Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:26

Мусулмон биродарлиги ҳарбийларни огоҳлантирди


Мусулмон Биродарлиги партиясининг президентликка номзоди М.Мурсий.
Мусулмон Биродарлиги партиясининг президентликка номзоди М.Мурсий.

Миср Олий конституциявий судининг аксар ўринларни исломчилар эгаллаган мамлакат янги парламентини тарқатиб юбориш қароридан сўнг Мусулмон биродарлиги "хатарли кунлар”дан огоҳлантирди.


Миср Олий конституциявий суди сайлов ҳақидаги қонуннинг айрим бандларини конституцияга зид топиб, ўша қонун асосида сайланган парламентни тарқатиб юбориш ҳақида қарор чиқарди.

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилиши арафасида тайинланган Олий конституциявий суд аъзолари 14 июн куни чиқарган қарорда мамлакатни бошқараётган собиқ Бош вазир Аҳмад Шафиқнинг ўз вазифасини давом эттириши мумкинлиги билдирилган.

Собиқ президент Ҳусни Муборак ўтган йил бошида ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин мамлакатни бошқаришни ўз қўлига олган Олий ҳарбий кенгаш 2012 йил январ ойида ўз салоҳиятларини янги парламентга топширган эди.

Олий конституциявий суднинг пайшанба кунги қароридан сўнг салоҳият яна Олий ҳарбий кенгаш қўлига ўтди.

Мисрлик фаоллар суд қарорини Олий ҳарбий кенгашнинг ўз салоҳиятларини муқимлаштириш ва кенгайтириш уриниши сифатида баҳолаб¸ унинг оқибатларидан хавотир билдирмоқда.

Олий конституциявий суд қарори Мисрда президентлик сайловининг иккинчи босқичи ўтказилишига икки кун қолганида эълон қилинди.

16-17 июн кунги сайловда Миср президенти лавозими учун Мусулмон биродарлиги партияси номзоди Муҳаммад Мурсий муваққат Бош вазир Аҳмад Шафиқ билан куч синашади.

Мурсий шанба ва якшанба кунлари бўладиган президентлик сайловининг иккинчи босқичида ҳар қандай сохтакорликка йўл қўйилиши инқилобга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди.

- Биз сайловолди юришимизни давом эттирамиз ва сайлов жараёнини диққат билан кузатамиз. Агар сохтакорлик аниқланса, оқибати инқилоб, жиноятчилар ва уларни ҳимоя қилаётганларга қарши инқилоб бўлишини биламиз. (2011 йил) 25 январ кунги инқилобда қўйган мақсадимизга тўлиқ эришмагунимизча инқилоб давом этади, дея баёнот берди исломчилар номзоди Муҳаммад Мурсий.

Айни пайтда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Миср Олий ҳарбий кенгашини демократик ислоҳотларни амалга оширишга чақирди.

- Олий ҳарбий кенгаш Миср халқига берган ваъдаларини бажариши орқали биз ҳокимият тўлалигича демократик йўл орқали сайланган фуқаролик ҳукуматига топширилишини кутаяпмиз. Миср халқи талаб қилган, демократияга ўтиш йўлидан ортга қайтиб бўлмайди, деди АҚШ Давлат котиби.

Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд Вашингтон Миср Олий конституциявий суди чиқарган қарорни ўрганаётгани ва бу борада ҳозирча шарҳ бера олмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG