Линклар

Қирғизистонда Ўш қирғинидан икки йил ўтиб, бу фожианинг расмий версияси ишлаб чиқилди.

Қирғизистон президенти кўрсатмаси билан икки ой мобайнида Миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура мутахасислари иштирокида ёзиб чиқилган Ўш қирғинининг расмий версияси жамоатчиликка ошкор қилинди.

Қирғизистон ҳукумати томонидан қирғиндан икки йил ўтгач ёзилган версияда айтилишича, Ўш воқеаларининг содир этилишига биринчи навбатда 2010 йил 7 апрелида ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президент Қурмонбек Бакиев, унинг оила аъзолари ва қариндошлари сабаб бўлган. Расмий версияда Ўш қирғини кунлари ҳокимиятда бўлган Муваққат ҳукумат содир бўлган воқеа учун масъул эмаслиги таъкидланади.

- Агар Муваққат ҳукумат чора кўрмаса ёки Муваққат ҳукумат айби билан бу воқеа содир бўлганда, албатта унинг жиноий жавобгарлиги масаласи кўрилган бўлар эди. Бироқ биз “Муваққат ҳукумат кўрган чора-тадбирлар воқеанинг олдини ола билмади”, деб ёзаяпмиз. Шунинг учун ҳам бу ерда жиноий эмас, маънавий масъулият ҳақида гап бўлиши мумкин, холос,-деди Бош прокурор ўринбосари Нурлан Жээналиев.

Расмий версияда қирғиз ҳукумати Ўш қирғини ташкилотчилари сифатида айблаётган ўзбек лидерларига янги айбловлар ҳам билдирилган.

“Сепаратистларнинг радикал лидерлари Қирғизистон жанубида йирик бизнесга эгалик қилишган ва бизнесни сақлаб қолиш мақсадида ўзбек мухториятини тузиш ёки ҳукуматни эгаллаш режасининг иккита вариантини тайёрлаган”, дейилади расмий версияда.

Шу билан бирга, расмий версияда Қодиржон Ботиров раҳбарлигидаги ўзбек лидерлари ўз мақсадларига эришши йўлида “Ҳизбут-тахрир” ташкилоти билан ҳамкорликда бўлгани иддао қилинади.

Президент кўрсатмаси билан ишлаб чиқилган версияда этник ўзбеклар маҳаллаларини баррикадалар билан тўсиб олгани, уйлари ва томларига SOS, HЕLP деган сўзларни олдиндан ёзиб қўйганлари алоҳида таъкидланади.

- Ҳужжатда Ўш воқеасининг такрорланмаслиги учун нималар қилиш керак, қандай чора-тадбирларни амалга ошириш керак деган саволлар жавобсиз қолган. Расмий версияни ишлаб чиқишда Миллий хавфсизлик хизмати ҳам қатнашган. Демак, бу хизмат ўш воқеаси такрорланишига йўл бермайдиган механизмаларни ишлаб чиқиб, ҳукуматга таклиф қилиши керак эди. Муваққат ҳукуматнинг икки аъзоси – Эмил Каптагаев ва Кенешбек Дуйшебаевларни эса жиноий жавобгарликка тортиш керак эди, деб ҳисоблайман. Чунки уларга маҳаллий ҳокимиятлардан вазият мураккаблашаётгани ҳақида тўққиз марта маълумот берилган, -деди сиёсатшунос Табилди Акеров.

Маълумотга кўра, Ўш қирғининг расмий версиясини ёзиш жараёни якунлангани йўқ. Бу иш яна давом этиши айтилмоқда.

Қирғизстон ҳуқуқ-тартибот тузилмлаари расмий версияни ёзиш учун Ўш қирғинини ўрганган Миллий комиссия ҳужжатларини асос қилиб олганлари ҳам хабар қилинди.

Ўш қирғинини ўрганган Халқаро комиссия хулосаси Миллий комиссия хулосасидан кесин фарқ қилади. Халқаро комиссия “Ўш қирғини қирғиз ҳукуматининг этномиллатчиликка асосланган сиёсати оқибатида содир бўлди” деган хулосасини ёйинлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG