Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:43

Жиззахда беш ўғил ортидан 83 яшар ота ҳам ҳибсга олинди


6 июн куни собиқ фермер Йўлдош Бозорбоев Зарбдор туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Унинг беш ўғли жорий йилнинг 23 апрел куни товламачиликда айбланиб қамоққа олинган эди.

Жиззах вилояти Зарбдор туманида истиқомат қиладиган собиқ фермер Йўлдош Бозорбоевнинг 6 июн куни ҳибсга олингани ҳақидаги Озодликка унинг қизи Роҳила маълум қилди:

- 6 июн куни кечқурун милиция ходимлари бостириб уйга келишди. Дадамни мошинага босиб олиб кетишди. Қилмаган ишларини қилди деб, Жиззха шаҳар Ички ишлар бўлими ҳибсхонасида сақлаб ўтирибди. Дадам акаларимни ғайриқонуний қамашган¸ деб ёзди-чизди қилганига, сизларга чиқиб гапирганига қамашди. Акамларга нима айб қўйган бўлса ўша айбларни ҳам дадамга қўйишяпти. Овқат олишмаяпти, кўргани қўйишмаяпти, дейди Роҳила.

Йўлдош Бозорбоевга адвокатлик қилаётган Аҳмад Қодировнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Йўлдош Бозорбоевга ҳам унинг 5 ўғлига қўйилган айб қўйилган. 83 ёшли Йўлдош Бозорбоев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 164-моддаси - босқинчилик ва 165-моддаси 2-қисми билан товламачиликда айбланмоқда. Адвокатга кўра, Йўлдош Бозорбоев терговчига ишончсизлик билдирган ва ҳар қандай саволга жавоб беришдан бош тортмоқда.

Бозорбоевлар ишини тергов қилаётган Зарбдор тумани Ички ишлар бўлими терговчиси Ихтиёр Умрқулов Озодлик мухбирига бу иш юзасидан телефон орқали ҳеч қандай изоҳ бермаслигини билдирди.

Йўлдош Бозорбоевнинг ўғиллари ҳисбга олинишига бундан икки йил олдин содир бўлган воқеа сабаб бўлгани ҳақида қамалишидан аввал отанинг ўзи гапириб берган эди:

- Бундан икки йил илгари бизнинг пахтамизга бировнинг 700 қўйи тушган. Кейин болалар бориб, нима қиляпсан ҳамма ёқни пайҳон қилдингку, энди пахтани нима қиламиз, деган. Кейин булар товонига 20 та қўзи берган. Эртасига менга ҳокимнинг маслаҳатчиси қўнғироқ қилиб нотўғри иш қилибсиз, бу қўйлар Жиззахни УВД (вилоят Ички ишлар бошқармаси) синики деди. Кейин мен болаларга айтиб, қўйларни эгасига бердириб юбордим, шу билан тинчиб кетган эди, деган эди Йўлдош Бозорбоев, Озодлик билан суҳбатда.

Фермер даъвосича, икки йил олдин бўлган воқеани қўзғаш бугунги кунда туман ҳокими ва прокурорга керак бўлиб қолган. Маҳаллий раҳбарларни фермерга қарши тазйиқ қилишига эса¸ Бозорбоев таъкидича¸ ўзининг тумандаги ғайриқонуний ишлар устидан президентга ёзган аризалари сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG