Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:44

Ўзбеклар Женевада норозиликка чиқмоқчи


Қодиржон Ботиров.
Қодиржон Ботиров.

“Қирғизистон фуқаролари бўлган ўзбекларга нисбатан давом этаётган зўравонлик, дискриминация ва зулм тўхтатилсин!” Бу “Мажбуран чет элларда яшаётган Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги аъзоларининг 2010 йил июн воқеаларининг икки йиллиги муносабати билан” 10 июн куни эълон қилган махсус баёнотида илгари сурилган талаблардан биридир. Баёнот муаллифларидан бири, Қирғизистондаги Ўзбек Миллий Маданият Маркази вице президенти, ҳозирда Швецияда истиқомат қилаётган Қодиржон Ботиров ҳужжатни шарҳлар экан, 13, 14, 15 июн кунлари қирғизистонлик ўзбеклар Женевада норозилик акцияси ўтказмоқчи эканликлари тўғрисида хабар қилди.


Баёнот муаллифлари фикрича, бундан “Икки йил аввал, 2010 йилнинг 10-15 июн кунлари ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ва ҳарбийларнинг жинояткорона қўллови, айрим жойларда эса уларнинг бевосита қатнашуви билан қутурган оломон Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар яшайдиган маҳалла ва қишлоқларга ҳужум қилдилар”.

Ҳужжатга имзо чекканлар фикрича, ҳужум “ўзбек жамоатчилигининг сиёсий элитасини йўқотиш мақсадида олдиндан режалаштирилган ва шу билан бирга Қирғизистон Муваққат ҳукуматининг айрим аъзолар томондан бошқарилган жиноий актдир. Бу билан улар бирданига икки мураккаб масалани ҳал қилишмоқчи эди:

биринчиси: сиёсий фаоллиги ортиб ва мустаҳкамланиб бораётган ўзбеклар раҳбариятини йўқотиш;

иккинчиси: ҳеч қандай айби бўлмаган ўзбеклардан умумий душман образини яратиб, қирғиз уруғларини уларга қарши қўйиб, уруғлар орасидаги ўзаро қарама-қаршиликни барҳам бериб, уларни бириктириш эди.

Ташкилотчилар ва қирғинга бевосита қатнашганлар бунинг эвазига мамлакатни мажбуран ташлаб кетган бадавлат ўзбекларнинг бойлигини бўлиб
олишни режалаштирган эдилар”, дейилади Қодиржон Ботиров ва бошқалар имзолаган баёнотда.

Ҳужжат муаллифлари фикрича, Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан турли кўринишдаги босимлар ҳануз давом этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, баёнот муаллифлари “турли халқаро қонунлар доирасида ўзига олган мажбуриятларни бажаришига Қирғизистон ҳукуматини қатъий даъват қилишни талаб қилиб дунё жамоатчилигига, халқаро ташкилотларга, хусусан, инсон ҳуқуқларининг халқаро меъёрларини сақланишини назоратга олишга ундалган БМТ, ЕХҲТга мурожаат” қилганлар.

Баёнотни шарҳлар экан, Қодиржон Ботиров бундай деди.

- Мана 2010 йилдан бери икки йил ўтди. Яхши тарафга ўзгаргани йўқ. Буни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Нима ҳолатлар бўлаëтгани, аҳвол қандайлигини яхши биламиз. Ўзбек халқига, ўзбек миллатига нисбатан қандайлигини яхши биламиз. Шундай бўлгандан кейин шу талабларни қўйишга мажбур бўлдик. Бутун дунë ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар шунга бош бўлиб Қирғизистонни қонун йўлига буриш. Агар Қирғизистон ҳукумати, Қирғизистон парламенти бу нарсаларни халқаро жамиятнинг аъзоси бўлгандан кейин¸ ўйлаймизки қилиши шарт. Фақат уларни алдамасдан, икки стандартли иш қилмасдан, у ерда тутган иши бошқа, халқаро жамиятлар, ташкилотлар ичида ўзларини ҳуқуқий демократик давлат қураяпмиз деб очиқдан очиқ айтишаяпти. Аслини олганда ундай нарсанинг ўзи йўқ. Шунинг учун биз талабларни қўйишга мажбур бўлаяпмиз, деди Қодиржон Ботиров.

"Қирғизистон ҳукумати халқаро жамоатчилик олдида ўзига олган мажбуриятларини бундан кейин ҳам бажармаган тақдирда, биз БМТ Хавфсизлик Кенгашини 2010 йил июнь воқеаларини тергов қилишни Халқаро Жиноий судига ўтказиш масаласида Қирғизистон бўйича махсус резолюция қабул қилишга ҳамда Қирғизистон ҳукуматига нисбатан қатъий санкциялар жорий қилишга чақирамиз”, дейилади “Мажбуран чет элларда яшаётган Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги аъзоларининг 2010 йил июн воқеаларининг икки йиллиги муносабати билан” 10 июн куни эълон қилган махсус баёнотида.

Ҳужжатга Қодиржон Ботировдан ташқари яна 15 киши имзо чеккан.

Айни пайтда Қодиржон Ботиров 13, 14, 15 июн кунлари қирғизистонлик ўзбеклар Женевада норозилик акцияси ўтказмоқчи эканликлари тўғрисида хабар қилди.

- Қирғизистондан чиққан ўзбекларнинг бугунги ҳолати яхши эмас. Уч-тўртта одам қочоқ статусини олган, шу қаторда мен ҳам. Бошқа ўзбекларимизнинг аҳволи яхши эмас. Шунинг учун Европада озчиликни ташкил қилган бугунги ҳолатда яққол Женевада, инсон ҳуқуқини ҳимоя қиладиган комитет олдида пикет уюштириб, ўзбек халқининг бугунги муаммоларини очиқ қўймоқчимиз, деди Қирғизистондаги Ўзбек Миллий маданият маркази вице-президенти, ҳозирда Швецияда истиқомат қилаётган Қодиржон Ботиров.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:23 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG