Линклар

Полша ва Украинада 8 июн куни футбол бўйича 2012 йилги Европа чемпионати бошланди. Ўзбекистонлик футбол шинавандалари ҳар куни Тошкент вақти билан соат 21:00да ва 23:45да чемпионат ўйинларини жонли тарзда томоша қилмоқда.


Мусобақанинг биринчи кунида Полша ва Греция терма жамоалари ўртасидаги ўйин 1:1, Россия ва Чехия Республикаси жамоалари ўйини 4:1 ҳисобида россияликлар ғалабаси билан якунланди.

9 июн куни Ҳолландия жамоаси кутилмаганда Дания терма жамоасига 0:1 ҳисобида бой берди, Германия эса Португалия жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Якшанба куни Хорватия 3:1 ҳисобида Ирландия Республикаси терма жамоасини мағлубиятга учратди. Испания ва Италия жамоалари ўйини 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди.

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари қайси Европа жамоаларини кўпроқ қўллаётганини билиш учун респондентларга “Сиз кимга ишқибоз?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Санжар Исмоилов, санъаткор:

- Яхши командний ўйинларни кўраяпману, лекин юлдузларнинг ажралиб турадиган бир нимаси очилаëтгани йўқ. Балки чемпионат энди бошланганига ўйин қовушмаëтганидандир. Лекин ўртача команда йўқ. Ҳаммаси кучли. Фалон команда зўр чиқади, пистон команда бундай чиқади¸ дейиш сал қийин. Кеча Испания-Италия ўйини бўлди. Ҳақиқатан кучли ўйин бўлди. Ҳали муқим айтиб ҳам бўлмайдида. Ҳамма яхши тайëргарлик кўрган, чарчамаган. Биринчи ўйин бўлгани учун шиддат билан ўйнашаяпти. Ўзимга қолса энди биз совет пайтида шаклланганмиз, рус адабиëтини ўқиганмиз. Шундай бўлгандан кейин асосан Россияга болеть қиламан.


Ҳотам, талаба:

- Ўзи менинг футболга қизиқишим унча йўқ. Лекин оғайнилар билан кўришиш учун болеть қилиб футбол кўраман. Шахсан ўзим болеть қиладиган жамоа йўқ. Мен ўзи спортга ишқибоз эмасман. Тошкентда кўпчилик ëшларнинг орасида, 16 ëшдан 20-25 ëшгача бўлганлар орасида отдуши спортга қизиқиб¸ футболни отдуши томоша қилаётганлар қўшилаëтганлар кам. Кўпчилик ўзининг нонини топиш билан овора. Ëз келди, мана ўқишлар ҳам тугади. Ҳамма ишлаяпти.


Исмоил, Хоразм, қўшкўпирлик уста:

- Футбол ўйинини Машъал радиоси спорт программасида эшитяпман. Телевизорда кўролмаймиз. Свет чатақку. Ҳар куни 2-3-4 бўлади кейин ўчади. Хоҳлаган пайтида ўчиради, хоҳлаган пайтида ёқади. Радиода эшитамиз шуни ўзи бўлади. Болалар кўришаяпти. Кеча Италия билан Испания яхши ўйнади. Но, ничя бўлди. Мен футболга ишқибоз эмасман. Лекин мана шунақа чемпионатлани любой одам кўради. Манга барибир кўравераман. Лекин ҳеч бир томонга балет қилмийман.


Хоразм вилояти ИИБ ходими Латиф Жўрақулов:

- Йўқ, ака мен футболга қизиқмайман тўғрисини айтсам. Мен бошқа спорт турларига қизиқаман. Каратэга қизиқаман, кикбоксингга қизиқаман. Евро 2012 ўйинларини кўрмаяпман. Футболга ҳамкасбим қизиқади. У Англияга ишқибоз экан. Шундай деб ёзиб қўйинг.


Саиджон, Москвадаги меҳнат муҳожири:

- Кеча Италия-Испания ўйинини кўрдик. Вақтимизга қараб кўраяпмиз. Ҳаммасини баробар кўра олмаяпмиз. Ишдамизда кундуз куни. Кечки пайт кўраяпмиз. Ҳозир бир нарса дейиш қийинда. Менга ҳозирча Испаниянинг ўйинлари ëқади. Олдиндан ҳам ëқарди. Мен Португалия билан Испанияга. Билмадим юлдузлари кўпми ўйини яхшида. Россия-Чехияни кўра олмадик. Ўзингизга маълум ишдамизда. Дик Адвокатнинг йўналиши билмадим ëқмаяпти. Барибир ҳозир ютгани билан билмадим охирида нима бўлади. Испания, Италия, Австрия ўшаларга болет қилсангиз яхшироқда.


Маҳбуба, Ўзвиносаноат-Холдинг ходими:

- Евро 2012 футбол ўйинларини кўряпман. Россия, Италия, Испания ўйинларини кўрдим. Мен Россияга балет қиламан. Чунки бу команда менга ёқади. Бивший советский союз шунга нима қиламан. Россия чемпион бўлишини хоҳлиман. Ҳамма ўзига команда танлайди. Мен ҳам ўзимга Россияни танлаганман. Менга Аршавин, Коржаков, Широковнинг ўйинлари ёқади. Менга яна Португалия, Италия, Испания командаларининг ўйинлари ҳам ёқади. Лекин ким чемпион бўлишини айта олмайман.


Аҳмад, Қашқадарё:

- Футболга қизиқаман. Кеча Испания-Италия ўйинини кўрдим, Россия билан Чехияни кўрдим, Португалия билан Германия ўйинини кўрдим. Менга Испанияни ва Россияни ўйинлари ёқаяпти. Яхши ўйинлар бўлаяпти. Ёмон деб бўлмайди. Ҳаммаси бир-биридан чиройли яхши ўйинлар бўлаяпти. Мен кўпроқ Испания билан Россияга балет қиламан, мухлислик қиламан. Лекин ҳозирдан мана бу терма жамоа чемпион бўлади дейиш қийин. Ҳаммаси бир-биридан кучли. Дания Голландияни ютиб қўйди. Ҳеч ким буни кутмаган эди. Голландияда зўр ўйинчилар бор. Данияда кўзга кўринган ўйинчилар йўқ. Шундай бўлса ҳам ютиб қўйди. Ўйинда бу. Ҳалиги айтадику, тўп юмалоқ майдон текис, деб. Қайсиниси яхши ўйнаса, мураббийнинг кўрсатмаларига амал қилса, ўшанга кўпроқ боғлиқми дейман? Баъзида бураббийнинг битта хатоси кўп нарсани ҳал қилиб қўйиши мумкин. 2-3та тур ўйин ўтганидан кейин ким чемпион бўлишини гапирсак бўлади. Ҳозир бир нима деб бўлмайдим.


Содиқ, сурхондарёлик тижоратчи:

- Футболга кўп ҳам қизиқмайман. Кеча Испания билан Италия ўйнаётган экан ўшани томоша қилдим. Энди ўзимми бошқа ишим борда. Лекин футбол ўйнаб турамиз. Олдин кўрган пайтимда кўпроқ Россия командасига балет қилардим. Ҳозир ҳам Россияга балет қиламан. Россия командасини одам қанақадир яқин олади ўзига.


******************************************************************************

Ҳурматли муштарий, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулоҳазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG