Линклар

Ўш қирғинида айбланган маҳбуснинг жасади чиқди


Ўш қирғини кунлари Санпа деб аталувчи ҳудудда ўнга яқин одамни ўлдирганликда айбланиб, 19 киши судланган.

Ўш қирғини кунлари Санпа деб аталувчи ҳудудда ўнга яқин одамни ўлдирганликда айбланиб, 19 киши судланган.

Ўш қирғинида иштирок этганликда айбланиб бир умрга қамалган Ғофуржон Абдураҳмоновнинг қамоқдан жасади чиқди.

Ғофуржон Абдураҳмонов - 2010 йил июн ойида содир этилган Санпа воқеаси айбдори сифатида айбланиб, бир умрга қамалган 19 маҳбусдан бири.

Ўш қирғини кунлари Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида яшовчи бир гуруҳ ўзбек миллатига мансуб одамлар Бишкек –Ўш автойўлининг Санпа деб номланган қисмини тўсиб қўйган эди. Йўлни тўсганлар ҳукумат томонидан Бишкекдан Ўшга кетаётган ўнга яқин одамни ўлдирганликда, ўнлаб автомашиналарга ўт қўйганликда айбланган. Санпа воқеасида айбланиб қамалган 19 одамнинг 18 нафари бир умрга кесилган, бир одамга эса 25 йиллик муддат белгиланган.

Қирғизистон Жазони ўташ бош бошқармаси матубот котиби Элеонора Сабатарованинг айтишича, Ғофуржон Абдураҳмонов 12 июн куни эрталаб Чуй вилоятининг Петровка қишлоғидаги қамоқхонадан Бишкекдаги 1-сонли қамоққа кўчирилган. Шу куни туш пайти камерадан унинг жасади топилган.

- Тахминан кундузги соат бирларда олтинчи камерада бўйнидан дераза панжарасига осилган ҳолда муҳбус Абдураҳмоновнинг жасади топилган. Қирғизистонда умрбод қамалганлар учун қамоқхона йўқ. Шунинг учун улар мунтазам тарзда у қамоқхонадан бошқа қамоқхонага кўчирилиб турилади. Абдураҳмонов ҳам Бишкекдаги қамоқхонага вақтинча кўчирилган эди, деди Элеонора Сабатарова.

Расмийнинг билдиришича, айни пайтда Жазони ўташ бош бошқармаси ва махсус прокуратура мазкур ҳолат юзасидан тергов бошлаган. “Абдураҳмонов ўз жонига қасд қилганми ёки бошқа сабаблар билан ўлганми?” деган саволга тергов якунлангач жавоб берилади.

Санпа воқеасида айбланганларга судда ҳуқуқий ёрдам кўрсатган Жалолободдаги “Справедливост” ҳуқуқ ташикилоти фаоли Абдумалик Шарипов мазкур воқеа юзасидан маълумотлар оз эканини, бироқ воқеа тафсилотларини билиш ва ўрганиш Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамлаган бошқа маҳбуслар хавфсизлиги учун муҳим эканини айтди:

- Суриштиришимизга қараганда, Абдураҳмонов Петровкадаги қамоқхонадан Бишкекдаги СИЗОга олиб келиниб, якка камерага қамалган.Эрталаб эса унинг ўлиги топилган. Биз бу борада расмий тафсилотларни сўраб ҳукумат ташкилотларига мурожаат қила олмаймиз. Чунки Абдураҳмонов бизнинг ҳимоямиздаги одам эмас, у ўзига алоҳида адвокатлар олган эди. Абдураҳмонов собиқ милиция ходими бўлган.

Озодлик: Санпа воқеаси юзасидан судланган бошқа маҳбусларнинг аҳволидан хабардормисизлар?

- Қолган маҳбуслар ҳозирча соғ-саломат. Албатта, улар орасида касал бўлганлари бор. Лекин ўлим ҳолати биринчи бўлиб қайд этилаяпти. Ҳозир биз ҳам ташвишдамиз. Тергов якунланишини ва Абдураҳмонов ўлими тафсилотларини кутаяпмиз. Чунки бу воқеа бошқа маҳбусларнинг хавфсизлиги учун ҳам муҳимдир, деди Абдумалик Шарипов.

Қирғизистон президенти фармойишига биноан икки ой мобайнида ишлаб чиқилган Ўш қирғинининг расмий версиясига кўра, Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари (73,3%) ўзбек, 133 нафари қирғизлардир.

Халқаро ташкилотлар Ўш қириғинида айбланиб қамалганларга нисбатан адолатли судлов бўлганини шубҳа остига олиб келади.

БМТнинг Ўшдаги ваколатхонаси расмийси Ренате Фрейхнинг айтишича, мазкур ташкилот вакиллари томонидан 22 жиноят иши юзасидан судланган 102 одамга нисбатан маҳкама жараёнлари кузатилган. Судланувчиларнинг 97 нафари ўзбек, 4 нафари қирғиз ва 1 нафари қозоқ миллатига мансуб бўлган. Тилга олинган 102 кишидан 61 нафари тергов жараёнида турли кўринишдаги қийноқларга солинганлари тўғрисида суд мажлисларида очиқ айтган. Бироқ суд бу баёнотларни қабул қилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG