Линклар

Россия президенти имзолаган 2025 йилгача мўлжалланган Муҳожирлар сиëсати концепциясида малакали муҳожирларни узоқроқ муддатга қолишга рағбатлантириш кўзда тутилади.

Муҳожирлик сиëсати концепциясида меҳнат муҳожирлари оқимининг Россияда тобора қисқараётган ишчи кучи ўрнини тўлдирувчи куч экани тан олинган.

Ҳужжатда шунингдек, 2015 йилга қадар Россияга мигрант ишчилар оқимини йилига 200 мингга ошириб бориш ва мамлакатга доимий келиб ишловчиларни рағбатлантириш кўзда тутилган.

Россиянинг жорий қонунчилигига кўра, келгинди ишчилар мамлакатга фақат қисқа муддатга келиб ишлаши ва ҳар қайси меҳнат мухожири билан иш берувчи узоғи билан бир йилга шартнома имзолаши мумкин.

Янги концепция эса Россияда доимий ишлаш истагида бўлган, Россия жамиятига интеграциялашишни истаган мигрант ишчилар оқимини рағбатлантиришга қаратилган қонунлар қабул қилинишини тақазо этади.

2020 йилдан эса миграция оқимини йилига 250 мингга оширишни ва кўпроқ юқори малакали ишчиларни жалб этиш режаланган.

Мутахассисларга кўра, Россияда ишчи кучи камайиши олдини олиш учун яқин 20 йилда 12 миллион меҳнат муҳожири жалб этилиши лозим бўлади.

- Ниҳоят ҳукумат миграцияни ижобий ҳол сифатида тан олишни бошлади. Россия янги қон, янги меҳнат ресурсларига муҳтож, дейди Москвадаги Мигрант ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази раҳбари Баҳром Ҳамроев.

Россияга йилига 13-14 миллион хорижлик келади. Улардан 80 фоизга яқинини эса, МДҲ давлатлари фуқаролари, жумладан ўзбекистонликлар ташкил этади.

Мамлакатда, шунингдек яна 5 миллионга яқин ноқонуний муҳожир бор.

Ўз рўзғорини тебратиш учун Россияда тер тўкаётган ўзбекистонликлар аксари рўйхатдан ўтмай ишлаши боис улар сони ҳақида аниқ рақамлар йўқ. Норасмий манбаларга кўра, Россияда ишловчи ўзбекистонликлар сони 5-6 миллион атрофида.

Россия расмийлари меҳнат муҳожирлари жалб этилиши лозимлигини тан олишса-да, жамиятда уларга бўлган муносабат ҳамон мураккаблигича қолаётир.

Асосан Марказий Осиё мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирлари Россияда аксарият ҳолатларда кам иш ҳақи тўланадиган, маҳаллий аҳоли ўзига эп кўрмайдиган "қора ишлар"ни бажаришади ва деярли ҳар қадамда камситишга дучор бўлади.

- Бир томонда Россия фақат россияликлар учун, деган шиори бор буларнинг. Лекин барибир булар шу муҳожирларсиз бир кун ҳам яшай олмайди, ҳукуматнинг муҳожирларга йўл очиб бермасдан иложи йўқ, дейди Баҳром Ҳамроев.

Аввалроқ, Россия Федерал Миграция хизмати мамлакатга ишлагани келаётган меҳнат муҳожирлари учун рус тилидан ягона давлат имтиҳонига ўхшаш имтиҳон жорий этиш масаласини кўриб чиқаётганини билдирган эди.

Федерал Миграция хизматига кўра, Россияга келаëтган муҳожирлар оқимининг 22 фоизи Украина, 14 фоизи Ўзбекистон, 11 фоизи Қозоғистон, 7 фоизи Тожикистон, 5 фоизи Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади.

Россиядан Ўзбекистонга пул оқими 35 фоизга ортган

Россия Марказий банкига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга жами 850 миллион доллар жўнатилган. Бу ўтган йилнинг айни шу даврига қараганда қарийб 20 миллионга кўпдир.

Ўзбекистонга жўнатилаётган пуллар ҳажмининг ортиши Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг кўпайгани билан изоҳланади.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, айнан меҳнат муҳожирлари оилаларига юбораётган пул жўнатмалари Ўзбекистон иқтисодини дефолтдан қутқармоқда ва жамиятдаги тарангликни юмшатувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

- Агар ўзбекистонликлар Россиядан ватанларига икки ой пул жўнатишмасин у ерда "Араб баҳори" бўлиши тайин, дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳозирда Россияда ватанга пул жўнатиш бўйича ўзбекистонлик муҳожирлар биринчи ўринда.

Россия Марказий банки Western Union, MoneyGram, UNIStream, Contact, InterExpress, Migom ва "Почта России" сингари йигирмага яқин муассасалардан олинган ҳисоб-китобларга таянган ҳолда Ўзбекистонга ўтган йили 4,3 миллиард АҚШ доллари жўнатилгани ҳақида маълум қилди.

Ўзбекистонликларнинг бошқа ширкат хизматларидан фойдаланиши, ёки бўлмаса мардикорлар орасида "Eastern Union" деб аталувчи восита - таниш-билишлар орқали уйларига пул маблағлари юборишлари ҳам инобатга олинса, Ўзбекистонга жўнатилаётган маблағлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Ўзбекистон расмийлари четдаги меҳнат муҳожирлари жўнатаётган маблағлар миқдорини очиқламайди. Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлари жўнатаётган маблағларнинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни борасидаги статистик маълумотлар ҳам жамоатчиликка ошкор этилмайди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, меҳнат муҳожирлари четдан юбораётган маблағлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини ташкил этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG