Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:42

Ангренда шакар заводи қурилади


Ўзбекистонда қанд лавлагиси етиштириш имконияти катта бўлса ҳам шу пайтгача шакарнинг асосий қисми мамлакатга импорт қилинади
Ўзбекистонда қанд лавлагиси етиштириш имконияти катта бўлса ҳам шу пайтгача шакарнинг асосий қисми мамлакатга импорт қилинади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ангрен шаҳрида янги барпо этилаётган саноат индустрия ҳудудида шакар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган завод қурилиши режалаштирилмоқда.

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида янги барпо этилаётган “Ангрен” саноат индустриал ҳудудида қурилиши мўлжалланаётган шакар заводи лойиҳасининг қиймати 108,5 миллион АҚШ доллари миқдорида эканлиги айтилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги иқтисод бўлими ходими Аҳрор Мўминовнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг шу ҳақдаги қарори куни кеча ҳокимликка келиб тушди:

- Бу қарор келди. Завод қурилиши ҳақида қарор чиққан, ҳозир бу қарор бизнинг бошлиғимиз қўлида. Бошлиқ эса иш сафари билан кетган. Келса олиб танишиб чиқайлик, кейин нима эканлигини айтамиз, деди Аҳрор Мўминов.

Ангрен шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими ҳам шундай қарор кутилаётганини тасдиқлади:

- Бу қарор ҳали бизга етиб келгани йўқ. Ҳозирча қаерда қурилиши номаълум. Ё Ангрен ёки Оҳангарон ҳудудида қурилади, деган гаплар бор. Энди бу ҳали лойиҳа, албатта шакар заводи бизнинг мамлакатимиз учун жуда керак, қурилса яхши бўларди, деди Ангрен шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими.

Узметроном Интернет газетасининг ёзишича, бу лойиҳа инвесторлари Welton International Enterprises Pte. Ltd. (Сингапур), Kito Investment Pte. Ltd. (Сингапур) и «SЕID Handelsgesellschaft m.b.H. (Австрия) компанияларидир.

Бироқ, Узметрономга кўра, бу инвесторлар ортида “ватан тараққиёти учун ўз шахсий пулларини тикишга ундалган ўзбек амалдорлари” ҳам турган бўлиши мумкин. Бироқ бу заводга хом ашё қаердан олинади, буниси номаълум бўлиб қолмоқда. Кузатувчилар, завод қурилиб ишга тушган тақдирда ҳам Ўзбекистонда шакар арзонламайди, чунки унинг маҳсулоти ички бозор учун эмас, балки экспорт учун мўлжалланишини айтмоқдалар.

Нархи мавсумга қараб ўзгариб турадиган маҳсулот ҳисобланган шакар Ўзбекистонга асосан Россия ва Украинадан импорт қилинади.

Йилига 300 минг тоннадан кўпроқ шакар ишлаб чиқарадиган Хоразмдаги шакар ишлаб чиқариш заводи ўзбекистонликлар эҳтиёжини қоплай олмайди.

Хоразм шакар заводи 1998 йилда қанд лавлагини қайта ишлаш мақсадида ишга туширилган.
XS
SM
MD
LG