Линклар

logo-print

Сиднейдаги Иқтисод ва тинчлик институти тарафидан эълон қилинган бу йилги Global Peace Index - тинчликсеварлик рейтингида Ўзбекистонга 158 мамлакат орасида 110-ўрин берилди.

Бу кўрсаткич ўтган йилдагига қараганда тўрт поғона пастроқдир. 2011 йилда Ўзбекистон Global Peace Index рейтингида 106 ўринда эди.

Глобал тинчликсеварлик индекси 23 та омилга асосланиб тузилади. Ички ва у ёки бу мамлакат аралашган халқаро можароларнинг мавжудлиги ва уларнинг кўлами, бир мамлакат ичидаги барқарорлик ва хавфсизлик даражаси, давлат милитаризацияси – ҳарбий бюджет миқдори, ҳар 100 минг аҳолига ҳарбий хизматчилар, маҳбуслар сони, сиёсий террор, терактлар ва бошқа омиллар эътиборга олинади.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Тожикистон энг тинчликпарвар давлат сифатида кўрилган ва бу мамалкат тинчликсеварлик рейтингида 99 ўринда.

Қозоғистон рейтингда ўтган йилдагига қараганда 12 поғона пастлаб, 105 ўринга тушган.

Туркманистон эса глобал тинчликсеварлик рейтингида 117 ўринда.

Иқтисод ва тинчлик институти хулосасига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қирғизистон тинчликсеварлик бобида энг ёмон кўрсаткичга эга.

Бу давлат глобал тинчликсеварлик рейтингида 131 ўринда.

Тошкентдаги “Ижтимоий фикр” маркази директори ўринбосари Марат Хожимуҳаммедов Global Peace Indexда Ўзбекистонга берилган баҳо билан қўшилаолмаслигини айтади.

-Тинчликсеварлик, элатлараро толерантлик бу ердаги халқлар қон-қонига сингиб кетганку аҳир. Бу ерда асрлардан бери халқлар тинч-тотув яшаб келмоқдаку. Ўзбекистонга келган олимлардан бири, агар толерантлик бўйича жаҳон миқёсида мукофот таъсиси этилса шу мукофотни ўзбек халқига берган бўлар эдим, деб айтган эди. Бу рейтингда Ўзбекистонга нисбатан мутлақо нотўғри баҳо берилган, - дейди Марат Ҳожимуҳаммедов.

Собиқ Совет ўлкалари орасида Украина тинчликсеварлик рейтингида 71, Беларус 109, Арманистон 115, Озарбайжон 132, Грузия 141, Россия 153 ўринда.

Глобал тинчликсеварлик рейтингида Исландия энг тинчликсевар мамлакат деб топилди. Дания рейтингда иккинчи, Янги Зеландия эса учинчи.

Вазият энг нобарқарор бўлган давлатлар учлигига Сомали, Афғонистон ва Судан киритилган.

Бу йил вазият кескин ёмонлашган мамлакат Суриядир. Ҳукумат кучлари ва исёнчилар ўртасида қонли можаро давом этаётган бу мамлакат тинчликсеварлик рейтингида ўтган йилгига қараганда 30 поғона пастлаган.

Тинчликсеварлик томон энг кескин ўзгариш эса Шри-Ланкада қайд этилган.

Бу мамлакат рўйхатда ўтган йилдагига қараганда 30 поғона кўтарилган.

Global Peace Index - глобал тинчликсеварлик рейтинги юқори ўнлигидаги давлатлар - Исландия, Дания, Янги Зеландия, Канада, Япония, Австрия, Ирландия, Словения, Финляндия, Швейцариялардир.

Рўйхатнинг қуйи ўнлигидаги мамлакатлар эса Покистан, Исроил, Марказий Африка Республикаси, Хитой, Россия, Конго, Ироқ, Судан, Афғонистон ва Сомалидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG