Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:51

Ўш воқеаларидан кейин судланганларнинг 98 фоизи ўзбек


БМТ вакилига кўра, 102 кишидан 61 нафари тергов жараёнида қийноқларга солинганлари тўғрисида суд мажлисларида очиқ айтган.
БМТ вакилига кўра, 102 кишидан 61 нафари тергов жараёнида қийноқларга солинганлари тўғрисида суд мажлисларида очиқ айтган.

2010 йил, июн воқеаларидан сўнг Қирғизистон жанубида ўтказилган судловлардан 22 тасида ҳаммаси бўлиб 102 фуқаро судланди ва судланганларнинг 97 нафари ўзбеклардир. Бу ҳақда Озодликка БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўшдаги вакили Ренате Фрейх маълум қилди. Унинг айтишича, судланганларнинг аксарияти тергов жараёнида турли кўринишдаги қийноқларга солинган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ўшдаги вакили Ренате Фрейхга кўра, 2010 йил, июн воқеаларида иштирок этганликда айбланган 61 киши тергов давомида қийноққа солинган ва мазкур масала юзасидан давлат органларининг биронта ҳам амалдори жавобгарликка тортилган эмас.

БМТ вакилининг бу баёноти июн воқеалари бўйича ўтказилган судловлар мониторингига асосланган.

Халқаро ҳамжамият вакиллари Қирғизистон жанубида 102 шахс устидан ўтказилган 22 суд жараёнини бевосита кузатган.

Ренате Фрейхга кўра, судланганларнинг аксарияти айбловларни қийноққа солинганлари туфайли бўйнига олишга мажбур бўлган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати саволларига жавоб берар экан, Ренате Фрейх, жумладан, бундай деди:

- Биз кузатган 22 иш бўйича судланган 102 фуқаронинг 97 нафари ўзбек, 4 нафари қирғиз ва 1 нафари қозоқ миллатига мансуб фуқаролар эди. Тилга олинган 102 кишидан 61 нафари тергов жараёнида турли кўринишдаги қийноқларга солинганлари тўғрисида суд мажлисларида очиқ айтган, деди Ренате Фрейх.

БМТ вакили қийноқ фактлари очиқ айтилганига қарамай, уларни қўллаган бирон киши ҳам жавобгарликка тортилмаганидан, бундай ҳолатлар ҳанузгача кузатилаётганидан норозилик билдирди.

Ренате Фрейхга кўра, БМТ вакиллари қийноққа солинганлар билан боғлиқ ишларни бундан буён ҳам назорат қилади.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари БМТ вакилининг баёнотида келтирилган фактларни инкор этмоқда.

Ўш шаҳри прокурори Атай Шакир уулунинг айтишича, Рената Фрейх баёнотида келтрилган фактлар текширилган, лекин қийноқ фактлари аниқланган эмас.

- Биз Фрейх айтган 61 иш бўйича махсус текширув ўтказдик. Бироқ бу фактлар ўз тасдиғини топгани йўқ, деди Ўш шаҳри прокурори.

Ўш фожеаси кунлари оддий фуқароларнинг милиция ходимлари томонидан калтакланганини ўз кўзи билан кўрган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, “Қилим шами” ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова мана бундай фикрни билдирди.

- Прокуратура бир томондан давлат қораловчисидир, иккинчи томондан қийноқ қўллаш йўли билан очилган жиноятларни фош қилишга иштирок этмоқда. Демак, прокуратура жиноятни очишдан манфаатдор бўлгани учун, ўз манфаатига ётмайдиган қадамларни ташлай олмайди, дейди Азиза Абдурасулова.

Аввалроқ БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендос июн фожеаси юзасидан ўтказилган тергов ишлари давомида қийноқлар қўлланилганини эълон қилган ва мамлакат ҳукуматини бу кўринишга қарши чора қўллашга чақирган эди.

Қирғизистон президенти фармойишига биноан икки ой мобайнида ишлаб чиқилган Ўш қирғинининг расмий версиясига кўра, Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари (73,3%) ўзбеклардир.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:38 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG