Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:20

Россияликлар учун Ўзбекистон "душмандан" кўра "дўстроқ"


Россияда меҳнат муҳожирларининг аксар кўпчилиги ўзбекистонликлар бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон Россия жамоатчилик фикрида унчалик акс этмайди.
Россияда меҳнат муҳожирларининг аксар кўпчилиги ўзбекистонликлар бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон Россия жамоатчилик фикрида унчалик акс этмайди.

Россиядаги “Левада” ижтимоий тадқиқот маркази мамлакатнинг 45 минтақасида россияликларнинг турли давлатларга бўлган муносабатини ўрганди. Сўровда қатнашган 1600 дан ошиқ россияликдан қайси мамлакатни Россияга нисбатан дўстона, қайсиниси душманона муносабатда деб ҳисоблайсиз, деб сўралди. Сўров иштирокчилари дўстлар орасида биринчи ўринга Беларусни, “1-рақамли душман” мақомига эса Грузияни қўйдилар. Ўзбекистон дўстлар орасида 15, ғанимлар орасида 43 ўринни эгаллади.

Жорий йил 25-29 май кунлари Россиянинг 45 минтақасидаги 130 аҳоли пунктида ўтказилган сўровда 18 ёшдан юқори бўлган 1604 киши иштирок этди. “Левада” ижтимоий фикр маркази сўров натижалари репрезентативлигини таъминлаш мақсадида шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги мувозанатни ҳам сақлади.

Сўров муаллифларидан бири “Левада” маркази директор ўринбосари Алексей Гражданкин Озодлик билан суҳбатда бу каби сўровлар олти йилдан бери ўтказилишини айтади. Йилда бир ўтказиладиган сўровдан мақсад, дейди социолог, Россия ҳукуматининг бошқа давлатларга нисбатан сиёсати жамоатчилик фикрига қандай таъсир қилишини ўрганишдир.

- Бу сўров натижалари Россия аҳолисининг бошқа давлатларни қандай қабул қилишлари, яъни уларни Россияга нисбатан дўстона ёки душманона мамлакат сифатида қабул қилишларига оид фикр қай даражада ўзгариб туришини кўрсатади. Россия раҳбариятининг ташқи сиёсати ўзгариши ва бошқа ходисалар, масалан, у ёки бу давлатнинг Россия ҳукумати эълон қиладиган рейтингларда эсланишига қараб россияликларнинг қарашлари ҳам йилдан-йилга ўзгариб туради. Ва тадқиқотдан мақсад бу фикрни кузатиб боришдир, дейди социолог.

“Левада” маркази Интернет сайтида сўровга доир жадваллар эълон қилинди. Бу жадвалларга кўра, сўров қатнашчилари Россияга нисбатан дўстона муносабатда бўлган давлатлар биринчи бешлигига Беларус, Қозоғистон, Германия, Хитой ва Украинани қўйган.

Душманона муносабатдаги давлатлар рейтингининг юқорисидан эса, Грузия, АҚШ, Латвия, Литва ва Эстониялар ўрин олди.

Ўзбекистон “Левада” маркази эъолн қилган жадваллардан ўрин олмаган. Лекин Алексей Гражданкиннинг айтишича, аслида респондентлар Ўзбекистон ҳақида ҳам фикр билдирган.

- Бу йилги сўровда дўстона муносабатда бўлган, иттифоқчи мамлакатлар орасида Ўзбекистон 15 ўринни эгаллади, бу Венесуэла ва Қирғизистон ўртасида. Россияга нисбатан душманона муносабатдаги мамлакатлар рўйхатида эса, Ўзбекистон 43 ўринга қўйилди, яъни бу рўйхатнинг энг охирида.

Россия сиёсати ва матбуотида Ўзбекистонга нисбатан камроқ эътибор қаратилгани бу мамлакатнинг Россия жамоатчилик фикрида на биринчи, на иккинчи тоифада унчалик акс этмайди, дейди социолог. Масалан, унинг айтишича, МДҲ аъзоларини санаб беринг деган саволга, россияликларнинг ўртача 25 фоизи Ўзбекистонни эслай олади холос.

Алексей Гражданкиннинг айтишича, “Левада” маркази Ўзбекистонда ҳам бу каби сўровни ўтказиш истагини билдирган, лекин бу мамлакатда сиёсий хусусиятга эга тадқиқотларни ўтказиш имконсиздир.

Лекин Ўзбекистоннинг ўзида ҳам бу каби тадқиқотларни амалга оширадиган марказ бор. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Ўзбекистонда жамоатлик фикри” номли сўровда ўхшаш мавзулар кўтаради. “Ўзбекистонда миграция ва иммиграция” номли сўров саволларидан бири - “қайси мамлакат Ўзбекистонга дўстона муносабатда” мазмунидаги савол “Левада” маркази сўровидаги саволнинг айнидир.

“Ижтимоий фикр” марказининг собиқ ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўзбекистонликлар дўстона мамлакат деб биринчи навбатда Россияни тан олишади, дейди. Россия шунингдек ўзбекистонликлар наздида ишлаш учун энг қулай мамлакат ҳисобланади, дейди ўзбекистонлик тадқиқотчи.

Айни пайтда, унинг айтишича, ўзбекистонликлар доимий яшаш учун кўчиб кетадиган мамлакатлар сирасида АҚШ ва Европа мамлакатларини маъқул кўришади.
XS
SM
MD
LG