Линклар

“Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборовнинг яқинда нашрдан чиққан китоби шундай номланади. Бу саволга жавоб топиш мақсадида Озодлик муаллифни суҳбатга таклиф қилди.


Ўзбекистонлик журналист, “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборовнинг “Ўзбекистонда ким яхши яшайди?” китоби яқинда нашрдан чиқди.

Китоб муаллифнинг кейинги йилларда ёзилган мақола ва ҳикояларидан иборатдир.

“Ўзбекистонда ким яхши яшайди?” муаллифи Озодлик мухбирининг мазкур китоб сарлаҳвасида қўйилган савол муносабати билан суҳбатлашишга рози бўлди.


Озодлик: Сизнинг назарингизда шу кунда яхши яшамоқ¸ дегани нимани англатади?

- Мен сизнинг саволингизга ўша китоб ичида “Ўзбекистонда ким яхши яшайди?” деган сарлавҳа бор. Китобдан ташқари ичида мақола бор. Ўшанда яхши яшаш нима эканлиги ва кимлар яхши яшаëтганлиги ҳақида ëзганман. Яхши яшаш бу тўғри яшаш, ҳалол меҳнатга топган нарса билан фаровон яшаш.

Озодлик: Фаровонлик нимадан иборат? Масалан¸ Америкада ўзининг стандартлари бор. Алоҳида уйи бўлиши керак, машинаси бўлиши керак, иши бўлиши керак деган стандартлар борда. Бугунги стандартлар совет давридаги ëки 1913 йилдаги стандартларга тўғри келмайди. Ўзбекистонда бугунги стандартлар нималардан иборат?

- Энди бу авваламбор инсоннинг маънавияти билан боғлиқ деб тушунаман мен ўзим. Инсон ўзи ҳалол, пок бўлса, фарзандларини ҳам мана шу руҳда тарбияласа, қолган ҳамма нарса бўлаверади¸ деб ўйлайман. Энди Американинг стандартлари бизнинг стандартларга тўғри келмайди. Американинг қараши бошқа, бизнинг қарашимиз бошқа. Кимлардир орзу қилади ўша Американинг фаровон нималарини. Мен ўзимнинг Ўзбекистонимдан кўра бошқа жойни тасаввур қила олмайман ўзим яхши яшашни. Абдулла Орипов айтганку “сийланган жойида азиздир инсон”. Мен ўзимнинг юртимда ўзимга яраша нуфузим бор, мавқейим бор, обрўйим бор.

Озодлик: Бу масаланинг маънавий жиҳатлари. Мен Подробно.уз сайтидаги сизнинг китобингиздан келтирилган таржимадан келиб чиқиб гаплашаяпманда. Барибир қандайдир бир моддий бойликлар ўлчами ҳақида ҳам гап кетаяптида энди. Яхши яшаш деганда уй, ўзининг уйи, машинаси назарда тутиладими¸ йўқми?

- Албатта. Уйи бўлиши керак яхши, фаровон яшаëтган одамнинг. Булар¸ албатта бўлиши керак, лекин сиз аллақандай, мана Россияда олигархлар деймиз, бизда ҳам бор бойваччалар, бойлар, уларнинг мезони билан ўлчамаслик керак¸ деб ўйлайман. Ўзбекистондаги ўртача одамнинг ҳаëти яхши¸ деб ҳисоблайман. Ўзим ҳам ўшанга мансубман деб ҳисоблайман.

Озодлик: Шу кунда Ўзбекистонда ўртача одамнинг бисотида нималар бор?

- Энди бунинг учун социологик тадқиқот ўтказиш керак. Сўровнома тарқатиш керак одамларга, аниқлаш керак. Лекин яшаш учун нима керак бўлса, шу нарсалар бор¸ деб ўйлайман ўртача одамда.

Озодлик: Ўзбекистон телевидениесини кўрамизда. Видеофилмларда кошона саройлар кўрсатилади. Мана кеча ҳам кўрдим. Жуда ҳам катта саройда. Бу ўзбекистонликнинг ўртачасининг уйими ëки энг бадавлатнинг уйими?

- Агар кеча кўрганингиз “Туташ тақдирлар” сериали ҳақида гап кетаëтган бўлса, “Туташ тақдирлар”да Мирсаид деган фирма раҳбарининг хонадонини кўрсатади. Тўғрими?

Озодлик: Тўғри.

- Демак, у ўртача одам эмас. Ўртачадан баланд даражада яшайдиган одам. Бу табиий. Бундан ажабланмаслик керак. Мен табиий деб тушунаман.

Озодлик: Сиз китобингизда ўзбекнинг, ўзбекистонликнинг фаровонлиги фақат ва фақат ўзининг ҳаракатига боғлиқ¸ агар ҳаракат қилса, фаровон яшайди, бўлмаса йўқ, деган фикр уқтирилаяптида. Давлатнинг ҳеч қандай алоқаси йўқми ҳозир? Фақатгина шахснинг ўзига боғлиқми?

- Йўқ, давлатнинг ҳам алоқаси бор. Фақатмас, абсолют, мутлақ фикр айтганим йўқ. Мен асосан ўзига боғлиқ¸ деб айтаяпман. Давлат тўғри ишлаб тўғри даромад олишга ўзининг фуқароларига имконият яратиб бериши, амалдаги қонунлар, шароитлар, ҳуқуқий замин давлат таъминлаши керак албатта. Давлатнинг ҳам зиммасида катта нима ëтади. Давлат шунга имкон бериши керак бой бўлишга, яхши яшашга.



Энди икки оғиз сўз Шуҳрат Жабборовнинг “Ўзбекистонда ким яхши яшайди” китоби мазмуни тўғрисида.

Подробно. уз сайти китобдан бир парчанинг русча таржимасини эълон қилди.
Парча муаллифнинг хизмат сафарлари чоғидаги кузатишлари баёни билан бошланади.

“Энг олис туманлар, қишлоқларда ҳам одамлар бунёдкорлик билан шуғулланаётганидан, уларнинг фаоллиги ва ишбилармонлигидан қалб қувонади”, деб ёзади Шуҳрат Жабборов.

Лекин уни баъзиларнинг “ҳануз эски қарашлардан қутулолмаётгани, ҳар бир соҳада давлатдан ёрдам кутиб яшаётгани” ўкинтиради.

Китоб автори ўз хаёлидан ўтган ўйни мана бундай ифодалайди: “Шундай оилалар борки уларнинг дастурхонини тансиқ мевалар, Африкадан келтирилган бананлар безайди. Айни пайтда шундайлар ҳам борки, топганини учма-уч етказади, нонни охирги пулига сотиб олиб ейди”.

Муаллиф қишлоқларда ўтказган суҳбатларига таяниб ёзадики, фаровон яшаётганлар яратилган имкониятлардан унумли фойдаланганини айтсалар, яхши яшай олмаётганлар ўзларининг ишёқмасликларини ёпиш учун ҳасрат қилишдан бошқа нарсани билмайди.

Муаллиф ҳасрат қилганлардан бирининг ҳовлисига киргани, унинг 8 сўтихли томорқаси экилмай ётганини кўрганини ёзган.

Айни пайтда китоб муаллифи фаровон яшаётганлар сифатида тошкентлик гулчиларни тилга олган. “Бир қарич ер ҳам уларга даромад келтиради”, деб ёзган Шуҳрат Жабборов.

Подробно. уз эълон қилган парчадан бир узиндини тўлалигича келтирамиз.
“Хўш, Ўзбекистонда ким яхши яшайди? Мен бу саволни турли минтақаларда турли кишиларга бердим. Аввалига мен одамларнинг аксарияти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёки давлат муассасалари амалдорларини яхши яшайди дейишади, деб ўйлаган эдим. Ишонсангиз, ҳеч ким эътиборни касб-ҳунарга қаратмади, балки мана бундай жавоб беришди: бизда ўзи яхши кўрган иши билан шуғулланган одам яхши яшайди; ўз фарзандларини меҳнатсевар қилиб ўстирган ва даромадини ҳалол топишни биладиган одам яхши яшайди; нимага қобил эканлигини билан ва қобилиятларидан самарали фойдаланадиган одам яхши яшайди; топган-тутганини оилавий тантаналарга ва савоб ишларга сарфлайдиган саҳий одам яхши яшайди; фаол, меҳнатсевар, ишбилармон одам яхши яшайди ”, деб ёзади Шуҳрат Жабборов.

Унинг фикрича, “Ўзбекистон мустақиллиги фуқароларга даромад топишнинг сон-саноқсиз кўп йўллари ва шаклларини тақдим этди. Қонун ҳеч кимга даромад топишни чегараламайди”.

(Шуҳрат Жабборовнинг “Ўзбекистонда ким яхши яшайди” китобидан олинган узиндилар матни рус тилидан ўзбек тилига қайта ўгирилгани учун улар оригинал матндан бироз фарқ қилиши мумкин)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG