Линклар

logo-print

Азимжон Асқаровни озод қилиш ҳаракати тўхтамади


Азимжон Асқаров Бишкекдаги қамоқхоналардан бирида сақланмоқда.

Азимжон Асқаров Бишкекдаги қамоқхоналардан бирида сақланмоқда.

Ню Йоркдаги журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси АҚШ, Европа Иттифоқи, ОБСЕ раҳбариятига Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаровни тезликда ва ҳеч қандай шартларсиз озод этишга чақиришни тавсия этди.

Ню Йоркдаги журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси баёнотида айтилишича, Азимжон Асқаровга нисбатан тергов иши, унинг адвокатлари билдирган фикрлар, халқаро ташкилотларнинг бу борадаги билдирувлари ўрганилиб чиқилган.

Адвокатларнинг ва халқаро ташкилотларнинг баёнотларида Азимжон Асқаровга нисбатан тергов жараёнида қийноқлар қўлланилгани айтилади. Шундан келиб чиққан ҳолда журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси халқаро ҳамжамиятни “Қирғизистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги борасидаги халқаро ҳамда ички мажбуриятларини бажаришга чақиришга” даъват этади.

Мазкур халқаро ташкилот Қирғизистон Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага Азимжон Асқаровга, унинг акасига нисбатан қийноқлар қўлланилиши ҳолатини теран ўрганишни, маҳбусларни қийноққа солган ҳуқуқ-тартибот ходимларини жиноий жавобгарликка тортишни тавсия қилган.

Қирғизистонлик бир қатор нодавлат ташкилотлари ҳам қирғиз ҳукуматидан Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқишни талаб қилишмоқда. Қирғиз ҳуқуқ фаоллари Асқаровга нисбатан жиноят иши соҳталаштирганини айтиб келадилар.

- Биз ҳозирдан бошлаб Азимжон Асқаровни озодликка чиқариш бўйича бундан-да кўпроқ ишлашни бошлаймиз. Бир киши томонидан қўйилган, ноқонуний ва коррупциялашган судялар Қирғизистонни шу аҳволга олиб келишди. Биз Асқаровнинг яқинларига ва ҳамфикрларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биз эркинлик учун курашни давом эттирамиз, Азимжон Асқаров ва бошқа бегуноқ қамалганлар озодликка чиқади, - деди қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлейқан Исмаилова.

Бишкекдаги “Фуқаролар коррупцияга қарши” нодавлат ташкилотининг маълум қилишича, маҳкама жараёнларига Азимжон Асқаров ҳимояси гувоҳлари чақиртирилмаган.

Асқаров иши бўйича ўтган суд жараёнларини кузатиб борган жалолободлик ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шарипов қуйи инстанция судларида ҳам кўплаб қонунбузарликлар кузатилганини айтади:

- Бу ерда ҳар бир судланувчига уларни қонун доирасида ҳимоя қилинишига имконият берилиши керак эди. Бу ерда адвокатлар судланувчи олдига киролмаса, адвокатлар калтакланса, адвокатлар қўрқитилса, айбланувчилар томонидан келган гувоҳлар судга қўйилмаса, бу ерда процессуал қонун-қоидалар жуда қўпол равишда бузилган. Биз бу ҳақда доим очиқ айтиб келганмиз. Шунинг учун, яна такрорлайман, бу ерда ноҳақ, ноқонуний қарор чиқарилган, - дейди Абдумалик Шарипов.

Айни пайтда Қирғизистон расмийлари, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари Азимжон Асқаровга қўйлган айбловлар маҳкама жараёнларида исботланганини айтиб келади.

Қирғизистоннинг Бозорқўрғон туманидан бўлган ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров Ўш қирғини ташкилотчиларидан бири сифатида айбланиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Халқаро ҳамжамият Асқаров ишини сиёсийлаштирилган ва сохталаштирилган деб таниган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG