Линклар

logo-print

8 июн куни Полша ва Украинада футбол бўйича 2012 йилги Европа чемпионати бошланди. Украинадаги тантанали маросим Харков шаҳрида бўлиб ўтди.


Собиқ СССР даврида саноати ривожланган йирик шаҳар сифатида яхши танилган Харковда Евро 2012 футбол чемпионатга катта тайёргарлик кўрилган.

Чемпионатини ёритиш учун Харковга борган Озодлик мухбири Том Балмфортга кўра, Евро 2012 доирасида сўнгги йилларда шаҳарда қатор янги меҳмонхоналар қурилган.

“Металлист” футбол стадиони замон талаблари даражасида таъмирланган, ўн минглаб меҳмонни қабул қилиш учун халқаро аэропорт қурилган.

Халқаро мусобақа муваффақиятли ўтишида ёрдам бериш учун 1,500 нафар кўнгилли ёшлар Евро 2012 чемпионати ташкилотчиларига ўрдам бермоқда.

Улардан бири, 21 яшар Олег исмли талаба кўнгиллилар сафига қўшилгани сабабини шундай изоҳлади.

- Евро 2012 янги шаҳар учун тарихий воқеа. Бундай тадбир бу ерда бошқа бўлмайди. Биз тарихнинг, ажойиб воқеанинг бир қисми бўлиб қолишни хоҳлаймиз. Тайёргарлик масаласида, кўпроқ ишлар қилиниши мумкин эди. Бироқ бунинг ҳаммаси хоҳишимизга боғлиқ эди, деди Олег.

Евро 2012 чемпионатига мезбонлик қилаётган Львов ва Киев шаҳарларидан фарқли ўлароқ Украинанинг Харков шаҳрида сайёҳларга мўлжалланган инфратузилма кам ривожлаган.

Шу боис, бир ярим миллион аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарга келиши кутилаётган 100 минг нафар меҳмон учун меҳмонхоналар етишмаяпти.

Чемпионатга тайёргарлик доирасида Харковда бир нечта, жумладан, иккита беш юлдузли янги меҳмонхона қурилган.

Тадбир муносабати билан олийгоҳларда бу йил ўқиш семестри одатдагидан олдин тугатилган ва ётоқхоналар вақтинча меҳмонхоналарга айлантирилган.

Харков шаҳар ҳокимияти расмийларига кўра, Евро 2012га тайёргарлик ишлари учун саккиз миллиард гривна, яъни, 990 миллион АҚШ долллари миқдорида маблағ сарфланган.

Маҳаллий олигархлардан бири, “Металлист” футбол клубининг соҳиби Александр Ярославский чемпионатга тайёргарлик ишларига 300 миллион доллар сарфлаган.

Айни пайтда, айрим маҳаллий фуқаролар футбол бўйича Европа чемпионати ўтказилиши муносабати билан Харковда меҳмонхоналар ва поезд чипталари нархлари кескин ошиб кетганидан, шунингдек, шаҳар чеккасидаги автомобил йўллари абгор аҳволда қолаётганидан шикоят қилмоқда.

Харков шаҳри халқаро жамоатчиликка фақат Евро 2012 футбол чемпионати ўтказилаётгани билан эмас балки, Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко қамоқда сақланаётган шаҳар сифатида ҳам яхши танилган.

Тимошенконинг 25 нафар тарафдори собиқ Бош вазир озод этилиши талаби билан 7 июн куни у даволанаётган касалхона ташқарисида пикет ўтказди.

Юлия Тимошенконинг “Баткившина” партияси аъзоси Валерий Дудко Озолдикка агар “фавқулодда ҳолат” рўй бермаса, Евро 2012 футбол мусобақалари пайтида ҳам норозилик намойишлари ўтказиш режаланганини айтди.
XS
SM
MD
LG