Линклар

Ўзбекистонда 82 киракашга жиноий иш очилди


Суд қарорига кўра, 6049 кишига маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, уларга жами 3216 миллион сўм жарима солинган.

Суд қарорига кўра, 6049 кишига маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, уларга жами 3216 миллион сўм жарима солинган.

Ўзбекистонда жорий йилнинг беш ойи давомида 5 мингга яқин рейд ўтказилиб, лицензиясиз таксичилик қилган 82 ҳайдовчига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани айтилмоқда.

Ўзбекистон солиқ қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг беш ойи давомида лицензиясиз кира қилаётган ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида 4819 та рейд ўтказилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Автомобил ва дарё транспорти агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган ушбу рейдлар давомида киракашлик қилаётган шахсларга тегишли жами 19960 та транспорт воситасининг фаолияти текширилган.

Расмий маълумотда айтилишича, текширув натижасида 7843 нафар ҳайдовчи қонунга ҳилоф равишда киракашлик қилаётгани аниқланган ва улардан 6817 нафарининг иши судга оширилган.

Суд қарорига кўра, 6049 кишига маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, уларга жами 3216 миллион сўм жарима солинган.

Шунингдек, суд қарори билан 82 нафар ҳайдовчига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Автомобил ва дарё транспорти агентлиги матбуот котиби Норбек Тошниёзовнинг Озодликка айтишича, ўтказилган беш мингга яқин рейдлар орқали такси ислоҳотининг ижобий томонларини тарғибот қилиш мақсад қилинган.

- Рейд давомида ҳаракатланаëтган транспорт воситасини йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тўхтатади. Ҳужжатларини текширганда лицензияси йўқ бўлса, протокол тузилади. Давлат солиқ инспекцияси ходимлари тегишли чора кўради. Биз лицензия масаласи билан шуғулланамиз. Агар лицензияси бор бўлса, лекин лицензия шартини бузиб ҳаракатланаëтган бўлса, бу бўйича ҳайдовчи биринчи навбатда огоҳлантирилади. 10 кун муддатга лицензиясини тўхтатиб туради. Ўша муддатда бартараф қилиниб тегишли чора кўрилса, лицензияси қайтадан кучга кириб кетаверади. Агар 10 кунда тузатмаса, судга берамиз. Суд кўриб чиқади. Транспорт кўрсаткичи хизматга нолойиқ деб топилса, лицензияси бекор қилинади,- дейди Автомобил ва дарё транспорти агентлигининг матбуот котиби.

Норбек Тошниёзовга кўра, ҳозирга қадар мамлакат бўйича жами 11 мингга яқин ҳайдовчи лицензия олиб, қонуний равишда фаолият кўрсатмоқда.

Ўн йилдан буён Тошкентда шахсий Нексия автомобилида киракашлик қилаётган Шомурод ака ҳали бу рўйхатга кирмаган.

Ҳозирда лицензиясиз кира қилаётган Шомурод аканинг айтишича, такси ислоҳоти бўйича қарорнинг ижроси амалда сустлиги учун ўзи сингари киракашлар қонуний ҳужжатни олишга шошилмаяпти.

- Ҳали лицензия олмадик. Секин-секин ишлаяптию ҳамма одамлар. Кимдир лицензия олаяпти. Олмагани юрибди. Нима қилсин амаллаяпти. Лекин ушласа штраф солади энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдорида. Энди давлат унча қаттиқ ушлолмаяпти. Бўлмаса, бир минутнинг ичида тартибга соладику буни. Амалда қаттиқ ушламаяптида. Қаттиқ ушласа, таксопаркка бориб лицензия, патент олиб ишлайсан, бошқа илож қолмайди,- дейди тошкентлик киракаш Шомурод ака.

Автомобил ва дарё транспорти агентлигининг матбуот котиби Норбек Тошниёзов такси ислоҳотига нисбатан билдирилаётган ишончсизликларга нисбатан шундай жавоб беради.

- Кўпчилик нотўғри тушунаяпти. Ҳамма кўчада турган, юрган ҳаммасини ушлаб олиб лицензия бера олмайсан деган маънода. Ҳар кўчага ГАИ қўйишнинг имконияти йўқ. Қоида бузаëтган ҳайдовчи ҳамма жойда бўлганидай бизда ҳам бор. Тегишли идоралар чора-тадбирлар олиб бораяпти. Бизнинг асосий мақсадимиз янги ташкил қилинган тадбирни аҳоли учун ҳам, фаолият кўрсатаëтган ҳайдовчи учун ҳам яхши экани ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Таксистларга шароит яратиб бериш чоралари кўрилаяпти. Масалан, махсус тўхтаб туриш жойлари қилинаяпти. Унақа жойларда фақат лицензияга эга бўлган транспорт воситасигина тура олади. Бу ҳам бир қулайлик. У ерда одам олиш ҳуқуқига фақат улар эга бўлади,- дейди Норбек Тошниёзов.

Ўзбекистонда 2012 йилнинг 1 январидан “Йўналишли такси фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори кучга кирди. Унга мувофиқ, йўловчи ташиш билан шуғулланмоқчи бўлган ҳайдовчи лицензия олиши шарт.

Лицензиясиз кира қилган фуқаро энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жаримага тортилади (айни пайтда энг кам ойлик иш ҳақи – 62920 сўм). Ушбу ҳолат такроран рўй берса, транспорт воситаси мусодара қилиниб, ҳайдовчи жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Маълумотларга кўра, биргина Тошкентда 1200 дан ортиқ лицензияга эга йўналишли такси фаолият юритмоқда. Аммо бу бир неча миллион аҳоли яшайдиган шаҳар учун ниҳоятда кам.

Норасмий маълумотларга кўра, қонун кучга киргунга қадар Ўзбекистон пойтахтида 35 минг атрофида лицензиясиз "киракаш" бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG