турган уйдирма деб атадилар ва ëш чегарачи йигитнинг тазйиқ остида қилмаган ишига иқрор бўлганига ишонишларини айтдилар

- Бу ëлғон¸ бўлмаган гап. Менимча¸ уни бундай кўрсатма беришга мажбур қилишган. Кимгадир шу керак бўлиб қолган¸ дейди Владиславнинг онаси Светлана Ващенко.

Айни шундай неварасининг бундай жиноятга алоқаси йўқлигига ишончи комил эканини таъкидлаган Челахнинг бобоси Владимир¸ Озодлик билан суҳбатда¸ олис ўрмондаги постда қандай жиноят содир бўлганига оид ўз версиясини тақдим қилади:

- Битта одам бу ишни қила олмайди. Бу ишга жуда катта одамлар аралашган ва ҳозир улар қоплаб пул ташлаб¸ ўз кетларини ëпишмоқда. Бу чегара охуридан Олмаота¸ Талдиқўрғон ва ҳатто Остонадаги бой ва киборлар ем еб келаëтган эди. Бу ердаги шифобахш ўтлар¸ бу ўтлар илдизининг килоси бозорда 3000 доллар туради. Бу бориб турган хазинанинг ўзи эди.

Менимча¸ у ерда нарх борасида келиша олмай қолганлар. Ўрмон қоровули билан айтишиб қолишган. Биринчи бўлиб қоровул бошидан ўқ еган¸ кейин қолганларини отиб ташлаган. Неварам тирик қолгани учун энди ҳамма айбни унга тўнкаб¸ ҳақиқий қотиллар сувдан қуруқ чиқмоқчи¸ дейди оммавий қотилликни якка ўзи амалга оширганига гўë иқрор бўлгани айтилаëтган Владиславнинг бобоси.

Владимир Челах¸ табиатан оғир-босиқ бўлган неварасининг¸ Ички ишлар вазирлиги иддао қилаëтган каби¸ хизматдошлари билан келишмовчилик ортидан¸ уларни отиб ташлашга мутлақ қодир эмаслигини таъкидлайди.

19 яшар хизматчининг катта ўйин қурбони бўлганига ишончи комил бўлган Владиславнинг яқинлари¸ уни ҳимоя қилишни сўраб¸ халқаро оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилдилар.
XS
SM
MD
LG