Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:29

Гулнора Каримова инглизча қўшиқлар албомини сотувга чиқарди


Гулнора Каримова.
Гулнора Каримова.

5 июндан бошлаб Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Гугуша тахаллуси билан чиқарилган илк инглизча албомини iTunes, Amazon.com каби Интернетдаги супер-дўконларда савдога қўйди.

Гулнора Каримованинг Гугуша тахаллуси билан қўшиқ айтаëтганига 10 йилча бўлиб қолди.

Болалигида отаси ўзини эркалатиб Гугуша деб чақиргани иддаоси билан Гулнора Каримова машҳур Эрон қўшиқчиси Гугуш номига битта ҳарф қўшиб¸ ўз “ижодий тахаллус”ларидан бири қилиб михлаб олди.

Таниқли қўшиқчи Кумуш Раззоқованинг “Унутма мени” қўшиғини ўзига мослаб қайта ишлатган Гугушанинг бу клипи йиллардан бери президентнинг қизи назорат қиладиган телеканалларда тинимсиз айлантирилади.

Қўшиқчи сифатидаги репертуари асосан бошқаларнинг машҳур ашулаларини remake –қайта қориштириш асосида туғилган бир неча клипдан нарига ўтмаган Гугуша Ўзбекистон ичкарисида эшитимли хонандага айлана олмади.

Гугушанинг ашулачиликдаги уринишлари аксар ўзбекистонликлар кўзида ўзини синаб кўрмаган соҳа деярли қолмаган “ўзбек маликаси”нинг навбатдаги тантиқлиги сифатида қабул қилинди.

Қўшиқчи сифатидаги эътиборини ошириш мақсадида Гулнора Каримова Тошкентдаги хос йиғинларига Хулио Иглесиас ва Монтсеррат Кабальени таклиф қилиб¸ улар билан бирга қўшиқ куйлаган эди.

Машҳур авар шоири Расул Гамзатовнинг “Ўз қишлоғида тан олинмаган шоир шоир эмас”¸ деган гапи санъат ва адабиëт дунëсида афоризмга айланиб кетган.

Аммо ўзини ҳам ҳассос шоира¸ ҳам ҳассос қўшиқчи деб тақдим этиб келаëтган Каримовани “ўз қишлоғи”да тан олинмагани заррача ташвишга солмаган кўринади – Гугуша ўзини халқаро майдонда қарор топтириш уринишига киришди.

5 июн кундан бошлаб сотувга қўйилган илк инглизча қўшиқлар албоми – Round Run (сўзма-сўз таржимаси “Доира бўйлаб югуриш”¸ “Айланаман” деб ҳам ўгириш мумкин).

12 қўшиқдан иборат бу албомнинг россиялик продюсер ва композитор Максим Фадеев билан ҳамкорликда ҳозирлангани айтилмоқда.

Ҳозирча Гугушанинг Ғарб мусиқа бозорига кириб¸ ўзини “экзотик поп-қўшиқчиси” сифатида сотиш уриниши жиддий қарши олинганини кўрсатувчи бирор аломат йўқ.

Дастлабки мустақил шарҳларда¸ Гугуша қўшиқлари ҳаëт руҳидан маҳрум¸ уйғунликдан йироқ¸ бир неча йил аввал ўз умрини яшаб бўлган истиқболсиз оҳангларнинг сийқа сўзлар билан омухтаси¸ дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда¸ аксарияти Гулнора Каримовага қарашли Ўзбекистон шоу-бизнес сайтлари янги албомни "ўзбек мусиқасини¸ ўзбекларни жаҳонга танитадиган"¸ "мукаммал¸ уйғун¸ гўзал" қўшиқлар албоми сифатида мадҳ этмоқда.



Бу қўшиқлар ҳақида ўз фикрингизга эга бўлиш учун¸ улардан бири¸ албом номини белгилаган "Round Run" ашуласини тинглаб кўринг:

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:41 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG