Линклар

logo-print

Ўзбекистон: болалар орасида ОИТС - долзарб муаммо


2008 йилда Наманган вилояти болалар шифохонасида 147 болага ОИТВ юқтирилган эди.

2008 йилда Наманган вилояти болалар шифохонасида 147 болага ОИТВ юқтирилган эди.

Навоий шаҳрида 15 июн куни ОИТСга қарши вилоят маркази қошида ОИТВ билан яшаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш маркази очилиши айтилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистонда чиқадиган бир нечта нашр хабар қилди. Бироқ марказга ҳомийлик қилаётгани айтилган ташкилотлар бу ҳақда бехабар эканликларини айтмоқда. Шунга қарамай, Озодлик суҳбатлашган мутахассиснинг айтишича, Ўзбекистонда болалар орасида ОИТВ/ОИТСнинг тақалиши долзарб муаммо бўлиб қолмоқда.

Навоий вилоятида ОИТВ (одам иммун тақчиллиги вируси) билан яшаётган болалар учун ижтимоий ёрдам маркази очилаётгани ҳақида билиш мақсадида ОИТСга (орттирилган иммун тақчиллиги синдроми) қарши кураш вилоят марказига қўнғироқ қилганимизда, автомат бу телефон рақами вақтида пули тўланмагани учун ўчирилганини маълум қилди.

Ўзбекистонда чиқадиган Интернет нашрларида берилган хабарга кўра, ОИТВ билан яшаётган болалар учун ижтимоий марказ БМТнинг болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ва республика ОИТС маркази ҳомийлигида ташкил қилинмоқда.

Лекин ЮНИСЕФнинг Тошкентдаги ваколатхонаси мутасаддиси ташкилотнинг Навоийдаги марказга алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси ОИТСга қарши кураш маркази бош врачи Нурмат Отабеков ҳам ижтимоий марказ очилиши ҳақида ҳеч нарса билмаслигини таъкидлади.

- У ерда бундай марказ йўқ, фақат вилоят ОИТС маркази бор холос. Очилганига бир неча йил бўлган. Болаларга ижтимоий ёрдам маркази ҳақида ҳеч қандай гап йўқ,- деди Республика ОИТСга қарши кураш маркази бош врачи.

Профессор Отабеков мамлакатда болалар орасида ОИТВ/ОИТС тарқалиши билан боғлиқ вазият ҳақида гапириб бериш илтимосимизни ҳам рад қилди.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб борадиган халқаро ташкилотлардан бирининг мутахассиси, Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда, Навоийда ОИТВ юққан болалар учун марказ очилиши ҳақида эшитмагани, лекин у ҳақиқатан очилса, айни муаддао бўлади, дея таъкидлади.

Унинг айтишича, ОИТВ/ОИТС билан яшаётган болалар муаммоси Ўзбекистон учун долзарб бўлиб қолмоқда. “Бундай беморларга хизмат кўрсата оладиган муассасалар нари борса, 3-4 та холос. Улар ҳам асосан Тошкентда жйолашган. Ўзбекистонда бу анча жиддий муаммо экани инобатга олинса, вилоятларда ҳам очилса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Чунки ОИТВ масаласида ёш болаларга қилинадиган муалажалар катталларникидан фарқ қилади”, дейди исми ошкор қилинмаслигини сўраган мутахассис.

Унинг айтишича, ёш болаларга ОИТВ юққанда уларнинг ўртача умр кўриши 6-8 йилга бориши мумкин. Лекин, дейди у, “агар ёш болага антиретровирус терапияси вақтида ва тегишли тарзда кўрсатилса, одам иммунитетини емирувчи вирусни жиддий тарзда чекинтириш ва беморнинг умрни чўзиш мумкин”.

Суҳбатдошимиз ёш болалар орасида ОИТВ/ОИТСнинг тақалиши жиддий муаммога айланганига бундан 4 йил аввал Намангандаги шифохоналардан бирида 140 дан ортиқ болага ОИТВ юққани билан боғлиқ воқеани мисол қилиб келтиради.

2008 йилда Наманган вилояти болалар шифохонасида 147 болага одам иммун тақчиллиги вируси юққани катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Дастлаб расмийлар бу воқеани хаспўшлашга уринди, лекин 2010 йилда бу воқеа ҳақиқатан рўй бергани тан олинди. Ўтган йилги маълумотларга кўра, бу болаларнинг камида 14 нафари вафот этган.

Ундан аввал Андижондаги болалар шифохонасида ҳам болаларга оммавий тарзда ОИТВ юқиши ҳолати кузатилган эди.

Озодлик билан суҳбатлашган мутахассис, айниқса, Фрағона водийси вилоятлари учун бу муаммо долазрб бўлиб қолаётгани айтади. “Бу масалада водий вилоятларига алоҳида эътибор қаратилиши керак. 2008 йилги воқеадан кейин назорат тизими бир мунча яхшиланганига қарамасдан, қон қуйиш тизимида камчиликлар сақланиб қолмоқда. Уч йил аввалги эпидемияга эса айнан қон қуйиш соҳасидаги камчиликлар сабаб бўлган эди”, дейди суҳбатдош.

Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб аҳоли орасида ОИТВ/ОИТСнинг олдини олиш борасида тушунтириш ишларини кўнгилдагидек олиб борилмоқда, деб бўлмайди, дея қўшимча қилади суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда одам иммунитет тақчилиги вируси ва орттирилган иммунитет тақчиллиги синдроми муаммоси билан кураш мақсадларига халқаро ташкилотлар катта миқдорда молиявйи кўмак кўрсатиб келади.

Хусусан, Глобал жамғарма 2004 йилда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига бундай дастурлар учун беш йилга мўлжалланган 24 миллион АҚШ долларига тенг грант берган. 2009 йилда эса мазкур ташкилот Ўзбекистон ҳукуматига яна 80 миллион АҚШ долларига тенг грант ажратди.

Одам иммун тақчиллиги вируси иммунитетини емириб, одам организмида орттирилган иммун тақчиллиги синдромини келтириб чиқаради. Бу касалликка чалинган организми бошқа касалликларга қаршилик қила олмаслиги натижасида, одам ўлимига олиб келади.

Ҳозирда дунё бўйлаб 4 миллионга яқин бола ОИТВ/ОИТС билан яшаб келади.

БМТнинг ОИТСга қарши кураш дастури маълумотларига кўра, Марказий Осиё ОИТВ/ОИТС тарқалиши суръати бўйича дунёдаги етакчи минтақалардан биридир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG