Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:34

Андижон солиқчилари нақд пул овига киришди


Гулнора Каримова ўтказган "хайрия тўйлари"дан сўнг вилоятда юзага келган нақд пул танқислиги муаммосини бартараф қилиш учун солиқ ходимлари пул йиғиш учун кўчага ҳайдалди.

Андижонда нақд пул муаммосини ҳал қилишга астойдил киришилгани ҳақида Озодликнинг Андижондаги мобил мухбири хабар қилди.

“Андижонда накд пул тушумини маромига келтириб, пенсия пуллари ва бюджет ташкилоти ходимларининг ойлигини ўз вақтида бериш учун солиқ ходимлари кўчага ҳайдалди. Солиқчилар фирма раҳбарлари ва хусусий тадбиркорларнинг юридик манзилларига биттама-битта бориб, ҳокимият томонидан белгилаб қўйилган мажбурий нақд пул суммасини банкка топширишга мажбур қилаяпти” дея хабар қилди мобил мухбиримиз.

Андижон вилоят Солиқ бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими солиқчиларнинг нақд пул тушумини тартибга солиш ишларига жиддий киришганини тасдиқлади.

Солиқ ходимига кўра, жойлардаги барча солиқ инспекцияларининг ходимлари оммавий равишда “пул йиғиш”га сафарбар қилинган.

- Бу нарсани йўлга қўйганмиз. Тадбиркорлик субъектларининг кунлик тушаётган пулини банкка топшириш иши яхши йўлга қўйилган, деди солиқ ходими.

Андижонда кейинги пайтда нақд пул муаммоси пайдо бўлгани боис вилоят пенсионерларига нафақалари ўз вақтида берилмаётганинини "Андижон почтаси"нинг пенсия пулларини тақсимлаш бўлимининг ўзини таништирмаган ходими ҳам Озодлик билан 4 июн кунги суҳбатда тасдиқлаган эди.

Андижон вилоят ҳокимлигининг иқтисодий масалалар бўлимининг ўзини ошкор қилишни истамаган ходимига кўра, вилоятда ҳокимлик билан молия бўлимлари ва солиқчилар томонидан нақд пул муаммосини ҳал қилишга жиддий эътибор қаратилган.

Ҳокимлик вакилига кўра, нақд пул тушириш имконига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг барчасига нақд пул топшириш мажбурияти юклатилган ва бу мажбуриятнинг бажарилишини солиқчилар назорат қилмоқда.

Озодликнинг мобил мухбирига кўра, нақд пул топшириш мажбуриятини бажаришга тадбиркорлар мажбурланмоқда.

“Тадбиркорлар бу пулни топиш йўлида йўлиқаётган муаммолар эса “пул йиғувчилар”ни умуман қизиқтирмайди. Вилоят ҳокимлигидаги йиғилишда ҳоким шу ишга маъсул ходимларнинг ҳаммасини қаттиқ ҳақоратлаб, сўкиб кўчага ҳайдаган" дея хабар қилди мобил мухбиримиз.

Андижон шаҳридаги дўконлардан бирининг эгаси¸ ўз шахсини ошкор қилмаслик шарти билан¸ май ойида нақд пул топшириш тушумини бажариш учун тўплаб қўйган пулларини ҳам банкка топширишга мажбур бўлганини айтади.

“Дўконимиз кичик бўлиб, ойлик тушуми бир миллион сўмга ҳам етмайди. Солиқчилар бизга бир миллион икки юз минг сўм “план” белгилади. Май ойида тушум кам бўлди. Машина учун тўплаётган пулларимни қўшиб банкка топширишга мажбур бўлдим” дейди андижонлик дўкондор йигит.

Андижондаги хусусий табобат маркази эгаси Абдуқодир Сатторовга кўра, тадбиркорларнинг ҳаммасига ҳам нақд пул топшириш мажбурияти юклатилмаган.

- Табобат бўлгани учун бизда унчаликмас. Биз ўзимиз бориб топширамиз. Биз банк билан шартнома тузмаганмиз. Бир ҳафтада икки марта ўзимиз бориб топширамиз. Масалан¸ мен касал тушишига қараб белгилайман. Биз беморларни кўрамизда. Беморлардан тушган пулни тоширамиз. Шунинг учун бизга мажбурият юклатилмаган. Мана бунча бемор кўрасан, мана бунча топширасан деган гап йўқ. Ëнимизда УЗИ кабинети бор. Улар 15-20 та касал кўради кунига. Тушумни банкка ҳар куни топширишади. Машина келиб олиб кетади улардан. Банклар билан инкасса қилиб қўйилган, деди Абдуқодир Сатторов.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов вилоятда юзага келган нақд пул етишмовчилигини жорий йил бошидаги “Наврўз” савдо мажмуасининг ёниб кетиб, тадбиркорларнинг ишсиз қолгани билан боғлайди.

- Январ ойининг бошида Наврўз савдо маркази ëниб кетган эди. Шу ерда 2500 га яқин савдогар савдо қилишарди. Тахминан ҳар куни 50-60 миллион нақд пул тушган. Бир ойга ҳисобласангиз, катта сумма. Борингки, 2 миллиард атрофида пул тушар эканда. Энди шу пул ҳозир тушмаяпти. Пулнинг банкларга тушишида дисбаланс пайдо бўлган. Шунинг учун 10-15 кун, баъзан 20 кунгача пенсиялар кечиктирилиб берилаяпти, дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Андижондаги нақд пул етишмовчилигини ўрганган мустақил таҳлилчи эса бунга бошқа сабабларни келтиради.

Таҳлилчининг ўз шахсини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, вилоятда нақд пул етишмаслиги президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ташаббуси билан ўтган хайрия тўйларига маҳаллий тадбиркорлар маблағининг жалб қилиниши билан боғлиқ.

“Мингта никоҳ ва суннат тўйлари доирасидаги тадбирлар Андижонда ҳам ўтди. Вилоятдаги бирорта тадбиркор бу тадбирдан четда қолмади. Ҳокимликлар бошчилигида тадбиркорлардан мажбурий хайрия пуллари ундирилди. Ва нақд пул топшириш режасига ўтган икки ойда кўз юмишди. Шунинг натижасида вилоятда нақд пул етишмовчилиги юзага келди” дейди андижонлик мустақил таҳлилчи.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:58 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG