Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:19

Ўзбекистон ЕХҲТдан 3 миллион евро қарздор


АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги (ЕХҲТ) элчиси Иэн Келли Ўзбекистонни ташкилотга аъзолик бадали бўйича қарзини тўлашга чақирди.


CA-NEWS ахборот агентлиги хабарига кўра, Иэн Келли ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Дерд Сабога йўллаган мактубида Ўзбекистоннинг ташкилотга бадал учун тўланмаган қарзи уч миллион евродан кўпроқ экани билдирган.

Келли ўз мактубида Ўзбекистон халқи равнақи йўлида амалга ошираётган муҳим ишлари учун Сабо ва у етакчилик қилаётган гуруҳга миннатдорлик айтган.

"Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонни ҳам ЕХҲТга ўз бадалларини тўлашга чақирамиз. Ҳозирда қарз миқдори уч миллион евродан ошган. Ўзбекистон ҳукумати лойиҳаларни мувофиқлаштириш идорасининг маҳаллий ходимларини солиққа тортгани каби ушбу қарзнинг мавжудлиги ҳам ҳам қабул қилиб бўлмас ҳолатдир", дейилади мактубда.

Иэн Келли, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати расмийларини ўтиш даврида Афғонистонга ёрдам беришда ЕХҲТнинг ролини мустаҳкамлаш имкониятларини ўрганиш ҳақидаги Сабо берган таклифларни қабул қилишга чақирган.

АҚШнинг ЕХҲТдаги элчиси Ўзбекистонда биометрик паспортлар бериш дастурини қўллаб-қувватлаш учун молия ажратилишини ҳам эслатиб ўтган.

Келли Ўзбекистон ҳукумати билан Хелсинки якунловчи ҳужжати доирасида асосий эркинликлар, жумладан, фикр эркинлиги, ташкилотлар тузиш, йиғилишлар ўтказиш ва диний эркинликлар билан боғлиқ масалаларда кенгроқ ҳамкорликни рағбатлантиришини айтган.

АҚШ дипломати Ўзбекистон “диний озчиликни ташкил этганларнинг эътиқод эркинлиги, жумладан, протестантлар, Иегова гувоҳлари, кришнаитлар ва исломий бўлмаган бошқа дин вакилларининг эътиқод эркинликлари борасида жиддий хавотир уйғотаётгани”ни билдирган.

У Ўзбекистон ҳукуматини шу соҳаларда ЕХҲТ доирасида ўз зиммасига олган барча мажбуриятини бажаришда лойиҳани мувофиқлаштириш Бошқармаси билан ҳамкорлик қилишга чақирган.
XS
SM
MD
LG