Линклар

logo-print

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун этник ўзбеклар номидан Бишкекка жўнатилган кўплаб аризаларни текшириш учун Ўшга борди.

Июн қирғинидан икки йил ўтиб Ўшга борган Турсунбек Акун асосан ўзбеклар зич яшайдиган мавзеларда ва қишлоқларда аҳоли билан учрашувлар ўтказди.

Қирғизистон Омбудсменининг айтишича, Бишкекка юборилган шикоятларнинг асосий қисмини ўзбеклар ёзмоқда. Шунинг учун ҳам Турсунбек Акун Ўшда асосан этник ўзбеклар билан учрашувлар ўтказишни режалаган экан.

- Ўшга келганимнинг асосий сабаби, ўтган бир ой мобайнида ўшлик ўзбеклардан Омбудсмен идорасига 37 та ариза келди. Бу аризаларда ўзбеклар ҳуқуқи паймол қилинаётгани, айрим милиция ва суд ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари, бозорларда уларнинг пуллари ва мулклари тортиб олинаётгани ҳақида гап боради,- деди Турсунбек Акун.

Омбудсменнинг билдиришича, аҳоли билан учрашувлар чоғида қирғиз бизнесменларидан бири олтмиш нафар ўшлик ўзбекдан “Кореяга ишга жўнатаман”, деб 2000 минг доллардан пул йиғиб олгани, яна бир ўзбек тадбиркоридан эса 32 минг долларни алдов йўли билан олгани тасдиқланган. Бироқ орадан беш ой ўтган бўлса-да, пул берганларнинг ишлари ижобий ҳал этилмаган.

Турсунбек Акун Омбудсмен институти вакиллари пул йиғиб олган бизнесменни топиб учрашгани ва пулларни эгаларига қайтариб бериш учун муддат белгилаб қўйганини айтди. “Агар пуллар ўз вақтида қайтариб берилмаса, биз бу ишни Бош прокуратурага ўтказиб беришимиз ҳақида бизнесменга расмий огоҳлантириш бердик”, деди Омубудсмен.

Турсунбек Акун этник ўзбеклардан олинган аризаларнинг асосий қисми тасдиқланганини ҳам айтиб ўтди.

- Менга келиб тушган аризаларнинг асосий қисми тўғри экани аниқланди. Баъзи жойларда ишхоналар босиб олинган экан, баъзи бозорларда савдогарларнинг контейнерлари тортиб олинган, ўзлари эса қувғин қилинган. Ҳуқуқ-тартибот органларининг айрим ходимлари томонидан ўзбекларнинг уй-жойлари тортиб олингани ҳақида ҳам фактлар бор. Мана шундай ҳолатлар ҳақиқатдан бўлгани тасдиқланди. Бироқ айрим аризалар тасдиқлангани йўқ, -деди Турсунбек Акун.

Қирғизистон Омбудсменининг айтишича, тасдиқланган аризалар юзасидан текширув ишлари олиб борилади. Барча далиллар йиғилганидан сўнг мазкур ишлар жиноят ишлари очиш учун прокуратурага ўтказиб берилади.

Турсунбек Акун Ўшда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар кўп эканини таъкидлади:

- Муаммо жуда кўп, уларни ҳал этиш керак. Жабрланганларга уй қуриб бериш, твон пули тўлаш билангина муаммолар ҳал бўлиб қолмайди. Бу йўналишда қаттиқ ишлаш керак. Аммо мени Ўшда бир нарса жуда хурсанд қилди: шаҳарда ўзбеклар ва қирғизлар аралашиб юрибди. Қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам учрашувларимизда:”Бўлиб ўтган воқеларда оддий ўзбек билан қирғизнинг гуноҳи йўқ. Биз доимо бирга яшаб келган халқмиз”, деб айтишмоқда. Мана шу ҳолат мени қувонтирди, -деди Турсунбек Акун.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG