Линклар

Россия мухолифати етакчилари сўроқ қилинмоқда


Россия прокуратурасига чақиртирилган мухолифатчилар орасида Илья Яшин ва Ксения Собчаклар бор.

Россия прокуратурасига чақиртирилган мухолифатчилар орасида Илья Яшин ва Ксения Собчаклар бор.

Россияда сиёсий мухолифат лидерлари 12 июн куни прокуратурага сўроққа чақиртирилди. Айни пайтда, мухолифат тарафдорлари Москвада президент Владимир Путинга қарши “Миллионлар марши” номли юриш уюштирди.

Россия мухолифати лидерлари Илья Яшин, "Левый фронт" ҳаракати раҳбари Сергей Удалцов, коррупцияга қарши блоггер Алексей Навалний ва тележурналист Ксения Собчак 6 май куни Москвада ўтказилган норозилик намойиши пайтида полиция ва намойишчилар ўртасида рўй берган тўқнашувлар бўйича сўроқ учун прокуратурага чақиртирилди.

Полиция ходимлари душанба куни мухолифатнинг ўнлаб аъзолари, жумладан, Навалний, Собчак ва Яшиннинг уйида тинтув ўтказди.

Тинтув тугаганидан сўнг Навалний киноя билан бундай деди:

- 13 соат давом этган тинтув тугади. Аср жинояти содир этилганга ўхшайди. Чунки текширувчилар гуруҳи 160 терговчидан иборат эканини биламиз. Бу жуда ғалати ҳолат. Москвада ҳозир бошқа каттароқ жиноят содир этилмаган кўринади,- деди Навалний.

Терговчиларга кўра, Яшин ва Собчакнинг уйидаги тинтув пайтида бир миллион евродан ортиқ нақд пул топилган.

---

Москва ИИБнинг Интернет сайтида терговчилар топгани айтилаётган нақд пул ва унинг устида Собчакнинг исми ёзилган оқ конверт тургани тасвирланган фотосурат эълон қилинган.

Тинтувдан кейин Ксения Собчак ўзининг Твиттер саҳифасида: “Менинг йиллик даромадим икки миллиондан ортиқ. Банкларга ишонмасам, пулни уйимда сақлашга ҳаққим йўқми?” деб ёзди.

Россия расмийлари Путинга қарши намойишлар хориж ҳукуматлари ва ташкилотлари томонидан молиялаштирилаётганини иддао қилиб келади.



Ўтган ҳафта Путин рухсат этилмаган намойишлар уюштириш ёки унда қатнашган шахслар ёки ташкилотларга, шунингдек, рухсат берилган намойиш шартларини бузганлик учун жарималар миқдорини жиддий тарзда оширишни назарда тутган қонунни имзолади.

Янги қонунда рухсат этилмаган намойишда қатнашган шахслар 9 минг доллар, ташкилотчилар 18 минг доллардан ортиқ, рухсат этилмаган намойишда қатнашган гуруҳлар ёки ташкилотларга жарима ҳажми 30 минг доллардан ортиқ қилиб белгиланган.



Қонунда жарима тўлай олмаган ёки тўлашни хоҳламаган шахсларнинг 200 соатгача мажбурий меҳнатга жалб этилиши назарда тутилган.

Янги қонунда намойишлар ўтказиш тақиқланган жойларнинг рўйхати ҳам келтирилган.

Мухолиф сиёсатчи Сергей Митрохин ўтказилган рейдлар Путиннинг ислоҳотлар ўтказиш ўрнига диссидентларга нисбатан репрессия чораларини қўллашни афзал кўраётганига ишора эканини айтди.

Сергей Удалцов янги қонун ва рейдлар одамларни қўрқитиб уйларида жимгина ўтиришга мажбур қила олмаслигини таъкидлади.

Айни пайтда, 12 июн куни Россия мухолифати Москвада 20 минг кишилик намойиш уюштирди.

Тадбир қатнашчилари “Ҳокимият халққа!”, “Йўқолсин полиция давлати!” каби шиорларни кўтариб чиқди.

Айни пайтда, Россия Тергов қўмитаси 6 май куни Болотная майдонида рўй берган тартибсизликлар бўйича 12 июн куни прокуратурага чақиртирилган мухолифат аъзолари гувоҳ ўлароқ сўроққа тутилгани сабабли уларга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда ушлаб туриш чораси қўлланилмаслигини билдирди.

Қўмита вакили Владимир Маркинга кўра, “Миллионлар марши”да қатнашаётгани учун прокуратурага кела олмаган Сергей Удалцов прокуратурага мажбуран олиб келинмаслиги балки бошқа кунга таклиф қилинишини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG