Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:15

Россия АҚШ ҳарбий техникасининг Марказий Осиëда қолишидан ташвишда


2014 йил охирига бориб Афғонистондан чиқиб кетишга ҳозирланаëтган АҚШ ва НАТО бу мамлакатга олиб кирилган улкан миқдордаги ҳарбий техникасининг каттагина қисмини Ўзбекистон¸ Қирғизистон ва Тожикистонда қолдиришни режаламоқда.

“Коммерсант Ъ” газетасининг 15 июн куни ëзишича¸ айни кунларда бу масалада Тошкент¸ Бишкек ва Душанбе расмийлари билан яширин музокаралар давом этмоқда.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар билан Москванинг орқасида ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга имкон берувчи бундай режа амалиëти¸ “Коммерсант Ъ” гаплашган Россия дипломатик доиралари вакилларига кўра¸ Кремл учун мутлақ қабул қилиб бўлмас сценарийдир.

“Коммерсант Ъ” газетасининг минтақадаги ҳарбий манбаларига таяниб туриб билдиришича¸ Пентагон 2014 йилдан кейин Афғонистондаги АҚШ қўшинлари ишлатиб келган ҳарбий техниканинг бир қисмини Афғонистонга қўшни бу уч давлат ҳукуматларига беғараз бермоқчи¸ бир қисмини эса¸ “масъулият билан сақлаб туриш учун” қолдирмоқчи.

Газета манбаларига кўра¸ совға қилинадиган ва сақлашга қолдириладиган ҳарбий техника ичида зирҳли машиналар¸ танк ташиладиган трейлерлар¸ шатакчи танклар¸ кўчма ëнилғи қуйиш воситалари¸ грейдерлар¸ бульдозер ва сув ташувчи цистерналар бор.

Шунингдек¸ АҚШ Мудофаа вазирлиги Афғонистон қўшниларига тиббиëт ускуналари¸ алоқа ва ўт ўчириш воситалари¸ ҳатто кўчма спорт заллари ва ҳарбийлар ҳаëти учун керак бўлган бошқа ускуналарни ташлаб кетмоқда.

“Коммерсант Ъ” газетасининг Бишкекдаги манбалари Пентагон билан бу масалада музокаралар кетаëтганини тасдиқлаган.

13 март куни Бишкекка қилган сафар қилган АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта Америка қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг қирғиз армиясини жанговар техника билан жиҳозлаш масаласини бафуржа муҳокама қилишни таклиф этган¸ деб ëзади Россия нашри.

Ҳозирда Афғонистонда АҚШ ва НАТО га аъзо давлатларнинг 130 мингдан ошиқ қўшини жойлашган. Айтилишича¸ улар ихтиëрида 6900 дона БТР¸ миналардан ҳимояланган 8000 дона бронемашина¸ 10 000 дан ошиқ жип машиналари бор.

Ҳарбий таҳлилчиларга кўра¸ АҚШ учун кўп сонли оғир ҳарбий техникани Афғонистондан Америкага қайтариб олиб кетиш¸ иқтисодий жиҳатдан ўта серхаражат иш. Айрим маълумотларга кўра¸ ноябр ойидан бери Афғонистонга транзит йўлини ëпиб қўйган Исломобод ҳукумати чиқиш транзити нархини 20 баробарга оширган ва ўз ҳудудидан ўтадиган ҳар бир контейнер учун 5000 доллар ҳақ сўрамоқда. Ҳозирча Марказий Осиë республикалари¸ хусусан Ўзбекистон ҳукуматининг транзит учун қанча ҳақ сўраëтганига оид маълумот ошкор қилинмаëтир.

Россиялик мустақил ҳарбий таҳлилчи Александр Гольц¸ АҚШнинг ўз ҳарбий техникасини Афғонистонга туташ мамлакатларда қолдириш режаси соғлом ақл ва оддий ҳисоб-китоб устига қурилганини айтади.

- Бронетехника ва ҳар турли бошқа машиналарни Америка ва Европага қайтариб олиб кетиш ниҳоятда қиммат иш. Шу боис¸ оғир техниканинг катта қисмини минтақада қолдириш рационал иқтисодий жиҳатдан тўғри қарордир¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Александр Гольц.

Кузатувчиларга кўра¸ Афғонистонда Толибоннинг ҳокимиятга келиш эҳтимоли кучайиб бораëтган бир пайтда¸ Пентагон оғир ҳарбий техникани минтақадан бутунлай олиб кетишнинг мақсадга мувофиқ эмаслигини англамоқда. Шу боис¸ Афғонистондаги вазият назоратдан чиққан тақдирда фойдаланиш мақсадида АҚШ ўз ҳарбий техникасининг асосий қисмини Афғонистонга қўшни давлатлар ҳудудида қолдириб кетишни лозим топмоқда.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Александр Гольц¸ аслида Пентагоннинг Афғонистондан чиқариладиган оғир ҳарбий техниканинг каттагина қисмини¸ ҳар эҳтимолга қарши¸ Марказий Осиëда қолдириши¸ хавфсизлик хавотирларидан келиб чиқилса¸ Россия манфаатларига хизмат қилажагини айтади. Зотан¸ 2014 йилдан кейин Афғонистонда Толибон таъсири кучайса¸ бу радикал гуруҳларнинг бу мамлакатни яна ўз асосий базасига айлантиришини англатади. Бундай вазиятда МДҲ жанубий сарҳадларини АҚШ ҳарбий техникаси воситасида ҳимоя қилиш¸ Россия хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади¸ дейди россиялик таҳлилчи.

Аммо бу жараëнда Кремл нафсониятига тегаëтган жиҳат¸ Россия ҳамон ўз таъсир доирасида деб биладиган Ўзбекистон¸ Қирғизистон ва Тожикистоннинг АҚШ ва НАТО билан Москвани четлаб ўтиб¸ Ғарб билан ўзаро ҳарбий ҳамкорликни кучайтираëтганидир.

- Россия ҳарбий амалдорлари назарида¸ ҳарбий техникасини Марказий Осиëда қолдирганидан сўнг минтақа ҳарбийларини бу техникадан фойдаланишга ўргатиш учун америкаликлар ўз инструкторларини қолдиради. Бу эса¸ рус генераллари фикрича¸ маҳаллий ҳукуматлар билан Пентагон ўртасида россиядагилар кўзидан панада ҳарбий ҳамкорликнинг мунтазам йўлга қўйилиши ва кучайишини англатади. АҚШ ҳарбий техникасининг Марказий Осиëда қолиши Россия учун мутлақ қабул қилиб бўлмас сценарийдир¸ дейиш билан москвадагилар ана шундай ҳарбий ҳамкорлик истиқболини назарда тутмоқдалар¸ дейди россиялик мустақил ҳарбий таҳлилчи.

Аслида бу жараëнда хавотирга асос бўладиган асосий жиҳат¸ Америка ва НАТО қолдирадиган ҳарбий техниканинг Марказий Осиë режимлари томонидан қанчалик масъулият билан¸ қайси мақсадларда ишлатилишини назорат қилишдир¸ деб давом этади Гольц.

"Араб баҳори"га ўхшаш халқ қўзғолонлари юзага чиқса¸ масалан Ўзбекистон ҳукуматининг Америка ҳарбий техникасидан ўз халқига қарши фойдаланишини эҳтимолдан соқит қиладиган бирор механизм йўқ.

Шу боис¸ америкаликлар бу жараëнда ўта эҳтиëткор бўлишлари ва минтақада қолдириладиган ўз ҳарбий техникасининг фақат ташқи хатарга қарши ишлатилишини кафолатлаши лозим¸ дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG