Линклар

logo-print

НАТО раҳбари Покистон йўли очилишидан умидвор


НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

Австралияга сафари чоғида қилган баëнотида НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Покистон ҳукуматининг яқин келажакда Афғонистонга транзит йўлини очишига умид билдирди.

- Биз имкон қадар кўпроқ имконга эга бўлишни истаймиз. Афғонистондаги кенг кўламли миссияни тугатишнинг логистика жиҳатдан қанчалик мураккаб эканини айтиб ўтиришга ҳожат йўқ. Бу ишни бажариш учун бизга имкон қадар кўп транзит йўли керак¸ деди НАТО Бош котиби.

Расмуссенга кўра¸ айни кунларда Исломобод ҳукумати билан Жанубий таъминот тармоғи деб аталувчи йўналишни қайта очиш юзасидан музокаралар сўнгги босқичга кирган.

НАТО учқичларининг Афғонистонга туташ Покистон ҳудудларидаги жанггарилар лагерларига уюштирган ҳужумлари оқибатида ўтган йил ноябр ойида 24 Покистон ҳарбийси ўлдирилган эди. Бунга норозилик тариқасида Исломобод Афғонистондаги НАТО ва АҚШ қўшинлари таъминоти учун зарур бўлган транзит йўлини ëпиб қўйган эди.

Ўтган ҳафта АҚШ расмийларининг транзит йўлини қайта очиш юзасидан Покистон билан ўтказган музокаралари самарасиз тугади.

2014 йил охирига қадар Афғонистондаги 130 минглик қўшинини чиқаришни режалаëтган НАТО Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва Қирғизистон билан ҳарбий техникани олиб чиқиш транзити юзасидан келишувга эришди.

НАТО Бош котиби Марказий Осиëдан ўтувчи мазкур йўналиш орқали ҳарбий техникани олиб чиқиш Покистон йўлига нисбатан анча қиммат эканини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG