Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Генерал Дўстум ватанга хиëнатда айбланмоқда


Генерал Дўстум Афғонистон шимолида катта эътиборга эга қўмондон ва сиëсатчидир.
Генерал Дўстум Афғонистон шимолида катта эътиборга эга қўмондон ва сиëсатчидир.

Афғонистон президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши мамлакат прокуратурасига шимолдаги сиëсий етакчилардан бири генерал Абдурашид Дўстумга нисбатан жиноий иш очиш ҳақида сўров юборди.

Мухолифатдаги Афғонистон Миллий жабҳаси асосчи ва етакчиларидан бири¸ ўзбек генерали Дўстум Сарипулдаги газ конларини ўзлаштиришга тўсқинлик қилаëтганликда айбланмоқда.

Маҳаллий телеканалларда якшанба оқшом намойиш этилган хабарда ўзбеклар етакчисига шундай айблов қўйилмоқда.

Абдурашид Дўстум асос солган Миллий жабҳа матбуот котиби Файзуллоҳ Закий Озодлик билан суҳбатда бундай айбловни сиëсий характердаги уйдирма¸ дея баҳолайди:

- Улар айблайдики¸ гўë Афғонистонни шимолидаги конларни ўзлаштирмоқчи эмишу у конларни ишлатмоқчи бўлиб келган инженерлар гуруҳига рухсат бермаган эмиш. Бу мутлақо ëлғон. Бор ҳақиқиқат шуки¸ Амударë нефт ҳавзаси тендерга қўйилганида¸ бир компания ютган. Ютган кишилар келганда шу жойнинг сиëсий раҳбари сифатида генерал Дўстим маслаҳат берганлар – Афғонистоннинг баъзи бир бошқа жойларида бўлгандек ишчиларни маҳаллий халқдан¸ шу жойнинг ўзидан олинг¸ деб. “Халқ ўзи эзилган¸ охирги сел халқни жуда эзди¸ ишсизлик бор¸ шунинг учун конга ташқаридан одам олиб келманг”¸ деганлар. Энди шуни баҳона қилиб¸ муттаҳамчилик қилишаяпти¸ дейди Абдураши Дўстум номидан гапирган Миллий жабҳа сўзчиси Файзуллоҳ Закий.

Афғонистондаги жорий ҳукуматга мухолифатда бўлган Миллий жабҳа¸ унинг матбуот котибига кўра¸ сўнгги ҳафталар давомида кетма-кет норозилик намойишлари ўтказган ва унда иштирок этган ўн минглаб шимолликлар марказий ҳукумат олдига жиддий сиëсий¸ иқтисодий ва ҳарбий талаблар қўйган.

Файзуллоҳ Закийга кўра¸ Абдурашид Дўстумнинг шимол халқи ичидаги эътиборидан қўрққан Кобулдаги айрим гуруҳлар¸ уни уйдирма орқали йўқ қилиш¸ жилла қурса¸ уни обрўсизлантиришга яна бир уриниб кўришга аҳд қилганлар.

Афғонистон Миллий жабҳаси матбуот котибига кўра¸ Сарипулдаги газ конини ўзлаштириш юзасидан ютиб чиққан Хитой ширкатининг маҳаллий шериги президент Карзайнинг қариндошлари ва Дўстумни жиноий иш билан қўрқитиш орқали¸ ҳукумат уларнинг тўсиқсиз даромад олишларини кафолатлашга уринмоқда.

Иккинчидан¸ дейди Файзуллоҳ Закий¸ АҚШ матбуоти¸ хусусан The New York Times газетаси Кобул ҳукумати амалдорларининг миллиардлаб доллар ëрдам пулларини талон-тарож қилганларига оид махсус текширув натижаларини эълон қилди.

Халқаро ва маҳаллий жамоатчиликни Кобул раҳбарлари ичидаги улкан ўғирликлардан чалғитиш мақсадида улар¸ ўз мухолифларига туҳмат қилиб¸ йўқ жиноятларда айбламоқдалар¸ дейди Афғонистон миллий жабҳаси матбуот котиби.

Сарипул вилоятидан Афғонистон парламентига сайланган ўзбек депутати Саид Анвар ҳам Абдурашид Дўстумга қарши жиноий иш очиш ҳақидаги навбатдаги таҳдиднинг сиëсий баëнотдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлайди.

- Бу туҳмат сиëсий бир тавсия¸холос. Генерал Дўстумнинг газ конини ўзлаштиришга монеълик қилганларига оид ҳеч қандай далил ва субут йўқ. Генерал Дўстум бу минтақа нефтидан маҳаллий мардум учун фойда етади¸ уларга иш тегади¸ деб хурсандлар. Бу ëлғон Миллий жабҳанинг катта намойишлари билан боғлиқ. Форëбда¸ Жоузжонда ва Таҳорда катта намойишлар бўлди ва асосий мавзу шу. Шундан роҳатсиз бўлган ҳукумат ана шундай бир ëлғонни ўртага қўйди¸ дейди Афғонистон парламенти депутати Саид Анвар.

Афғонистон Миллий жабҳаси 11 июн куни Абдурашид Дўстумга қарши бошланган навбатдаги кампанияга қарши махсус матбуот анжумани ўтказди ва Миллий хавфсизлик кенгашининг генералга қарши жиноий иш очиш ҳақдаги сўровини мутлақ асоссиз дея баҳолади.

Толибон ҳаракатига қарши турган “Шимолий алянс” лидерларидан бири, Афғонистон армияси бош штаби раҳбари бўлган Дўстум, 2008 йилда ўз собиқ сафдоши Акбарбой ва унинг оила аъзоларига куч қўллаганликда айбланиб, аввал уй қамоғига олинган, сўнгра Туркияга сургун қилинган эди.

2009 йил августида ўтказилган президент сайловлари олдидан Афғонистон шимолига қайтган Дўстум¸ шимолликларни Ҳамид Карзайга овоз беришга даъват қилган эди.
XS
SM
MD
LG