Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:35

Ливан-Ўзбекистон 1:1


Футбол бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси.
Футбол бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси.

2014 йилда Бразилияда ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати тўртинчи саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 8 июн куни Ливан терма жамоасига қарши майдонга тушади.


2014 йилда Бразилияда ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати тўртинчи саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Байрут шаҳридаги Sports City стадионида Ливан терма жамоасига қарши майдонга тушди.

Тошкент вақти билан соат 18:00да бошланган ўйинда Ўзбекистон футболчилари пешқадамликни ўз қўлига олди.

Биринчи бўлимнинг 12 дақиқасида Ж.Ҳасанов мезбонлар дарвозасига биринчи тўпни йўллади.

Ўйиннинг 34-дақиқасида Ас-Саади ҳисобни тенглаштирди.

Бу ҳисоб ўйин охиригача ўзгармай, дуранг билан тугади.

Жаҳон чемпионати тўртинчи саралаш босқичининг биринчи ўйинида Ўзбекистон Миллий терма жамоаси 3 июн куни Тошкентдаги “Жар” стадионида Эрон терма жамоасига 0:1 ҳисобида бой берган эди.

Ўзбекистон Эронга ютқазиб қўйганидан сўнг, 2009 йилдан буён Ўзбекистон Миллий терма жамоасига мураббийлик қилиб келаётган Вадим Абрамов истеъфога чиқарилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси айнан Вадим Абрамов бошчилигида ўз тарихида илк бор Осиё Кубогининг ярим финалига чиққан.

2009 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2011 йилги Осиё Кубоги саралаш босқич учрашувларининг сўнгги турида Бирлашган Араб Амирликларига ютқазиб қўйганидан сўнг Миржалол Қосимов бош мураббийлик лавозимини Вадим Абрамовга топширганди.

Миржалол Қосимов эса, ўшандан буён Тошкентнинг "Бунёдкор" клубига бошчилик қилиб келаётган эди.

Ўзбекистонлик спорт шарҳловчиси Ҳайдар Акбаров 8 июн кунги ўйин арафасида Озодликка Ливан билан бўлажак ўйин Қосимов учун жиддий синов бўлишини айтганди.

- Агар Миржалол Қосимов терма жамоамиз аъзоларини жипслаштириб, улар рўҳини кўтара олган бўлса, Байрутдаги ўйинда Ўзбекистон терма жамоасидан 100 фоиз ғалабани кутишга ҳақлимиз, - дейди Акбаров.

Унга кўра, Ливан жамоаси шу пайтгача халқаро миқёсда катта ютуқларга эришмаган.

Кўрфаз давлатлари ичида Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эронда футбол яхши ривожланган.

- Бу ҳам 8 июн кунги ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси Ливан жамоаси устидан ғалаба қозонишига яна бир ишорадир, - деди Ҳайдар Акбаров.

Шунга қарамай, Ўзбекистон Ливан жамоасини мағлубиятга учрата олмади.

Ўзбекистон Миллий жамоасини тайёрлаш маркази директори Асқар Толибжоновга кўра, терма жамоа жўнаб кетишидан олдин Ўзбекистон вакиллари Ливандаги вазият билан яқиндан танишиш учун Байрутга борган ва вазият нормал эканини маълум қилган. Шундан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси Байрутга жўнаб кетган.

2014 йилда Бразилияда ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати тўртинчи саралаш босқичи ўйинларининг “А” гуруҳида Ўзбекистондан ташқари Жанубий Корея, Эрон, Қатар ва Ливан терма жамоалари бор.
XS
SM
MD
LG