Линклар

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти икки йил олдин Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеалар бўйича янги ҳисобот эълон қилди.

Ҳужжатда “рўй берган зўравонликлар ва қонли воқеаларларда хавфсизлик кучлари иштирок этгани ҳақидаги иддаолар юзасидан Қирғизистон ҳукумати текширув ўтказмагани ёки хоҳламагани” танқид қилинган.

Ўш воқеаларида, расмий маълумотларга кўра, 400дан ортиқ одам асосан ўзбеклар нобуд бўлган, минглаб одам ўз уйини ташлаб хавфсиз жойлар, жумладан, Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтишга мажбур бўлган.

Ҳисоботда асосан қирғиз миллати вакилларидан иборат бўлган Қирғизистон хавфсизлик органлари ходимларининг ўзбекларга қарши зўравонликларга аралашганини кўрсатувчи далиллар келтирилган.

Халқаро Амнистия ҳисоботида Ўш воқеаларида содир этилган “қийноқлар, зўрлаш ва қотиллик” каби инсониятга қарши жиноятлар юзасидан тегишли текширув ўтказилмагани билдирилган.

Ҳисоботда икки миллат ўртасидаги яхши муносабатлар қайта тиклаш фақат “ҳақиқат, масъулият ва адолатни қайта қарор топтириш” орқалигина амалга ошиши мумкинлиги урғуланган.
XS
SM
MD
LG