Линклар

logo-print

Уилям Бернс Ўзбекистонга сафар қилмоқда


АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уилям Бернс.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уилям Бернс.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уилям Бернс 12-13 июн кунлари Тошкентда ўзбек расмийлари билан музокаралар ўтказади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Давлат котиби ўринбосари минтақавий хавфсизлик ҳамда АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги миссиясини қўллаб-қувватлашдаги саъй-ҳаракатларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг юқори лавозимли расмийлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади, дея маълум қилди

Шунингдек, Ўзбекистонга ташрифи давомида жаноб Бернс фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашади.

“Давлат котиби ўринбосари минтақавий иқтисодий интеграция, ўзаро савдо-сотиқ ва сармоявий алоқаларни чуқурлаштириш, шунингдек, демократик муассасаларни мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аҳамиятига оид фаолиятга эътибор қаратади”,- дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

НАТО етакчилигидаги иттифоқчи кучлар Афғонистондаги қўшинлари ва ҳарбий техникасини шу йил охирларидан бошлаб олиб чиқа бошлайди.

Покистон билан юзага келган келишмовчиликлар АҚШ ва НАТО раҳбариятини Марказий Осиё ва Россия орқали ўтадиган Шимолий таъминот тармоғига каттароқ эътибор қаратишга мажбур қилган.

Шу жиҳатдан мартабали АҚШ расмийсининг Тошкентдаги музокаралари кун тартибида айнан шу келишув жиҳатлари бош мавзу бўлиши тахмин этилмоқда.

Ўтган ҳафта НАТО расмийлари Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг яна икки давлати билан Афғонистондаги ўн минглаб зирхли машина, контейнер ва қурол-яроқни мамлакат ҳудуди орқали олиб чиқишни кўзда тутувчи битим борасида келишгани ҳақида маълум қилган эди.

Эришилган битимга мувофиқ, НАТО ўн минглаб зирхли машина, контейнер ва қурол-яроқни Афғонистондан Марказий Осиё ва Россия орқали Европага етказа олади.

- Покистон орқали ўтадиган йўл яқин, лекин таҳликали, мамлакат шимолий минтақалари нобарқарор, ҳукумат у ерда етарли назорат ўрнатмаган. Покистон ҳукумати коалиция кучлари учун йўлни очиб бергани тақдирда ҳам ушбу таъминот йўли ҳарбий юкларни олиб ўтиш учун ҳатарли.

Шундай экан, АҚШ ва НАТО учун шимолий таъминот тармоғи нисбатан хавфсиз эканини кўрамиз, - дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг сиёсий шарҳловчиси профессор Юрий Фёдоров.

Афғонистонда НАТО етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар 2014 йил охиригача якун топиши айтилган.

Бу жаноб Бернснинг Ўзбекистонга АҚШ Давлат котиби муовини лавозимидаги иккинчи ташрифидир.

2009 йилда у Тошкентга келган ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан қабул қилинган эди.

Бу сафар жаноб Бернснинг Ўзбекистон президенти билан учрашиш ё учрашмаслиги ҳозирча аниқ эмас.

АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Уилям Бернс, Давлат котибининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари сифатида 2008 йилнинг май ойидан буён хизмат қилмоқда.

У, шунингдек, Давлат котибининг Яқин Шарқ ишлари бўйича ёрдамчиси ва АҚШнинг Иорданиядаги элчиси лавозимида ҳам фаолият кўрсатган.

Ўзбекистонга ташрифидан сўнг АҚШ Давлат котиби ўринбосари Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрига ҳам боради ва у ерда “Осиё юраги” номли анжуманда Америка делегациясига бошчилик қилади.

XS
SM
MD
LG