Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:59

Молия биржасида Евро кўтарила бошлади


Испания банк секторини қутқариш учун 100 миллиард долларлик ёрдам ажратилиши ҳақидаги хабарлар ортидан евронинг долларга нисбатан қурби кўтарила бошлади.

Душанба куни бир евронинг қиймати 1,2671 АҚШ долларини ташкил этди. Жума куни бир евро 1,2514 доллардан сотилган эди.

Шунингдек нефт нарҳи ҳам ошди. Бир баррел нефт 86 долларни ташкил этди. Бу жума кунги нархга қараганда икки долларга юқоридир.

Испания бош вазири Мариано Раҳой евроҳудуднинг инқирозга учраган Испания банк секторини қутқариш учун 100 миллиард евролик молиявий ёрдамини евро валютаси учун ғалаба эканлигини айтди.

Бош вазир якшанба куни қилган чиқишида бу қарорни Европа давлатларининг Испаниядаги иқтисодий ислоҳотларга бўлган ишончига далил бўлишини таъкидлаб ўтди.

Молиявий инқироз ёқасида турган Испания шу кунгача Европа Иттифоқидан молиявий кўмак сўрашдан бош тортиб келаётган эди.

Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар Испания банк секторини қутқаришга қаратилган 100 миллиард евролик ёрдам Европадаги молиявий бирликка ўз ҳиссасини қўшиб, бўҳрон бошқа ҳудудларга ёйилишининг олдини олишда ёрдам беради деган фикрда.

Иқтисодининг катталиги бўйича Европада тўртинчи ҳисобланган Испания евроҳудудда иқтисодини қутқариш учун молиявий ёрдам сўраган тўртинчи мамлакат бўлди.

Бундан олдин Греция, Ирландия ва Португалия ҳукуматлари ҳам инқироз туфайли ёрдам сўрашга мажбур бўлган эди.
XS
SM
MD
LG