Линклар

Айни кунларда халқ орасида "Ота" номини олган президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон жанубий ҳудудларига "ташрифи" ипидан-игнасигача репетиция қилинмоқда...


Халқ доим Отани кўришга интилади, ўз навбатида у ҳам халқини кўришга иштиёқманд.

Лекин халқни ўз отасидан ажратиб турадиган, уларнинг тез-тез дийдорлашувига монеълик қиладиган омиллар бор. Омиллар шу қадар кўпки, шу қадар кўпаймоқдаки, бунинг саноғига етиш мушкул. Бу ҳақда кейинроқ, ҳозир эса Отанинг жанубга ташрифи ҳақида.

14 июн куни Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Шавкат Мирзиёев бошилигидаги бир гуруҳ раҳбар пойтахтдан мамлакат жанубий вилояти бўлмиш Сурхондарёга учди.

Меҳмонлар вилоят маркази Термиз ва бошқа туманлардаги саранжомлик, Ота билан халқнинг тарихий учрашувига тайёргарликни ўз кўзи билан кўришди. Ота савол берадиган, ота саломлашадиган халқ вакиллари билан сўзлашди. Вилоят фаоллари, депутатлар, жамоатчилик вакилларига “ота ҳузурида” ўзларини қандай тутиш қоидаларини ўргатган бўлишди. “Ҳеч ким қабоқ уймасин, ота ранжимасин, отанинг кўзи ёмон нарсаларга тушмасин” дейишди ҳукумат одамлари.

Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, сенатор Нормўмин Чориевнинг юраги така-пука. Ота хушласа эртагаëқ Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси чақирилиши ва ҳоким вазифасини бажарувчиликдан “ҳоким”ликка ўтиши мумкин. Аксинча, бадном бўлиб “собиқ”лар қаторига ўтиши ҳам мумкин. Отанинг вилоятдаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, ислоҳотларнинг боришидан кўнгли тўлса, кўнгли равшан тортса, ҳаммага яхши. Раҳбарларга ҳам, халққа ҳам. Акси бўлса, ҳатто қўшни Қашқадарё вилояти аҳолисига ҳам қийин.

Чунки ота 15 июннинг ўзида ислоҳотларнинг боришини кўриш, юрт фаровонлигидан сармаст кишилар (яъни, халқ) билан учрашиш учун Қашқадарёга ҳам ўтишни режалаштирган. Бу ерда ҳам тайёргарлик қизғин.

Бош вазирнинг аллақандай ўринбосари бошчилигидаги бир гуруҳ раҳбар бу ердаги тартибга, кўнглисизликлар чиқмаслигига жавобгар. Ота ҳузурида гапирадиган фермерлар бир ойдан бери ўқитилмоқда, бўйи кўкракка урадиган ғаллазор шундай қўриқланмоқдаки, унга пашша ҳам қўнолмайди.

Тайёргарлик зўр, аммо гап отанинг Сурхондарёдан қай кайфиятда қайтишида қолган. Бош вазир буни жуда яхши билади, шу боисдан ҳам Сурхондарёга бор кучни ташлаган. Чунки бу вилоятдан хавотир бор. Ота учрашувлардан аввал халқнинг дарди, унинг шикоятлари борасидаги аҳволни сўраб қолиши мумкин. Сурхондарёликлар анчайин тўпори, бетинг-кўзинг демай ҳаммасини айтиб юбориши, отанинг дилини хира қилиши мумкин.

Қашқадарёда ҳам отанинг таъбини хира қилишга етарли нохуш хабарлар бор. Тунов куни лавозимидан четлатилиб, қамоққа олинган Шаҳрисабз тумани ҳокими Ўктам Хидировнинг терговлар даврида вафот этгани ҳақида миш-мишлар бор. У ҳар ҳолда отанинг одами эди. Агар ота ўзининг эски сафдошини кўраман деб қолса, совуқдан-совуқ миш-мишлар рост бўлиб чиқса, кўринг томошани...

Ота дилхираликни ёмон кўради. Бош вазир, унинг шотирлари буни яхши билишади. Тўғрироғи, отанинг кўнгли хира тортса, нималар бўлишини яхши билишади. Шунинг учун ҳам халқни ўз отаси билан учраштиришдан қўрқишади.

Гапимиз аввалидаги ота ва халқ ўртасидаги масофа менимча ана шу омилнинг шарофатидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG