Линклар

Ўзбекистон осмонида 8 июндан 9 июнга ўтар кечаси номаълум учувчи объект кузатилди. Озодлик суҳбатлашган жиззахлик, бухоролик ва қорақалпоғистонлик тингловчилар осмонда айнан бир хил нарсани кўрганликларини айтмоқдалар.


Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида истиқомат қиладиган Олимжон кечаси осмонда содир бўлган ғаройиб ҳодисага ўртоқлари билан гувоҳ бўлганини айтади:

- Ғаройиб ҳодиса бўлди. Ўзим ҳам ҳайронман. Кечқурун соат ўн яримларда учта жўрам билан магазинни олдида турган эдик. Бир вақт жўрам қара ана у нима, деди. Қарасам осмонда қора булут орасидан ой чиқиб келаётганга ўхшади, лекин тескари томондан. Худди осмонда мошина фарасини ёқиб турганга ўхшади. Бир вақт ҳалиги нарса каттариб бир думалоқ нурга айланди. Биласизми сувга тош отсангиз сув тош келган томонга қараб сачрайдику, нур ҳам сачраб ҳар томонга ёйилиб кетди. Қўрқиб кетдик, ишонсангиз жўраларим қочиб кетди, тилимиз калимага келмай қолди, бунақасини ҳали кўрмагандим- дейди Олимжон.

Олимжонга кўра, уларнинг телефонларида видеокамералари бўлган ва улар ҳар қанча уринишмасин бу объект видеога ва суратга тушмаган.

Айни ҳодисани Бухоронинг Қоракўл туманидаги коллеж ўқитувчиси Илҳом Жўраев ҳам кўрганлигини айтади:

- Кечқурун соат ўн ярим ўн бир атрофида эди, ғарб томонда ой ҳам бор эди. Осмонда прожекторга ўхшаган нурлар пайдо бўлди, ҳар хил ранглар бўлиб кетди. Катта прожектордан чиққан нур бориб бир нарсаларга тегиб кетяпти, кейин ойга ўхшаб қоляпти кейин ҳар хил ранг чиқаряпти. Кейин йўқолиб кетди. Буни жуда кўпчилик кузатди,- дейди бухоролик Илҳом Жўраев.

Осмонда пайдо бўлган бу ғаройиб ҳодисани қорақалпоғистонлик Озодлик тингловчиси Карамаддин ҳам кузатганини айтади:

- Бизларда кеча осмонда шам чиқдида, шам. Бирдан бир юлдуз келди, думли юлдуз бўлиб. Худди мошинани фарини ёқиб келганга ўхшади. Кейин яна иккита шундай нур келди. Бу метеоритми ёки учар ликопчами билолмадик,- дейди нукуслик Карамаддин.

Ўзбекистон осмонида пайдо бўлган номаълум учувчи объектларнинг нима эканлиги ҳақида аниқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон геофизика институтига қўнғироқ қилдик. Бироқ, шанба, дам олиш куни бўлганлиги боис, телефон қўнғироқларимизга жавоб бўлмади.

Бу номаълум учувчи объектнинг Яқин Шарқ мамлакатларида, Эронда, Озарбайжонда, Россияда ҳам кўрилгани ҳақида оммавий ахборот воситаларида хабарлар берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG