Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:38

Skypeнинг ўзбекчаси ишга тушди


Интернетдаги Skype алоқа дастурининг ўзбек тилидаги версияси ишга тушди. Ўзбекистонлик фойдаланувчилар энди ўзбекча Skypeни компютерларига юклашлари мумкин.

Интернетдаги Skype алоқа дастурини ўзбекистонлик блогер Гуласал Камолова ўзбек тилига таржима қилди.

– Бир ойча олдин беларус танишим Skype дастурини беларусчага ҳам таржима қилган эди. Skype фойдаланувчиларини ўзи ушбу дастурни ўз тилларига таржима қилишлари мумкинлиги ҳақида билмас эдим. Буни эшитиб қизиқиб қолдиму, шу ишни бошлашга қарор қилдим, дейди ўзбекистонлик блоггер.

Ўзбек тилидаги Skype дастуридан фойдаланиш учун таржима қилинган "тил" файлини юклаш керак. Бунинг учун компютерингизда Skype дастурининг энг сўнгги версияси бўлиши керак.

- Тил файлини юклаганингшиздан сўнг Skype тўлалигича ўзбек тилида пайдо бўлади. Бу инглиз тилидаги Skype дастурининг ўзбек тилидаги версияси¸ холос. Баъзи сўзлар инглиз тилида сақланиб қолган, уларнинг ўзбек тилидаги муқобилини топа олмаганим боис уларни шундайлигича қолдирдим, дейди Гуласал Камолова.

Skype Интернетдаги энг оммабоп алоқа воситаси ҳисобланади. Миллионлаб одам шу дастур ёрдамида бепул видео мулоқот қилишади.

Шу пайтгача Skype Марказий Осиё ўлкалари орасида фақат қозоқча ва қирғизчага таржима қилинган эди.

Ўзбекистондаги компютер фойдаланувчилари эса Skype дастурининг русча ва инглизчасидан фойдаланиб келишади.

Гуласал Камолованинг айтишича, Skype Ўзбекистонда муқобил ва арзон алоқа воситаси сифатида оммалашиб борар экан¸ унинг ўзбекчага таржима қилишга эҳтиёж юзага келган.

- Skype ўзбекчага таржима қилинса бу ўзбекзабон фойдаланувчилар орасида яна ҳам машҳурлашади¸ деб ўйлайман. Рус тилини билмайдиганлар Ўзбекистонда анча, инглиз тилини у қадар билмайдиган ёшлар кўп. Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларидан чет элга, Жанубий Кореяга кетиб оиласи билан Skype орқали гаплашадиганлар бор. Айнан улар учун қулайлик яратиш мақсадида бу ишга қўл урдим, дейди Гуласал Камолова.

Ўзбекистонлик айрим фойдаланувчилар эса ўзбек тилидаги Skypeни юклашга шошмаяпти.

- Кўникма йўқ. Қолаверса бу лотин алифбосида экан. Ҳозирча рус тилидагиси менга маъқул, кўзим шунга ўрганиб қолган, дейди тошкентлик 32 яшар Тоҳир.

Қирғизистонлик Янги медиа соҳаси мутахассиси Тўлқин Умаралиев эса Skypeнинг ўзбек тилига таржима қилингани Ўзбекистонда ушбу дастур фойдаланувчиларини ошишига ҳизмат қилади, деган фикрда.

- Бундай таниқли дастурнинг ўзбек тилига таржима қилиниши айни муддао. Биринчидан¸ бу Интернетдаги ўзбек тилидаги контентни бойитади. Иккинчидан¸ Skype билан фойдаланадиганлар сонини ҳам оширади, дейди Янги медиа Ўзбекистонда соҳаси мутахассиси, журналист Тўлқин Умаралиев.

Ҳозирда Интернетдаги Однокласники, Facebook каби ижтимоий тармоқлар ҳам ўзбек тилига таржима қилинмоқда.

Бугунга келиб Skype хизматидан жаҳон бўйлаб 700 миллиондан ортиқ одам фойдаланади.

Ўзбекистон ичкарисида бу дастурдан қанча одам фойдаланиши ҳақида статистик маълумот йўқ.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:08 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG